Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.05.2017 20:13 Чоп этиш версияси

Бола ҳуқуқлари ҳимояси йўлида

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази ҳамда БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) ҳамкорлигида хорижий мамлакатлар ва Ўзбекистонда балоғатга етмаган болалар учун одил судлов борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда Судьялар олий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, марказ директори Д.Орипов ва бошқалар жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Давра суҳбатида халқаро ва миллий экспертлар вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси вице-президенти Ренате Винтернинг таъкидлашича, ювенал адлия бўйича алоҳида қонунчиликни шакллантириш ҳамда қонун билан зиддиятли ҳолатда бўлган болалар, жабрланган ва гувоҳ болаларга дўстона муносабатдаги одил судлов ёндашувлари қўлланилишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

– Болалар адлия тизими билан бир неча сабабларга кўра мулоқотга киришиши мумкин, – дейди БМТ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бўлим раҳбари Афшин Парси. – Улар бу борада салбий ҳолатларни бошдан кечирмасликлари учун адлия тизими болаларнинг эҳтиёжлари, заиф жиҳатлари, ҳолатлари ва ёшларини инобатга олган ҳолда мослаштирилган бўлиши керак. Болаларнинг кичик ёшда адлия тизими билан мулоқотга киришиши уларнинг адолат ва қонун устуворлигига бўлган ишончига таъсир кўрсатади.

Экспертлар миллий адлия фаолиятини такомиллаштириш, мутахассисларининг касб малакасини ошириш, болалар билан боғлиқ ишларни олиб боришга оид билим ва кўникмаларини яхшилаш ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашди.

Нурилло Насриев, ЎзА
4 652






Все о погоде - Pogoda.uz