Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 10:27 Чоп этиш версияси

Болалар ансамбллари фаолиятига эътибор

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан болалар мусиқа ва санъат мактаблари ансамбллари республика кўрик-танловининг якуний босқичи ўтказилди.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг мусиқий дидини тўғри шакллантириш, уларни болаликдан мусиқа оламига ошно қилиб тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 31 май куни қабул қилган маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига мувофиқ, ўқувчи-ёшларни миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг энг сара намуналаридан баҳраманд этиш, уларнинг бадиий-мусиқий дидини юксалтириш, ўғил-қизларни санъат масканларига мунтазам жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда болалар мусиқа ва санъат мактабларидаги таълим жараёнларини сифат ва мазмун жиҳатидан янада юксалтириш, уларнинг фаолиятини доимий ўрганиб, таҳлил этиб бориш, мазкур таълим масканларига моҳир санъаткорларни бириктириш, устоз-шогирд мактаби анъаналарини кенг йўлга қўйиш юзасидан Маданият вазирлиги томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур кўрик-танловнинг якуний босқичида юртимиз болалар мусиқа ва санъат мактаблари ансамблларининг энг яхшилари ўз бадиий-мусиқий дастурини ҳакамлар ҳайъати эътиборига ҳавола этди. Кўрик-танловда иштирок этган болалар мусиқий жамоалари ғолиблари халқ чолғулари ансамбли, анъанавий созандалар, анъанавий ашулачилар, фольклор, эстрада вокал, эстрада чолғу, хор жамоалари, рақс жамоалари ансамбллари каби йўналишлар бўйича аниқланди. Болалар ансамблларининг кўрик-танловга тайёргарлиги, ижро маҳорати, саҳна маданияти каби жиҳатларига асосий эътибор қаратилди. Ғолиб бўлган ансамбллар турли йўналишлар бўйича дипломлар билан тақдирланди.

Н.Усмонова, ЎзА
2 858