ЎзА Ўзбек

24.09.2019 Чоп этиш версияси

Бола – оила қувончи, ота-она масъулияти

Бола – оила қувончи, ота-она масъулияти

Оилада фарзанд дунёга келар экан, у барчага бирдек қувонч улашади. Янги меҳмон, ўз навбатида, ота-онасига алоҳида масъулият ҳам юклайди.

Агар оила ҳамжиҳат, ота-она оқил бўлиб болани яхши тарбия қилса оиладан етук инсонлар етишиб чиқади.

Лекин бундай оилани бунёд этиш учун нима қилиш керак?

...Чироқчи туманида яшовчи Аброр (исм-фамилиялар ўз¬гартирилган) ҳамқишлоғи Дилфузага кўнгил қўйиб уйланди. Аммо тўй тадоригини кўраётган икки ёш негадир қонуний никоҳдан ўтишни ортга сурди.

Ота-оналар ҳам бунга бефарқ бўлди. Тўйдан сўнг бир муддат яшаган эр-хотин ўртасида бора-бора турли гап-сўзлар кўпайди. Беҳуда рашк авж олиб, оила қўрғони дарз кетди. Ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат йўқолди.

Дилфуза оғироёқ бўлишига қарамасдан ота хонадонига қайтишга мажбур бўлди. Орадан кўп ўтмай қизи дунёга келди.

Буни қарангки, Аброр ўз фарзандига ота эканини тан олмади. Энг ёмони, қонуний никоҳ қайд этилмагани учун Дилфуза фарзандини ўз номига расмийлаштиришига тўғри келди.

Шундан сўнг Дилфуза қизалоғига нисбатан А.Қодировнинг оталигини белгилашини сўраб, судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Ўз навбатида, Д.Нурматованинг талаблари батафсил ўрганиб чиқилди ва қаноатлантирилди.

Оила кодексининг 62-моддасида белгиланганидек, ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси бўлса, ушбу кодекснинг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.

Оталикни белгилаш суд тартибида амалга оширилади. Бунда ота-онадан бири ёки боланинг васийси ё ҳомийси ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек, бола вояга етгандан кейин унинг ўзи берган аризага асосланилади.

Оталикни белгилашда суд боланинг онаси бола туғилганига қадар эри билан яшагани, умумий рўзғор юритаётгани ёки улар болани биргаликда тарбиялаётгани ёхуд таъминлаб турганини ёки жавобгар оталикни тан олганлигини тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.

Боланинг онаси билан бўлмаган, лекин ўзини боланинг отасиман, деб тан олган шахс вафот этган тақдирда, унинг оталик факти суд орқали белгиланиши мумкин.

Суд ушбу қонуний талаблардан келиб чиқиб, даъвогар Д.Нурматованинг 2018 йил 6 февралда туғилган фарзанди Сурайёга нисбатан жавобгар А.Қодировнинг оталигини белгилаш, шунингдек, фарзандининг таъминоти учун жавобгардан алимент ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Мухтасар айтганда, оиланинг мустаҳкамлигини таъминловчи омиллардан бири – бу қонуний никоҳдан ўтиб, оила қуришдир. Қолаверса, оила аталган муқаддас даргоҳни барпо этаётган ҳар бир йигит ва қиз унинг ўзига яраша масъулияти борлигини англаши зарур. Айниқса, фарзанд кўриш катта масъулият эканини ёшларимиз тушуниб етиши шарт.

Оилага енгил қараш, фарзанд масъулиятини англамаслик эса юқоридаги каби чалкашликларга, энг ёмони, боланинг тирик етим бўлишига сабабчи бўлаётгани ачинарли. Бу фикрларни ёзишдан мақсад – оила қуриш остонасида турган йигит ва қизлар бундан ўзларига тегишли сабоқ чиқарса ёмон бўлмасди.

Ҳабиба ХУДОЙБЕРДИЕВА, Фуқаролик ишлари бўйича
Чироқчи туманлараро суди судьяси.

3 149
ЎзА