ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Бобурнинг тўла асарлари чоп этилади

Бобурнинг тўла асарлари чоп этилади

Андижондаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейида Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни, Бобур ва бобурийлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда.

Бобур номидаги халқаро жамоат фонди фаолияти, Бобур ижодий меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама этилаётир. 

Анжуманда Бобур халқаро жамоат фонди бошқаруви раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон Машрабов фонд томонидан 2019 йилда олиб болирлган ишлар ҳамда жорий 2020 йилда амалга оширилиши белгиланган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. 

–Бобур халқаро жамоат фонди ва илмий экспедициясининг ташкил этилганлигига 25 йилдан ортди, – дейди Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов. – Ўтган ана шу давр мобайнида Фонд томонидан кўҳна тарихимизни чуқур ўрганиш, маънавиятимизни янада юксалтириш, Бобур ва бобурийлар яратган бой илмий-маданий мерос намуналарини Ватанга олиб келиб, илмий истеъмолга киритиш, заминимиздан етишиб чиқиб, хорижда умргузаронлик қилган буюк аждодларимиз қабрларини зиёратгоҳларга айлантиришга қаратилган эзгу ва хайрли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Бобур изидан 40 зиёд мамлакатлар бўйлаб илмий сафарлар уюштирилди. Натижада кўплаб янги-янги манбалар қўлга киритилди ва “Бобур ва жаҳон маданияти” музейига олиб келинди.

Анжуманда таниқли ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қамчибек Кенжа Бобурнинг тўла асарлар тўпламини нашрга тайёрлаш, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ваҳоб Раҳмон “Бобур энциклопедиясининг учинчи жилди”, шунингдек, инглиз ва рус тилларидаги нашрларига ҳозирлик ишлари, фонднинг Қорақалпоғистон минтақавий бўлими раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қ. Ярашев май ойида Элликқаъла туманида “Бобур адабий меросида илм ва маърифат ғоялари” мавзусида илмий анжуман ўтказиш, афғонистонлик бобуршунос олим Азизилло Аррол, профессор Абдулло Руни, озарбайжонлик бобуршунос олим, профессор Рамиз Аскер, қозоғистонлик бобуршунос олим, профессор Ислом Жеменей, Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳсин Пирмуҳсиний, Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси Маданий маркази раҳбари Чандра Шекхар ва бошқалар Бобур ва бобурийлар ижодий меросини тарғиб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида гапирди.

photo5348411126490180766.jpg

Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси Маданий маркази раҳбари Чандра Шекхар:
–Юртингизда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш борасидаги ишлар ҳукумат даражасида олиб борилишига ҳамиша ҳавасимиз келади. Хусусан, нафақат Осиё, балки жаҳон илм-фани, тараққиёти ва ривожига салмоқли ҳисса қўшган шоир, олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурга Ўзбекистон заминида кўрсатилаётган эҳтиром халқингизнинг шу юртдан етишиб чиққан буюк тарихий шахсларга бўлган ҳурматининг ёрқин намунасидир.

Бишкекдаги Қувейт университети ректори Асан Ормушев:

- Бобур жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган улкан тарихий шахсдир. Жумладан, З.М. Бобурнинг илмий-ижодий меросини ўрганиш борасида Қирғизистонда ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, университетимиз ҳамда Бобур номидаги халқаро жамоат фонда ўртасидаги ҳамкорлик мазкур йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтирмоқда. Ишонаманки, келгусида улуғ шоирнинг яна кўплаб асарлари қирғиз тилига ҳам таржима қилинади. 

Халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини давом эттирмоқда. 

2 299
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА