ЎзА Ўзбек

26.07.2018 17:52 Чоп этиш версияси

Боғотлик фермер туяқуш парваришламоқда

Боғотлик фермер туяқуш парваришламоқда Хоразм вилояти нафақат ўзининг қадимий обидалари, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлари, балки бетакрор табиати, ноёб ҳайвонот ва наботот олами билан ҳам сайёҳларни ўзига ром этиб келади.

Кейинги йилларда, айниқса, Хива, Ҳазорасп, Урганч, Боғот туманлари, Амударё қирғоқларида экотуризм ва агротуризм ривожланаётгани ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.

Боғот туманидаги “Шарифбой Шоҳжаҳон” кўп тармоқли фермер хўжалиги паррандачилик билан ҳам шуғулланади. Хўжаликда ўтган йил сентябрь ойидан бошлаб агротуризм йўналишидаги лойиҳалар тажриба тариқасида амалга оширилмоқда.

1 (2).jpg

– 2017 йил сентябрь ойида Фарғона вилоятидаги оилавий корхоналардан бирида парваришланаётган туяқушлардан 12 бош келтирдик ва агротуристик маскан ташкил қилдик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Вафоев. – Бугунги кунга келиб бу жониворларни томоша қилишга қизиқувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони кўпайиб қолди. Бу қушлар иссиқ иқлимга мослашган, шу сабабли бизнинг табиатимиз ҳам уларнинг яшаши ва кўпайиши учун қулай ҳисобланади. Туяқуш – ўтхўр жонзот. Уларни беда, ем ва бошқа зарур озуқалар билан парваришламоқдамиз.

2.jpg

Туяқушлар 3-4 йилда 120-150 килограмм тош босади. Туман ҳокимлиги вакиллари фермернинг бу лойиҳасини келиб кўрди ва 2 гектар ер майдони ажратишда амалий ёрдам берди. Бу майдонда туяқушни сақлаш хоналари қуриш ҳамда озуқа экинлари етиштириш режалаштирилган. Айни пайтда туяқуш, бедана ва курка боқилаётган хўжаликда қушларнинг турини янада кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.

А.Шокиров, Шоназар Қориев (сурат) ЎзА
7 288