ЎзА Ўзбек

16.02.2018 13:00 Чоп этиш версияси

Болалар манфаати доимий эътибор ва ҳимояда

“Пойтахт” бизнес марказида БМТнинг Болалар жамғармаси (UNICEF) томонидан ногирон шахслар масалаларини оммавий ахборот воситаларида ёритишни кенгайтириш, жамиятда имконияти чекланган инсонларга нисбатан соғлом муносабатни шакллантириш билан боғлиқ вазифаларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Журналистлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этган тадбирда имконияти чекланган шахсларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида кечаётган ўзгариш ва янгиланишларда фаол иштирок этишини таъминлаш, бунда оммавий ахборот воситаларининг тутган ўрни каби масалалар муҳокама марказида бўлди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳ.Фрейзер, ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари С.Грауманн ва бошқалар Ўзбекистонда жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга устувор вазифа сифатида қаралиб, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлида аниқ йўналтирилган мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Мазкур жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорликда юксак фаоллик кўрсатаётгани алоҳида қайд этилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ногиронлар, айниқса, жисмоний имконияти чекланган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган пухта қонунчилик базаси яратилган. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги тизимни янада яхшилаш билан бирга, ногиронларнинг жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришга кўмаклашиш имконини бермоқда.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, жамиятда ногиронлиги бўлган болаларга тўғри муносабатни шакллантириш, одамларнинг улар ҳақидаги нотўғри тасаввурларини ўзгартиришда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади.

Тадбирда ногиронлиги бўлган шахсларга тааллуқли масалаларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, жисмоний чекланган болалар учун қулай муҳит ва ижобий муносабатни шакллантириш, шунингдек, бу борада қонунчилик тизимига жорий этилаётган халқаро стандартлар юзасидан фикр алмашилди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
7 735