Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2017 16:43 Чоп этиш версияси

Боқий йилбошининг янги сабоғи

Тўй, байрам кўпчилик билан кўркли. Элнинг олқиши тантаналарга файз-барака киритади: “кўпнинг дуоси кўл”. Бунда руҳий-маънавий кучлар бирлашади, халқнинг бунёдкорлик қуввати жамланиб, рўёбга чиқади. Бунда бирлашган ўзади, ҳамжиҳатлик, жипслик одамларни эзгу мурод-мақсадларга етказади.

Табиатдаги уйғониш – янги йилнинг бошланиши. Бунда инсон тани ва руҳида борлиқнинг мангу даврий ҳалқасидаги янгиланишни ҳис қилади, англаб етади. Одамзот ўзини нафақат замин, балки бутун коинот билан уйғунликда танийди. Табиат фарзанди бўлмиш инсон табиат қонунларига эш бўлиб яшаганда, руҳан юксакликка, маънан софликка эришади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 28 февралдаги «2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига кўра бу йил Наврўз байрамини шаҳару қишлоқларимизда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказиш белгилангани халқимизнинг маънавий қувватларини янада оширишга, эзгу саъй-ҳаракатларни буюк мақсадлар йўлида бирлаштиришга хизмат қилади. Зотан, илдизлари олис “Авесто” замонларига бориб туташадиган Наврўзи олам – шарқона янги йил ўзининг янгиланиш, баҳор нафасини бошлаб келиши, ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадонга шоду хуррамлик олиб кириши билан халқимиз учун энг қадрли, азиз ва суюкли миллий байрамга айланиб кетган.

Фаришталар қадрлайдиган кун

Ҳар қандай байрам миллат билан бирга яшайди, улғаяди, тараққий топади. Халқимиз тарихи ва маданиятининг муҳим бўлаги – Наврўз ҳам ҳар йили халқимиз қалби, тасаввур ва тафаккури билан янгиланиб, англаниб бораётган қадриятдир. Наврўз фалсафасида руҳ ва тана поклиги, меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга ҳиммат, ҳалоллик, саховат, барчага бирдай мурувватли бўлиш каби асрий анъаналар туради.

Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Носируддин Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий”, Алишер Навоий асарларида Наврўз билан боғлиқ кўплаб маълумотлар, бадиий талқинлар учрайди. Абу Райҳон Беруний «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида Наврўз ҳақида шундай ёзади: «Бу кун – фаришталар қадрлайдиган кун. Чунки шу куни фаришталар яратилган. Бу кунни пайғамбарлар қадрлайди. Чунки шу куни қуёш яратилган. Бу кунни шоҳлар эъзозлайди. Чунки бу кун йилнинг биринчи кунидир».

Қадимги хитой, эрон, араб манбаларида ҳам юртимизда ўтган Наврўз байрамлари ҳақида қизиқарли маълумотларга дуч келамиз. Дейлик, хитойлик савдогару сайёҳлар Самарқанд ва Фарғонада ўтган Йилбошининг кутиб олинишини кузатар экан, ажабланиб, шундай қайдлар қолдирган: «Фарғонанинг одамлари қизиқ экан, улар Наврўзда иккига бўлиниб уришар экан». Аслида бу маросим кўклам ва қишнинг тимсолий курашидир.

Яна бир ўринда халқимиз Наврўз маросимида хўроз ва қўчқорларни уриштириб, келаси йил қандай келишини башорат қилгани айтилган. Аслида бу томошаларда ҳайвонларнинг бири қиш, бошқаси ёз аталган. Бунда улар ғолиб қутбга қараб, келгуси йил об-ҳавоси қандай келишини англашга интилган.

Наврўз фалсафасида ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари ўз аксини топган. Бу – халқимизга мансуб меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувликнинг ҳамиша бардавом экани ифодаси.

«Ой теракми, кун терак?»

Халқимиз қадимдан ёз ботинида қиш, қиш замирида ёз етилиб туғилади, табиат қиш ва ёзнинг мавсумий “ўлиб-тирилиши” давомида узлуксиз айланади, деб тушунган, талқин этган. Ҳар бир мавсумнинг бошланиши ва якуни байрам қилинган.

Наврўз – янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи. Шу боис халқимиз деҳқончиликка киришиш, чорвани қишловдан олиб чиқишда ҳам алоҳида маросимлар ўтказган. Олдинлари далага қўш чиқаришдан олдин қўшга қўшиладиган ҳўкизларнинг «шох мойлар» удуми қилинган бўлса, бугун кўп ҳудудларимизда фермерларимиз «дарвешона» маросимини ўтказмоқда: янги деҳқончилик мавсумига киришишдан аввал қурбонликлар қилиб, халққа ош тортиб, элнинг дуосини олмоқда. Бу ҳам янги йилнинг қут-баракали келишига, тўкин-сочинлик бўлишига қаратилган эзгу ниятлар, умидлар ифодасидир.

Наврўз – кун билан тун тенг келган вақт, янги йилнинг қопқаси. Аждодларимиз қуёш, ой, юлдуз каби осмон ёритқичлари ҳаракатини кузатиб, фасллар алмашинуви ҳақида мукаммал билимларни бизга мерос қолдирган. Халқимизнинг бу байрам билан боғлиқ барча билим ва тасаввурлари турли театрлаштирилган саҳна ва рамзлар воситасида ифодаланган. Бунда қиш ва ёз кураши, давра алмашиши қутблари англатилган.

Ёз ва қиш олишувининг ўсимлик тимсоли – бойчечак ва уруғ (тариқ, буғдой). Бунда бойчечак (кўклам) замин қобиғини ёриб («қаттиқ ердан қаталаб, юмшоқ ердан юмалаб»), юзага чиқади, уруғ (қиш) ер остига йўл олади. «Бойчечак» маросимида Кўклам тарафдорлари Қиш тўдасини енггач, «Кичкинажон» қўшиғини куйлаган. Мазкур қўшиқда қиш “Бўри” рақсида ифодаланиб, турли образларда босқичма-босқич кичик кўринишга келтирилади ва якунда донга менгзалади:

Кичкинажон, кичкина,
Тариқдан ҳам кичкина...


Аслида табиатда тариқдан майда уруғ йўқ. Бироқ халқимиз баҳорга шунчалик интиқ бўлганидан табиатда кўклам жиловни қўлга олгач, ўз тасаввурида қишни шу даражада кучсизлантирадики, охир-оқибат у тариқдан ҳам майда кўринишга келади – буткул мағлуб бўлади.

«Оқ теракми, кўк терак?» ўйинимиз ҳам асосан кўкламда ўйналган. Аслида бу ўйинда ёши катталар қатнашган, сўнг бора-бора болалар ўйинига айланиб қолган. Ўйиннинг номи нега айнан «Оқ теракми, кўк терак?»: зоҳиран терак баргининг бир томони оқ (юмшоқ), бир томони кўк (қаттиқ). Ботинан бу ўйинда кун ва тун, кўклам ва қиш ҳақидаги тасаввурлар мавжуд. Шу боис Хоразмда бу ўйин ўз моҳиятига яқинроқ номда айтилади: «Ой теракми, кун терак?». Бу ўйинда қизлар – баҳор, йигитлар қиш тимсоли бўлган.

Наврўз сайилларида қиз-жувонларнинг арғимчоқ-ҳалинчак учиш одати мамлакатимизда кенг тарқалган. Бу қадимий удум бугун ҳам ўз жозибасини йўқотгани йўқ. Ҳалинчак учиш, шунчаки, кўнгил ҳуши эмас, бу нафосат вакилаларининг кўкламга мос эзгу орзу-умидларининг юксакларга парвоз қилишидир.

Бугун Сурхондарё, Қашқадарё томонларда «Оқ суяк» ўйини эрта кўкламда ва қоронғу пайтда ўйналади. Бунда болалар сайлаган жўрабоши сўнгакни узоққа отади, бошқа болалар уни излайди. Ким суякни биринчи топса, ғолиб чиқади. Бу ўйиннинг айнан Наврўз пайти ва тунда ўйналиши бежиз эмас. Суяк – аждодлар руҳи тимсоли, ёш болалар ҳали бегуноҳ, сабий. Бу боболаримиз сабий қўллар воситасида ва аждодлар руҳи ёрдамида тун (қиш)ни ҳайдаб, кун (баҳор)га интилганидан далолатдир. Наврўз кунлари қабристонлар, зиёратгоҳлар, муқаддас масканларни обод қилишга алоҳида эътибор қаратилиши буни янада теранроқ ифода этади.

Наврўз кунларида халқимиз табиат билан узвийлигини, ўзини унинг ажралмас бир қисми сифатида янада теран ҳис этган, она заминни ардоқлаб, унинг неъматларини қадрлаб, шукрона келтирган.

Айтимлар қатидаги орзулар

Ўзбек халқ қўшиқларида асосан табиат фасллари, аввало, қиш ва баҳор кураши айтилгани тасодиф эмас. Аждодларимиз тундан сўнг кун, қишдан сўнг баҳор келишини эзгулик тантанаси сифатида орзиқиб кутган. Янги куннинг тезроқ яхши бўлиб келишини алқаб, қўшиқлар куйлаган. Янги фасл – янги умидларнинг куртак чиқариши, янги бир авлоднинг ҳаётга кириб келиши. Шундай қўшиқлардан бирини эслайлик:

Ёмғир ёғалоқ,
Момо туғалоқ,
Ёмғир тинганда,
Чиқар камалак.


Бу мисралар тўғридан-тўғри ўқилса, мантиқсиздек кўринади. Аммо коса тагидаги нимкоса англанса, тимсоллар тилсими ечилса, бетакрор тасаввур ҳосиласи қалбимизни ҳайратга солади.

«Ёмғир ёғалоқ» – қору ёмғир кўп ёғмоқда, дегани. Чунки бу «момо»нинг, яъни қиш чилласи рамзи бўлган Аямажузнинг иши. Лекин ёғингарчилик, совуқ, қаҳратон тез орада тинади: «момо туғалоқ» – қиш ҳомиладор, ундан Наврўз куни янги фарзанд (янги ҳаёт) – баҳор туғилади. Ёғингарчилик тиниб, кўклам тантана қилади. Бу ғалаба рамзи сифатида самода камалак бўй кўрсатади, инсон борлиғидаги эзгу кучлар ҳаракатга келади, янгилик (кўклам) эскиликни (қишни) енгади.

Сумалак – баҳорнинг шифобахш, тансиқ ва шоҳ таоми, кўклам даракчиси. Унинг қатъий анъаналар, маълум тартиб-қоидалар асосида пиширилиши бежиз эмас. Бунда ёш-қари йиғилиб, бир кеча-кундуз катта гулхан атрофида бир-бирига эзгу тилаклар билдиради, маънавий ришталар янада мустаҳкамланади. Ҳар инсон яхши ниятлар билан сумалак пишаётган дошқозонни ковлайди, гина-кудуратлар унутилиб, аразли кишилар ярашади. Шу боис халқимиз ўзини янада ҳамжиҳат қилган сумалакни муқаддас таом сифатида қадрлаб, алқаган:

Баҳорнинг сен элчиси,
Наврўзнинг сен синглиси...


Наврўзнинг асосий белгиси – жарчи чорлови. Бу наинки кўклам келганидан дарак, балки элни қиш билан олишаётган баҳорга ёрдам бериш, табиатдаги янгиланишларни қўллаб-қувватлашга чорлашдир:

Бор – ҳо, кел – ҳо,
Ҳамалим, ҳа,
Амалим, ҳа,
Тезда етиб кел,
Ўйнагани кел,
Тортишгани кел,
Беллашгани кел...


Ҳа, аждодларимиз табиатни жонлантириш билан боғлиқ маросимларида ҳаётини янада яхшилашга, табиат мушкулотларини енгиллаштиришга ҳамоҳанг ўзининг ҳаётий муаммоларини ҳал қилишга, янги йилнинг қут-баракали ўтишига ҳисса қўшишга ҳаракат қилган. Эзгуликка интилган халқ – буюк халқ. Бундай миллатнинг ҳаёт мазмуни, олам ва одам уйғунлиги ҳақида ўз фикри бор, тараққиёт ва фаровонликка элтадиган ўз йўли бор.

Нурга интилиш бахти

Халқимиз Ерни она, Қуёшни бобо, дейди. Нонни қуёш, ризқ-барака тимсоли сифатида эъзозлаймиз. Чунки қуёш – ҳаёт асоси: жами тирикликка зарур ёруғлик, иссиқлик манбаи, кун ва тун, фасллар мароми, уч ўлчамли макондаги вақт мезони. Қуёш сўнган куни Ерда ҳаёт ҳам тугайди – қиёмат қўпади. Шу боис халқимизнинг Наврўз байрами билан боғлиқ билим ва тасаввурларида қуёшга интилиш, нурга талпиниш билан боғлиқ азалий эзгу анъаналари мужассам.

Жиззах вилоятида Ҳуттош деган жой бор. Бу тошнинг туйнуги бўлиб, фақат Ҳут ойи кирганда қуёш нурлари шу туйнукдан ўтар экан. Ёки Фарғонадаги қоятошдан бошида нур таратаётган қуёшли одам ва унинг атрофида рақсга тушаётган 12 киши акси (бир йил ва ўн икки ой) тасвирлари топилган. Нурота шевасида қуёш йўли манзилларининг тўхташ нуқталари “қўрўт” аталган. Қўрўт – ёруғлик, нур, дегани.

Ёки миллий сўзана ва палакларимиздаги қуёш, ой тимсолларини ифодаловчи доиралар сони, ички ҳалқалар, улардаги «ёл»лар – халқимиз қуёш ва ой фазалари ҳақида мукаммал билим, тасаввур ва дунёқарашга эга бўлганидан далолатдир. Дейлик, Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Қўштамғали қишлоғида Назокат момо Ором қизи 1968 йили бир жуфт сўзана тиккан. Уларнинг бирида қуёш гуллари нақшидаги «ёл»лар доира чизиғининг сирти ва ичида бодом барги шаклида алоҳида-алоҳида жойлаштирилган. Иккинчисида қуёш гули нақши сидирғасига доира ташқарисида турибди, доирадан атрофга узлуксиз нур таратиб, порлагандек туюлади. Бунда сўзана доирасидаги ички, ташқи «ёл»лар доирани гоҳ ўнгга, гоҳ чапга айланаётгандек таассурот уйғотади. Бу тимсоллар ниманинг ифодаси? Нега каштачи икки сўзанада қуёш гулларини икки хил ифода этган? Бу саволларга қуёшнинг шафақдан чиқиши ва уфққа ботишини кузатиб, жавоб топдик. Қаранг, чекка бир қишлоқда ўрта мактабдан бошқа таълим олмаган оддий аёл қуёш ҳаракатини кузатиб, унинг фазаларини миллий анъаналар асосида қайта кашф этиб, кашта нақшларида шунчалар аниқ ифодалаган.

Наврўз фалсафаси «Гўрўғли» достонларида ёрқин ифода этилган. «Гўрўғли»нинг ибтидо ва интиҳоси шундай: қаҳрамон гўрдан чиқиб, ғорга кириб кетади. Достонда Гўрўғлининг отаси Нуртой/Равшан (қуёш), онаси Ҳилолой/Оқаной (янги чиққан ой) аталади. Унинг турли версияларда уч исми бор: Гўрўғли, Қирўғли, Кўрўғли. Уч исм бирлаштирилса, чиқаётган, тик ва ботаётган – бир кунлик қуёшнинг тимсолий ҳаракати пайдо бўлади. Шу боис Кўклам фарзанди Гўрўғли қиш вакили Райҳон пошшо билан курашиб, ғалаба қозонади. Унинг олти ой ер остида ётиши, ерга чиққач, бия (қуёш)/эчки (кўклам)ни эмиб катта бўлиши буни анча ойдинлаштиради.

Гўрўғли – кўкламни келтирувчи Қуёш ва Ой фарзанди. У бир йиллик мавсумнинг уч ойида ер остида етилиб, кўклам билан бирга туғилади, баҳорда тетапоя бўлади, ёзда улғаяди, кузда камол топиб-қартайиб, қайта ўз макони ғорга (қиш қўйнига) кириб, уйқуга кетади.

Биргина шу достон мисолида Наврўз байрами шу замин этноси қарашлари асосида яралгани ва халқимиз эпосининг ўзагини ташкил этишига амин бўлиш мумкин. Зеро, бу айём халқимизнинг кўнгли, эътиқоди, қадри ва қадриятлари илдизига туташ.

...Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида бу йилги сайил дастурларини тайёрлашда халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналарини, элу юртнинг дилидан чуқур жой олган, қадимий урф-одатлар, эзгу инсоний туйғуларни тараннум этадиган куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин беришга алоҳида эътибор қаратилгани Наврўз байрами руҳи ва фалсафасининг халқимиз, айниқса, ёшларимиз онг-қалбига янада чуқур сингишига хизмат қилади. Аслида ҳам барча байрам каби Наврўзи олам ҳам инсоннинг инсон сифатида оилада, жамиятда, табиатда ва бутун борлиқдаги муносиб ўрнини кўрсатишга, ўз ўрнига мос фаолият юритишга ундайди. Зотан, халқимиз Наврўз кунида янги ҳаёт саҳифаларини кўради, эзгу интилишлари ижобатини ният қилади, эртаси бугундан ҳам тўкисроқ, фаровонроқ ва барқарор бўлиши учун яна ҳам ҳамжиҳат бўлиб яшашга, ишлашга интилади.

Шомирза Турдимов,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили 
ва адабиёти университети Фольклоршунослик ва
диалектология кафедраси мудири, 
филология фанлари доктори.

ЎзА
4 035






Все о погоде - Pogoda.uz