Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.06.2018 16:30 Чоп этиш версияси

Бола гўё бир ниҳол, унга эътибор беринг, тарбиячи!

Бола гўё бир ниҳол, унга эътибор беринг, тарбиячи! Бугун болажонлар байрами. Мактабгача таълим муассасалари, хиёбонларда байрам шукуҳи кезиб юрибди. Эрталабдан ота-оналари қўлидан тутганча манзилига ошиқаётган ўғил-қизларни кўриб кўз қувнайди.

Ишга келаётиб ана шундай манзара, аниқроғи ёнгинамда онаси билан суҳбат қуриб келаётган, чамаси тўрт ёшли боланинг гаплари эътиборимни тортди. Болакай онасига:

– Ойижон сокни кимга олдингиз, уни нима қиласиз, – деди.

– Бугун боғчангизда байрам бўлади. Дастурхон ясатилади, – дея жавоб қайтарди она.

– А, буни бизга беришмайди, Мафтуна опам билан, Тамара Комиловнанинг ўзлари ичадилар, – деди болакай беғуборлик билан.

Она бу гапдан сўнг нима сўз айтишни билмай қолди. Атрофдагилар ҳам айни аҳволда болага қараб қолдик.

Яқинда қўшни аёлларнинг қизғин баҳс-мунозараси устидан чиқиб қолган эдим. Нима эмиш, фарзандларининг тарбиячилари байрамларда дастурхон ясатиш учун ота-оналарга егуликлар, ширинликлар олиб келтириб, уларни деярли болаларга беришмас экан. Бу суҳбатни эшитиб, гаплашишга бошқа мавзу қуриб қолибдими, деб ўйлаган эдим, очиғи. Қандай қилиб боланинг ҳақини ейиш мумкин. Уларнинг ҳавасини келтириб, тарбиячи ва энагаларнинг тамадди қилаётган ҳолатини тасаввур қила олмадим.

Она фарзандига ундай бўлса, уйга қайтаётганларида албатта ўзи учун алоҳида сок олиб беришини айтди.

– Фақат чанқасанг тортинмасдан сув сўрагин, кечагидек мен келгунимча сув ичмасдан ўтирмагин, – дея таъкидлади.

– Сув сўраганим билан барибир опаларим эшитмайди-да!

... Она-боланинг суҳбати узоқ давом этди.

Бола беғубор. У кўрганини, эшитганини, гувоҳ бўлганини, аниқроғи ростини гапиради. Шу гап хаёлимга келдию, бошқа воқеалар ҳам ёдимга тушди.

Бир йиғинда неварасини боғчага кечикиброқ олиб борган Мунира буви гувоҳ бўлган манзара кўз ўнгимда гавдаланди. Унинг айтишича, болалар хонада ўзлари билганича ўйнашар: бири уринган, бири суринган, бири йиғлаган... Ташқи залда гуруҳлар тарбиячилари йиғилиб олиб гап сотишарди. Мунира бувининг саломини эшитмаган, келганини ҳатто сезишмаган ҳам. Шунда буви шартта телефон камерасини ёқиб расмга ола бошлабди. Буни кўриб қолган тарбиячилар хоналарига тум-тарақайлаб қочишган экан...

Ўша пайт буни барчамиз бир ҳангома ўрнида кулгу билан қабул қилган эдик. Энди ўйлаб қарасам, гап сотишиб ўтирадиган, ёки телефон ичига кириб кетадиган тарбиячи ва энагалар бечора болаларнинг қўрқибгина айтган гапларини эшитмайди-да. Бундай беэътиборлик, масуълиятсизлик оқибатида, бола иштонини ҳўллаб қўяди (айрим ҳолларда кечгача ота-она боргунича бола нам ҳолатда юраверади), чанқайди...

Мен ҳам ёш онаман. Фарзанд катта қилишнинг оғир-енгилини татиб кўряпман. Ва яна биламанки, болангиз сал қоқилиб тушса, юрагингиз қинидан чиқиб кетай дейди. Бирон жойи оғригудай бўлса туну-кун атрофида парвона бўласиз. Ўзингиз емасангиз ҳам, ичмасангиз ҳам унга илинасиз. Юқоридаги сингари воқеаларни эшитиб, ишда бўлатуриб хаёлингиз дилбандларингизда бўлади. Юрагингизнинг бир четида хавотир туради.

Тўғри, бола йиқилиб-суриниб катта бўлади. Уларнинг инжиқликларига, шўхликларига, эркаликларига чидашнинг ўзи бўлмайди. Буни инкор эта олмаймиз. Шундай фидойи, меҳрибон тарбиячиларимиз ҳам борки, болалар уларни оналаридек яхши кўради. Қучоғига отилади. Боғчага ҳар куни байрамона кайфиятда келади.

Иссиқ кунларнинг бирида ўғлим гуруҳига кириши билан ичиш учун сув сўради. Аксига олиб ўзимиз билан олиб юрадиган термосни уйда қолдирибман. Боғча опаларидан сув сўрасам, ота-оналар опкелишмаётганини айтди. Ҳеч бўлмаса қайнатиб совутилган сувчи, десам, ҳозир нонуштада чой берилишини уқтирди. Юз-кўзидан сув сўраганим малол келгани кўриниб турарди. Хуллас, хонадан ичиш учун ақалли бир қултум сув топилмади. Ошхонага тушсам катта идишда сув қайнаб ётибди...

Чанқасак биз катталар ташналикка чидашимиз қийин, ёш болани айтмасаям бўлади. Ёки чанқаб турган боланинг оғзидан таом ўтадими? Ваҳоланки, мутахассисларнинг кўрсатмаларига кўра, кўп суюқлик, жумладан ҳар эллик кило вазнга кунига икки литр сув ичиш лозим. Айниқса, ёш бола организми учун бу жуда зарур.

Тирноқ остидан кир қидириш ниятим йўқ. Шукрки, фарзандларимизнин
г қорни тўқ, эгни бут. Мамлакатимизда ёш авлоднинг соғлом ва етук бўлиб улғайиши учун барча имкониятлар яратилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, мактабгача таълим муассасаларини замон талаблари даражасига олиб чиқиш, таълим-тарбия сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бир шароитда бу каби ҳолатларнинг учраб туриши уят, соҳада ҳамон ишга виждонан ёндашмайдиганларнинг борлиги ачинарли.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
4 527