ЎзА Ўзбек

15.02.2020 Чоп этиш версияси

Бобур ижоди инсонни комилликка чорлайди

Бобур ижоди инсонни комилликка чорлайди

Андижонда ўзбек мумтоз адабиётининг забардаст вакили, буюк давлат арбоби, моҳир саркарда, олим ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишланган “Бори элға яхшилик қилғил“ деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир-ёзувчилар, Ҳиндистон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистондан келган бобуршунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Тадбир аввалида иштирокчилар томонидан Бобур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, улуғ шоирга юксак эҳтиром кўрсатилди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғ.Мажидов ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда халқимизнинг бой маданий мероси, айниқса, буюк бобокалонларимиз Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб алломалар томонидан яратилган нодир, бебаҳо илмий асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти, илмий салоҳияти, инсоният тафаккурининг, халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятининг юксалтиришдаги ўрни ва роли ниҳоятда муҳим эканлигини таъкидлади. Хусусан, Бобур ҳаёти ва ижоди, ўлмас асарлари, бобурийларнинг Ҳиндистон тараққиётидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта эканлиги айтилди.

photo5348241346432970014.jpg

Тадбир давомида вилоят театри санъаткорлари томонидан Бобур ҳаётига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди, қўшиқлар куйланди, ёш ижодкорлар Бобур ғазалларидан намуналар ўқиди, ҳаёти ва ижодига оид кўргазма ташкил этилди.

– Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижоди инсонни комилликка чорловчи улкан маънавий меросдир, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршидабону Қўчқорова. – Буюк бобокалонимизнинг серқирра ижоди жуда катта тарихий ва илмий аҳамиятга эга. Айниқса, адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид асарлари бизга тарихимиз ҳақида жуда кўп маълумотлар бериш билан бирга, ўша давр ёзма манбаларини ўрганишимизда муҳим манбаа бўлиб хизмат қилади. Бобур лирикаси эса, ўзбек мумтоз адабиётининг энг гўзал саҳифаларидан биридир.

Куннинг иккинчи ярмида Боғи Бобурдаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейида Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни, Бобур ва бобурийлар ҳаёти, ижодини ўрганиш масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда мамлакатимизда халқимизнинг бой маданий мероси, тарихи, бетакрор археологик ва тарихий ёдгорликлари, миллий қадриятларимизни, айниқса, жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожига, инсоният тафаккурининг юксалишига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларни улуғлаш, улар томонидан яратилган бебаҳо тарихий асарларнинг илмий-тарихий аҳамиятини жаҳон жамоатчилиги эътиборига кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

photo5348241346432970015.jpg

Бобур халқаро жамоат фонди томонидан 2019 йилда олиб борилган ҳамда жорий йилда амалга оширилиши белгиланган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

– Бобур халқаро жамоат фонди ва илмий экспедициясининг ташкил этилганлигига 25 йилдан ошди, – дейди Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов. – Ўтган ана шу давр мобайнида Фонд томонидан кўҳна тарихимизни чуқур ўрганиш, маънавиятимизни янада юксалтириш, Бобур ва бобурийлар яратган бой илмий-маданий мерос намуналарини Ватанга олиб келиб, илмий истеъмолга киритиш, заминимиздан етишиб чиқиб, хорижда умргузаронлик қилган буюк аждодларимиз қабрларини зиёратгоҳларга айлантиришга қаратилган эзгу ва хайрли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Бобур изидан 40 дан зиёд мамлакатлар бўйлаб илмий сафарлар уюштирилди. Натижада кўплаб янги-янги манбалар қўлга киритилди ва “Бобур ва жаҳон маданияти” музейига олиб келинди.

Анжуманда Бобур халқаро жамоат фонди ташаббуси билан Бобурнинг тўла асарлар тўпламини нашрга тайёрлаш, “Бобур энциклопедияси”нинг учинчи жилди, шунингдек, инглиз ва рус тилларидаги нашрларини чоп этиш, май ойида Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида “Бобур адабий меросида илм ва маърифат ғоялари” мавзусида илмий анжуман ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, Ҳиндистон, Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон сингари қатор давлатлар элчихоналари вакиллари, бобуршунос олимлар, ижодкорлар ҳам иштирок этди.

photo5348466759201566104.jpg

Афғонистонлик бобуршунос олим Азизилло Аррол, профессор Абдулло Руин, Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсин Пирмуҳсиний, озарбайжонлик бобуршунос олим, профессор Рамиз Аскер, қозоғистонлик бобуршунос олим, профессор Ислом Жеменей, Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчихонаси, Маданий маркази раҳбари Чандра Шекхар, Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридаги Қувейт университети ректори Асан Ормушев, Бобур халқаро жамоат фондининг Ҳиндистон бўлими раҳбари Саид Нақи Аббос ва бошқаларнинг Бобур ва бобурийлар ижодий меросини тарғиб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусидаги маъруза, фикр ва мулоҳазалари эшитилди.

– Юртингизда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш борасидаги ишлар ҳукумат даражасида олиб борилишига ҳамиша ҳавасимиз келади, – дейди Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси Маданий маркази раҳбари Чандра Шекхар. – Хусусан, нафақат Осиё, балки жаҳон илм-фани, тараққиёти ва ривожига салмоқли ҳисса қўшган шоир, олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурга Ўзбекистон заминида кўрсатилаётган эҳтиром халқингизнинг шу юртдан етишиб чиққан буюк тарихий шахсларга бўлган ҳурматининг ёрқин намунасидир.

Бобур Мирзо даври тиб илмини бугунги кун тиббиёти назарияси ва амалиёти таҳлилига бағишланган “Табобат қомуси” китоби учун кимё фанлари доктори, профессор Иброҳимжон Асқаров, Бобур адабий меросини тарғиб этиш ва Алишер Навоий асарларини дарий тилига таржима қилиш борасидаги ишлари учун афғонистонлик бобуршунос олим Абдулла Руин, Темурийлар ва бобурийларга оид насрий асарлари, “Шамолларга учган нидолар” (“Хонзодабегим”) тарихий романи учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Омина Тожибоева Бобур халқаро мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, бир гуруҳ ижодкор ва олимларга фонднинг тақдирлов ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

Мазкур анжуман Бобур шахси, ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб этиш, ижодий меросини ўрганиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

photo5348466759201566105.jpg

1 471
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА