ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Бобур ўз асарлари билан ўзбек адабиёти ва тили ривожига муносиб ҳисса қўшди

Бобур ўз асарлари билан ўзбек адабиёти ва тили ривожига муносиб ҳисса қўшди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мумтоз адабиётимизнинг йирик вакили, буюк шоир, мутафаккир, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, тарихчи, географ, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда агентлик раҳбарияти ва масъул ходимлари, адабиётшунослар, бобуршунос олимлар, ёзувчи-шоирлар, ноширлар, журналистлар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, истиқлол йилларида Бобур шахсияти, унинг миллий адабиётимиз, санъат ва маданият, дунё цивилизациясидаги ўрни ва аҳамиятини ўрганишга бўлган эътибор янгича тус олди. Бобур ва бобурийлар қадамжолари, адабий меросини ўрганиш борасида жиддий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Бобур ўз асарлари билан ўзбек адабиёти ва тили ривожига, юксалишига муносиб ҳисса қўшди. Ўзбек маданияти ва тили тарихини ўрганишда “Бобурнома” бебаҳо хазинадир. “Бобурнома” ХV-ХVI асрнинг муҳим воқеаларини бадиий акс эттирган прозанинг қимматли намунасидир.

“Бобурнома” қомусий характердаги асарлардан бўлиб, унда илм-фан, урф-одат, ижтимоий-сиёсий, табиий этнографик билимлар моҳирлик билан ифодаланган. Асар жаҳон адабиёти дурдонаси ҳисобланади.

Тадбирда сўзга чиққанлар Бобурнинг ҳаёт йўли, унинг ватанпарварлиги, ижоди, комилликка ундовчи асарлари, бетакрор шеърияти, у илгари сурган ғояларнинг ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эгалиги ҳақида сўз юритди. Маърузачилар “Бобурнома“ асари тўғрисида қизиқарли ва тарихий маълумотлар бериб ўтди.

Тадбир доирасида агентлик тасарруфидаги “Oʻqituvchi” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган “Бобурнома“ китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

894
Н.УСМОНОВА, ЎзА