Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

12.09.2018 18:42 Чоп этиш версияси

Болалар ўқимай қўйди эмас, ўқитилмай қўйди

Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида бепул ўқув курси ташкил этилди.

Бекобод шаҳар тиббиёт коллежида ўтказилаётган мазкур ўқув машғулотида катта ўқитувчи Барно Жамбилова шаҳар ёшларига тарих фанидан сабоқ бераётир.

– Сўнгги пайтларда “Болалар ўқимай қўйди“, деган иддаолар кўпайиб қолган эди, – дейди Б.Жамбилова. – Ўқимай эмас, ўқитилмай қўйди, десак тўғрироқ бўлади назаримда. Бугунги кунга келиб таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, китобхонлик танловларининг ўтказилаётгани, инчунин бепул ўқув курсларининг ташкил этилаётгани ёшларимизни яна китобга, фан ва ҳунар сирларини янада қунт билан ўрганишга қайтариши шубҳасиз.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш“ демократик партияси томонидан “Хизмат – беминнат“ лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган шу каби бепул ўқув курсларига ёшлар, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари жалб этилиб, турли фан ва ҳунар сирлари қунт билан ўргатилмоқда.

Авазбек Худойқулов, ЎзА