ЎзА Ўзбек

31.08.2018 16:32 Чоп этиш версияси

Болалар саёҳатга чиқди

Болалар саёҳатга чиқди Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Самарқанд вилоятида ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, жазо муддатини ўтаётган фуқаролар фарзандлари ва бир гуруҳ фаол ёшларнинг Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳати уюштирилди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ва Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашлари томонидан ташкил этилган тадбир иштирокчилари Амир Темур мақбараси, Регистон ансамбли, Бибихоним мажмуаси, Ҳазрати Хизр масжиди, Мирзо Улуғбек расадхонасини зиёрат қилиб, буюк аждодларимизнинг бой маънавий мероси, уларнинг бунёдкорлик ишлари ҳақида бой маълумотларга эга бўлди.

10.JPG

Самарқанд шаҳар тарихидан ҳикоя қилувчи “Афросиёб” музейидаги қадимий девор суратлари, тарихий ашёларни болалар катта қизиқиш билан томоша қилди.

“JV MAN Auto Uzbekistan” ва “Сам Антеп Гилам” қўшма корхоналарида меҳнат қилаётган ёшлар бу ерга саёҳатга келган ука-сингилларига заводларнинг ишлаб чиқариш имкониятлари, ишчилар учун яратилган шароит ҳақида сўзлаб берди.

– Жуда қизиқарли саёҳат бўлди, – дейди Тойлоқ туманидан С.Сирожиддинов. – Айниқса, МАN заводидаги автомашина ва автобусларни кўриб, ҳавас қилдик. Келгусида мен ҳам шундай заводларда ишлашни хоҳлайман. Бунинг учун яхши ўқишим кераклигини англадим.

12.JPG

Саёҳатдан сўнг тадбир қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрида “Ватанпарвар” ташкилоти мактаблари томонидан бир қатор спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишлар уюштирилди. Таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдодлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
2 174