ЎзА Ўзбек

13.04.2020 Чоп этиш версияси

БОКУ ДЕКЛАРАЦИЯСИ: Туркий тилли давлатлар тараққиёт йўлининг муҳим асоси

БОКУ ДЕКЛАРАЦИЯСИ: Туркий тилли давлатлар тараққиёт йўлининг муҳим асоси
​Муносабат 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитидаги нутқи ташкилотга аъзо мамлакатлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик ва сиёсий доира вакилларининг эътирофига сазовор бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг муҳим таклиф ва ташаббуслари асосида саммитнинг якуний ҳужжати – Боку декларацияси қабул қилинди.

Бу ҳужжат туркий тилли давлатлар тараққиёт йўлининг муҳим сиёсий ва ҳуқуқий асоси бўлади, дейишга тўла ҳақлимиз. Видеомулоқот шаклида ўтган саммитни диққат билан кузатиб борган, сўнг мулоҳаза юритган ҳар бир киши ана шундай хулосага келиши табиий.

Саммит ишида муҳим сиёсий, ижтимоий, иқтисодий масалалар кўриб чиқилди. Истиқболли режалар, аниқ таклифлар жамланди. Уларнинг ҳар бири муҳим ва долзарб. Саммитда асосий эътибор коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилди. Иштирокчи давлатлар раҳбарлари кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашди. Бундай шароитда эпидемиологик назоратни таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муҳофаза қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган комплекс тадбирлар муҳокама қилинди.

Саммитда коронавирус инфекцияси тарқалишининг оқибатларига биргаликда қарши самарали курашиш бўйича Президент Шавкат Мирзиёев томонидан аниқ таклифлар айтилди. Жумладан, Туркий кенгаш доирасида эпидемиологик ҳолатни мониторинг ва таҳлил қилиш, эпидемия ривожланишини прогнозлаш бўйича доимий фаолият юритувчи тизим яратиш масаласининг кўтарилгани ҳам биргаликда курашиш йўлидаги муҳим ташаббусдир. Бу каби ҳамжиҳатликдаги тадбирлар туркий тилли халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши табиий, албатта.

Туркий кенгаш котибиятининг мувофиқлаштирувчи функцияларини кучайтириш ҳамда пандемияга қарши курашиш миллий штаблари билан яқин амалий алоқаларни йўлга қўйиш учун тегишли гуруҳ тузиш масаласининг ўзи мазкур хавфни бартараф этишга қаратилган чора-тадбир бўлса, пандемия оқибатларини юмшатишга халқаро ёрдамни жалб этиш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва ваколатларини янада ошириш, ЖССТ ва Туркий кенгаш ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатишга қаратилган аниқ таклиф асосида Боку декларациясининг қабул қилиниши жуда муҳим воқелик бўлди.

Боку декларацияси эпидемиологик ҳолатни ва пандемия оқибатларини юмшатишга қаратилган халқаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси бўлди, дейиш мумкин. Бу ҳужжат бугун чегара ва миллат танламас вазиятга қарши кураш ҳамда бир маконда халқлар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилишига ишончимиз комил.

Келажак сари мақбул йўл топиш мақсадида ҳамиша мозийга мурожаат қилинган, ўтмиш сабоқларидан хулоса чиқарилган. Бу инсониятнинг тарихий маконда ўзлигини англаш, ўтмиш ва келажак ўртасида ўз ўрнини топиш йўлидаги зарур воситадир. Шу маънода, Боку декларацияси ҳам инсониятнинг пандемияга қарши курашда баҳамжиҳатлик, ўзаро ҳамкорликни ифода этган умуминсоний, сиёсий қадриятлар муштараклиги йўлидаги тарихий асос бўлиб қолажак.

Феруза МУҲИТДИНОВА,
Тошкент давлат юридик
университети профессори

1 686
ЎзА