ЎзА Ўзбек

01.08.2020 Чоп этиш версияси

Боқувчисини йўқотган оилага ҳукумат томонидан қандай моддий ёрдамлар ажратилади?

Боқувчисини йўқотган оилага ҳукумат томонидан қандай моддий ёрдамлар ажратилади?
Долзарб саволларга тезкор жавоблар

Отам уч ой олдин вафот этган. Оилада 4 кишимиз. Онамнинг доимий иши йўқ. Ҳозирда фақат кам таъминланганлик нафақасини оламиз. Ҳукуматдан яна қандай моддий ёрдам олсак бўлади? Биз боқувчисини йўқотганлик нафақасини олсак бўладими?

Коронавирус пандемияси давридаги карантин режими вақтида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан келган шу каби бир қатор саволларга Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева жавоб берди.

̶ Амалдаги қонунчиликка кўра боқувчиси вафот этган, меҳнатга лаёқатсиз бўлган оила боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Синглимни ва унинг эрини карантинга олишди. Уларнинг 7 - 10 ёшли фарзандлари бор. Болларини парвариш қиладиган бошқа одам йўқлиги сабабидан мен қараб турибман ва ишга чиқолмаяпман. Шу ҳолатда менга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши мумкинми?

̶ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 11 майдаги «Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги буйруғи бор. Унга кўра, уй шароитида карантинга олинган шахсларга ҳамда карантинга олинган шахсларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақасини уларнинг яшаш жойидаги поликлиника беради.

Ишсизман. Моддий аҳволим оғир. Эшитишим бўйича қонунчиликда ишсиз шахсларга нафақа тўланар экан шу тўғрими?

̶ Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига кўра ишсизлик нафақаси ишсиз деб эътироф этилган шахсга у иш қидираётган шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтган кундан эътиборан тайинланади. Қарамоғида учтагача киши бўлган, 35 ёшга тўлмаган ишсиз эркакка ишсизлик нафақаси у ҳақ тўланадиган жамоат ишларида Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда иштирок этган тақдирда тайинланади. Ишсиз шахснинг нафақа олиш ҳуқуқи у иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб кечи билан ўн биринчи кундан кучга киради.

2 952
ЎзА