ЎзА Ўзбек

02.08.2018 18:13 Чоп этиш версияси

Болалар уйининг нолалари

Болалар уйининг нолалари
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир шароитларда яшовчи, даромади кам оилалар давлат ҳимоясидадир. Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётган шу кунларда кичик муаммолардан катта фожиа ясаб, фарзандидан воз кечиш кечирилмас жиноятдир.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли А.П.Хлебушкина номидаги 22-Меҳрибонлик уйида бизни маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Хурсаной Холова қаршилади.

У менга ҳамроҳ сифатида тарбиячи Шоҳиста опани бириктириб берди. Биз болалар олдига кетдик. Тарбиячи йўл-йўлакай болаларнинг дарс қиладиган хоналари, дам олиш ва маънавий ҳордиқ чиқариш хонаси-ю ётоқхоналари билан таништирди.

Бир гуруҳ болалар ўтирган хонага кирдик. Хона замонавий усулда жиҳозланган, катта телевизор қаршисида болалар қизиқарли кўрсатув томоша қилишарди.

Хорижни орзу қилиб, қайтолмаган оналар...

Ўзини Абдулазиз деб таништирган болакай секин келиб пинжимга тиқилди. Уни гапга солдим.

– Менинг ойим узоқда қолиб кетди. Мен бу ерга келаётганимда ойим совқотиб ухлаб қолган эди. Мен ойимни олдига қайтиб кетиш учун пул йиғаяпман. Боргунимча ойим совқотиб, оч қолиб кетади. Шунинг учун Худодан ҳар куни тезроқ катта қилишини сўраяпман.

Тарбиячи Шоҳиста опанинг айтишича, Абдулазизнинг онаси боласини олиб, Таиландга ишлаш учун кетади. У ерда она-бола оч қолиб, ночор ва азобли кунларни бошидан кечирган. Балки аёл шу йўқчиликка тоқат қилолмагандир, балки бошқа дарди бўлгандир, хуллас бизга номаълум сабабларга кўра ўзини ва боласининг жонига қасд қилмоқчи бўлади. Аёл воқеа жойида вафот этган, Абдулазиз Ўзбекистоннинг Таиланддаги элчихонаси кўмагида юртимизга қайтарилган.

– Абдулазиз илк келганида жуда нимжон, қаровсиз аҳволда қолиб кетганлиги кўриниб турарди, – дейди унинг тарбиячиси.

Агар имкони бўлганида, бу болакайнинг узоқдан иш қидириб, яхши яшаш истагида хорижга кетиб, нега аянчли аҳволга тушиб қолгани борасидаги саволларга жавоб излаб кўрган бўлардик.

Тарбияланувчилар орасида юрган 5-6 ёшлардаги Бону исмли қизалоқда ҳам шунга ўхшаш тақдир. Бонунинг онаси Ҳиндистонда нима иш қилишини ҳеч ким билмайди. Бону айни пайтда касал, ёрдамга муҳтож. Унинг жажжи оёқчаларидан бирида қуриш бошланган. Хурсаной опанинг таъкидлашича, Меҳрибонлик уйи раҳбари мутасадди ташкилотлар билан боғланиб, Бонунинг оёғини операция қилишда кетадиган маблағ учун амалий ёрдам сўраган. Аммо боласининг касаллигидан хабардор онаси қизининг аҳволига қизиқиб кўрмаган. Касал қизи тақдирига бефарқ бу аёлни ҳам топишнинг иложи бўлмади.

“Менга ота-онам керак эмас, укам менсиз қийналади. Укамни шу ерга олиб келайлик!

Рўпарамда менга савол назари билан термулиб турган рангпар, озғин Абдуқодир исмли боланинг ҳам оҳи оламни тутади.

Абдуқодирнинг ўтмиши ҳам аянчли. Ота ҳам, она ҳам тирик. Аммо иккиси икки ёқда. Онаси анча йиллар илгари ишлаш мақсадида хорижга кетган, болаларидан воз кечган отаси ичкиликка ружу қўйган. Меҳрибонлик уйи ходимларининг айтишича у болалари тугул, ўзиниям унутган. Оғир муҳитда ўсган Абдуқодирнинг инжиқ феъли ўзгаришига руҳшунос кўриги ҳам таъсир қилмаяпти. Унинг болалар уйига келиб қолиши сабаблари кўрсатилган ҳужжатга кўра, Абдуқодир онаси ва отасидан айрилгач, укаси билан кекса бобоси қарамоғида қолади. Иккита вояга етмаган болани боқолмаган кекса бобосининг аризасига кўра, Абдуқодир болалар уйига келтирилган.

Психологнинг айтишича, тарбияси оғир муҳитда ўсган, ота-онанинг жанжалларига гувоҳ бўлган, бу ҳам етмагандек, оиласидан айрилиб, бу ерга келтирилган Абдуқодир мослашув давридан ҳамон ўтиб кетолмаяпти.

– Менга ота-онам керак эмас, менга укамни олиб келиб беринглар, бобом кекса, укам ёш, укамга бобом қарай олмайди, укам менга жуда ўрганиб қолган эди, – дейди Абдуқодир.

Ўз фарзандини дунёга келтирган ота-она улар тақдирини ўйламайди, аммо болалар бир-бирларининг аҳволини ўйлаб, ачиниб, бир-бирига талпинади. Абдуқодир Меҳрибонлик уйидаги болаларнинг кичкина бўлиб қолган кийимларини-ю, ўйинчоқларини укаси учун йиғиб юраркан. Абдуқодир қўл меҳнатига жуда қизиқади. У тайёрланган буюмлар кўпчиликни ҳайратга солади.

Бу ердаги болаларнинг юраги “травма” олиб бўлган

Мазкур Меҳрибонлик уйида 7-8 синф, балоғат ёшидаги ўғил-қизлар алоҳида бўлимга олинади.

22-Меҳрибонлик уйининг ушбу бўлимида “ўз-ўзига хизмат” йўлга қўйилган. Ошхонада 4-5 нафар ўғил-қизлар ўзаро келишиб, турли таомлар тайёрлаяпти. Ҳаммаёқ саранжом-саришта.

Сартарошлик, пазандалик, спорт, компьютер каби тўгараклар йўлга қўйилган. 30 га яқин бола шу бўлимда тарбияланмоқда.

– Биз бу ерда “Ҳаёт” дипломини берамиз, – дейди ижтимоий масалалар бўйича директор ўринбосари Умида Маманова.

– Ҳар бир бола бир тарих. Бу бўлимдаги болалар балоғат остонасида бўлганлиги учун руҳшунос ёрдами керак бўлади. Қолаверса, бу ердаги болаларнинг юраги “травма” олиб бўлган. Уларнинг оғриқли нуқталарига тегиб кетмасдан муносабатда бўлишимиз лозим.

Биз, айниқса, бир нарсага кўпроқ аҳамият қаратамизки, бу ердаги болаларда боқимандалик ҳисси шаклланиб қолмаслиги керак. Давлатимиз томонидан яратилган бундай қулай шароитни суиистеъмол қилмасликларини уқтирамиз. Бир нарсани таъкидлашим жоизки, Президентимиз ташаббуси билан яна 11 йиллик таълим тизимини жорий этилиши, биз учун ҳам қулай бўлди. Чунки, айни нозик ёшни бошидан кечираётган болаларимиз ўспирин вақтларида коллежга чиқиб, у ердаги “эркинлик”дан нотўғри фойдаланган вақтлар бўлди. Айтмоқчиманки, 11 йиллик таълимнинг қайта жорий этилиши биз учун ҳам айни муддао бўлди. Чунки қайсидир маънода коллеж болалар уйида тарбия топган бола билан муомала қилиш тасаввурига эга эмас эди.

Бу ерда кўриб турганингиздек, ўз-ўзига хизмат турини ташкил қилганмиз. Чунки, оила, рўзғор юмушларни ўргатишда бизнинг бу тажрибамиз ёрдам берпяпти.

А.П.Хлебушкина 53 йил З7 миллат боласига оналик қилди

1942 йил Россиянинг уруш бўлаётган шаҳарларидан ота-онаси вафот этган болалар Ўзбекистонга эвакуация қилинган.

Ўзбекистонда “Ёш ўлкашунослар” номли марказ таркибида мазкур 22-Меҳрибонлик уйи ташкил қилинган. 1942 йилдан 1996 йилга қадар А.П.Хлебушкина Меҳрибонлик уйига раҳбарлик қилган.

Бу даргоҳдаги музей суратлари А.П.Хлебушкинанинг тарбияланувчилар билан гоҳ кулиб, гоҳ йиғлаб тушган суратлари, биргаликда эришган ютуқлари акс этган мақтов ёрлиқлар, унинг болалар учун ўз қўллари билан ясаб берган қўл бола ўйинчоқлари минглаб болаларнинг тақдиридан “сўзлаб” турибди.

– А.П.Хлебушкина шу даргоҳ учун қайсидир маънода ўз ҳаётидан кечди, – дейди тарбиячи Верешагина Нина Ивановна. – У 53 йил 37 миллат вакилларига оналик қилди. Биз 35 йил бирга меҳнат қилдик. Энг ачинарлиси, ўтган йиллар аҳвол ва шароит қанчалик оғир бўлмасин, ота-она тирик бўла туриб, фарзандларини меҳрибонлик уйига топширмас эди. Биз ота-онаси вафот этган чин етим болаларни қабул қилганмиз, ҳозир замонамиз гуллаб яшнаётган, ҳамма имкониятлар яратилиб, халқ манфаатларига хизмат қилинаётган бундай замонда ўз боласидан воз кечиш кечирилмас хатодир.

Ушбу Меҳрибонлик уйида 100 дан ортиқ тарбияланувчи бор. Улар орасида турли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб келаётган болалар талайгина. Шулардан Жаҳонгир Очилов футбол бўйича, Миржаҳон Ҳакимов рассомчилик бўйича, Севинч Жабборова ашула ва рақс йўналиши бўйича катта муваффақиятларга эришди.

Давлатимиз етим ва ота-оналарнинг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди. Ва шу билан бир қаторда оналик ва болалик ҳам давлат ҳимоясида. Ўзбекистонимизда оналик ва болалик муҳофазаси учун юзлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Аммо Меҳрибонлик уйлари қайсидир маънода ота-онаси бевақт вафот этганлар, қаровчисини эрта йўқотганлар учун хизмат қилсин. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кўра: “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
13 462