ЎзА Ўзбек

01.06.2018 12:14 Чоп этиш версияси

Болалар шоири Қуддус Муҳаммадий асли ким бўлган?

Ижодга, айниқса, болаларга бўлган меҳр Қуддус Муҳаммадийни шоир қилган.

quddus-muhammadiy.jpgНафақат болаларнинг, балки катталарнинг ҳам севимли ижодкори, XX аср ўзбек болалар адабиётининг йирик намояндаларидан бири Қуддус Муҳаммадий асли қишлоқ хўжалиги соҳаси билимдони бўлган. 

Қуддус Муҳаммадий ўрта мактабни тамомлагач, қишлоқ хўжалиги билим юртида, сал ўтиб Ўрта Осиё Давлат университетининг биология факультетида таҳсил олган.

Ижодга, айниқса, болаларга бўлган меҳри уни шоир қилди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Қуддус Муҳаммадийнинг илк асарлари “Шарқ ҳақиқати” газетаси ва “Ер юзи” журналида чоп этилган. Кейинчалик унинг “Сандал ва печка”, “Ўз-ўзини танқид” каби машҳур достонлари яратилди. 

Қуддус Муҳаммадий 1941 – 1944 йилларда таниқли бахши – Ислом шоирга котиблик қилиб, унинг терма ва достонларини ёзиб олиш билан машғул бўлди. 

Урушдан кейинги йилларда эса унинг биринчи шеърий тўплами “Синов” (1947) номи билан нашр этилди. Шундан сўнг “Ўқувчига эсдалик” (1947), “Шеър ва эртаклар” (1947), “Орзу” (1948), “Баҳор келди” (1950), “Дунёда энг кучли нима?” (1951), “Қирқ ўғил ва қиз” (1951), “Бизнинг дўстларимиз” (1952), “Сен туғилган кун” (1952), “Янги уй” (1953), “Меҳрибон дўстлар” (1953), “Қўнғизбой билан сичқонбой” (1955), “Тугмача” (1956), “Танланган асарлар” (1957) каби ўттиздан ортиқ китоблари босилиб чиқди. 

Фидоий шоир фақат болалар шоиригина эмас, болалар адабиётининг жонкуяри ва тарғиботчиси сифатида ҳам ўнлаб мақолалар ёзди. Унинг “Болалар адабиётининг янада равнақи учун” (1961), “Болалар адабиётини ўрганайлик” (1963), “Илҳом билан” (1967) каби мақолалари шулар жумласидандир. 

Қуддус Муҳаммадий таржима соҳасида ҳам ўзини синаб кўрди. Унинг жаҳоннинг машҳур адиблари С. Маршак, С. Михалков, А. Барто, К.Чуковский асарларидан қилган таржималари ўзбек болалар адабиёти учун катта аҳамиятга эга бадиий таржима намуналаридан бўлиб қолди.

Қуддус Муҳаммадий софдил, аълочи ўқувчиларни самимий севади, ўз шеърларида бундай болаларни мақтайди. “Аълочи Содиқ”, “Синов”, “Менинг орзуйим”, “Бизнинг уйда”, “Яша, Омон”, “Беш”, “Солижоннинг дарсхонаси” ва бошқа шеърлари шундай ўқувчилар ҳақида яратилганлиги билан муҳим тарбиявий аҳамият касб этади.

Шоир ижодининг яна бир муҳим қирраси енгил ҳажвни бадиий адабиёт билан уйғунлаштиради. “Номсиз эркатойлар ҳақида”, “Дум”, “Аҳмаджонга уят”, “Лапашанг”, “Равшанжоннинг қўли тилга кирди” каби кўплаб шеърларида болалар феълидаги ёмон одатлар аёвсиз танқид қилинади. 

Унинг ижодида меҳнатга муҳаббат мавзуси алоҳида ўрин тутади. “Бобомнинг меҳнати”, “GES қурилиши”, “Мироб”, “Бу бинони ким қурган?”, “Этик”, “Мадраим пайвандчи”, “Мамажон шофёр” ва бошқа шеърларида меҳнат шукуҳи жаранглаб туради. 

Табиат гўзалликларига улкан муҳаббат шоирга ҳамиша ҳамроҳдир. У мактабда муаллимлик қилиб юрган пайтида “Баргжон”, “Момақаймоқ”, “Қоқи ўт”, “Боғимизда бир нок бор”, “Тут”, “Толим гуллади-ю нега мева тугмади?”, “Ток дарахти бир хил-у, узуми нега ҳар хил?”, “Шафтоли доктор”,”Асалари ва Аҳмаджон” каби шеърларини ёзди.

Шоирнинг тўрт китобдан иборат “Табиат алифбоси” китоби ўз вақтида машҳур бўлиб кетди. Тез орда “Очил дастурхон” (1970) каби халқ оғзаки ижоди анъаналари руҳидаги асарлари ҳам шуҳрат топти ва адибга чексиз шараф келтирди. Унинг “Қанотли дўстлар” номли шеърий китоби 1970 йилда Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. У 1977 йили Ўзбекистон халқ шоири унвони билан тақдирланди.

Болаларнинг буюк ва камтарин шоири Қуддус Муҳаммадий 1997 йил 22 июнда Тошкент шаҳрида вафот этди.

АҲМАДЖОННИНГ КИТОБХОНЛИГИ

Ҳай-ҳай чиройли китоб,
Ўқимокқа жуда боп.
Бизнинг Аҳмад қаёкда?
Қидиргани бу ёқда.
Аҳмаджон келиб қолар,
Китобни қўлга олар.
Бир-бир варақлар секин,
Расми кам экан лекин.
Ана сичқон, мушуквой,
Ана хўроз, кучуквой.
Ана муғамбир тулки,
Писиб туриши кулки.
Ана ўрдак, ана ғоз,
Ана маймун — шўх дарвоз.
Хўроз қичқирар: «Қу-қу!»
Бундай йўлбарс, шер йўғ-у…
Шу билан қолар китоб,
Гўё ўқийди ҳисоб.
Талабимиз Аҳмаддан,
Кўрганини – сувратдан
Бизга ҳам айтсин, қани,
Китобда ҳамма маъни.
Хамелеон деган жонвор
Нечун узун тили бор?
Олмахон нозик ҳайвон
Нечук думи каттакон?
Ҳаммадан қизиқ укки,
Тумшуғи Эфи-дукки.
Нечун юрмас кундузи,
Нега ёнади кўзи?
Жуда қизиқ шапарак,
Худди жажжи чархпалак.
Ўрдакнинг бағри ёйиқ,
Гавдаси мисли қайиқ?
Саволим бўлди одош,
Жавоб кутаман, йўлдош!

ҚИШ ҲАМ ЧИРОЙЛИ

Ҳай-ҳай кўркам қиш,
Қорлари кумуш.
Гуппа-гуппа қор
Бўралаб ёғар.
Совуқ чирсиллар,
Сув муз, қирсиллар,
Ғуборсиз ҳаво
Жонларга даво.
Танда ҳам қайноқ,
Ҳамма ёқ оппоқ.
Дарахтлар гўзал,
Шохларни безар.
Қор дока йўргак,
Новдалар гўдак.
Уйқуда мизғиб
Ел эсар изғиб.
Тарнов, бўғотда
Сумалак катта.
Осилиб қатор
Шағамдек қотар.
Бир гала чумчуқ
Ҳовлида чирқ-чирқ.
Пир-пир учишар,
Томга қўнишар.
Анҳор суви муз,
Қора тикон туз —
Сингари ранги.
Ўйнашиб янги
Беш-ўнта бола,
Ўқувчи сара,
Яхмалак отиб,
Қор-музга ботиб
Кетди тарқашиб,
Тепадан ошиб.
Газ ёнар боз-боз,
Уйнинг ичи ёз,
Ўйин бўлди бас,
Тайёрлаймиз дарс.
Ўтириб аста
Ҳавас пайваста,
Очишар китоб,
Ечишар ҳисоб.
Ҳай-ҳай кўркам қиш,
Қорлари кумуш.
Гуппа-гуппа қор,
Бўралаб ёғар.

ШЕЪРИМ, ОЧИЛ ДАСТУРХОН

Шеърим, очил дастурхон,
Шеърим — очиқ дастурхон.
Эл ўғлин қилай меҳмон,
Бўлайин улкан мезбон.
Шоирингман меҳрибон,
Қилгим келар улкан иш,
Дунёда энг кўркам иш.
Шеър булоғим қайна, жўш,
Шеържоним, бўл оққуш,
Шеърим ҳаёт боғбоним,
Шеър аскарим — посбоним.
Паҳлавон беозорим,
Кўнгилларни ёзарим,
Юрагим осмонисан,
Эл-юртим посбонисан,
Тинчлигим каптарисан,
Ўқувчим дафтарисан.
Қадрдон мактабимсан,
Юрагим, рубобимсан.
Сенсан қўшиқ, улкан куй,
Сен кирмаган бирон уй,
Сен бўлмаган байрам, тўй,
Қолмасин ҳеч бир элда.
Янгра шеърим, минг тилда.
Халқ юрагин макон эт,
Халқим кўнглин осмон эт.
Ёқимли бўл ҳаводек,
Жон озиғим наводек,
Жон бағишла ўликка,
Завқ бағишла тирикка.
Шеър десам жоним эрир,
Жону жаҳоним эрир.
Онамнинг алласи шеър,
Ҳофизлар ялласи шеър.
Халқимга мададкорим.
«Ҳайт» туяга мадорим.
Шеърим, очил дастурхон,
Шеърим — очиқ дастурхон.

БАҲОР КЕЛДИ

Қўлларида соз билан,
Гул ғунча парвоз билан,
Силкиниб парвоз билан,
Учиб турна, ғоз билан,
Қадрдон баҳор келди.
Баҳорни кутинг боғда,
Боғ эмас, дала, тоғда,
Майса яшнаган чоғда,
Қушлар сайрар бутоғда,
Севикли баҳор келди.
Ҳар нарсада ўзгариш,
Эриб, оқиб жўнар қиш.
Ҳар ёқда яшнар турмуш,
Ўрик гуллади кумуш,
Меҳнат баҳори келди.
Безанар мактаб боги,
Гулга тўлиб қучоғи.
Тошар ҳаёт ирмоғи,
Мактаб дам олар чоғи,
Ўқувчи, баҳор келди.
Ўтмасин гўзал фурсат,
Қани ғайратинг кўрсат.
Имтиҳон, синовга вақт
Ҳозирми, дарсларинг тахт,
Ҳушёр бўл, баҳор келди.

Дилобар Аслиддин қизи, ЎзА
11 327