Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.03.2017 14:58 Чоп этиш версияси

Боғда экологик ҳашар ўтказилди

Боғда экологик ҳашар ўтказилди Пойтахтимиздаги Ботаника боғида Ўзбекистон Экологик ҳаракати ташаббуси билан экологик ҳашар ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, Экоҳаракат фаоллари, талабалар, журналистлар иштирок этди.

Олтмиш беш гектар майдонни эгаллаган Ботаника боғи минтақамиздаги ноёб табиий ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда тўрт ярим мингдан зиёд ўсимлик мавжуд. Уларнинг орасида камёб турлари ҳам кўп. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти олимлари ва мутахассислари боғ маъмурияти билан ҳамкорликда ушбу табиий бойликни асл ҳолича асраш, кўпайтириш ва тарқатиш борасида кенг қамровли илмий-амалий лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Боғнинг ноёб табиий салоҳиятини асл ҳолича асрашда олимлар ва мутахассисларга давлат ва жамоат ташкилотлари яқиндан кўмак бераётир. Хусусан, Ўзбекистон Экологик ҳаракатига қарийб ўттиз сотихни ташкил этадиган участка ажратилган. Бу майдонда манзарали ва мевали дарахтларнинг бир неча тури бор, доривор гиёҳлар етиштирилади. Экоҳаракат фаоллари йил мобайнида боғда бир неча бор экологик ҳашар ташкил этиб, теварак-атрофни ободонлаштириш, дарахтларни парваришлаш, ноёб турларни асраш ва кўпайтириш, табиат мусаффолигини сақлашга ўз улушини қўшмоқда.

Бу галги ҳашар ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Ер участкалари, ариқ-зовурлар тозаланиб, чиқиндилар ташиб кетилмоқда. Қуриган шох-шаббалар буталиб, дарахтлар оқланди, янги кўчатлар экилмоқда.

– Халқимиз фаровон турмуш кечириши учун қулай экологик муҳит яратиш, аҳоли саломатлигини муҳофазалаш, табиий ресурсларнинг барча мажмуини муфоҳаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш фаолиятимизнинг устувор йўналишидир,–дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоси Абдураҳим Қурбонов. – Бу борадаги вазифаларни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш мақсадида экологик қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Экоҳаракат ташаббуси билан бугунги кунгача жойларда бир юз ўттиз гектардан кўпроқ экобоғлар яратилди. Бу йилги ҳашарда ҳам яшил ҳудудларни янада кенгайтириш мақсадида қатор экологик акциялар ташкил этишни режалаштирганмиз.

– Тоза ҳаво, тиниқ сув, мусаффо замин нафақат экологик барқарорлик, балки саломатликнинг ҳам муҳим омилидир, – дейди Тошкент Ботаника боғи директори Содиқ Абдуназаров. – Табиатда бундай мутаносибликни сақлашда ўсимликлар муҳим ўрин тутади. Чунки ўсимликлар ҳаво, тупроқ, сувни чанг, газ сингари чиқиндилардан тозалаб, унинг ўрнини кислород билан тўлдириб турадиган лабораториядир. Шу боис, яшил бойлигимизни муҳофазалаш, янги-янги турларини иқлимлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бу йил мавжуд ўсимликларни парваришлаш баробарида пиёздошлар оиласига мансуб турларни янада кўпайтириш ва уларни бошқа ҳудудларга ҳам тарқатиш юзасидан иш олиб борилмоқда. Бугунги ҳашар бундай илмий-амалий лойиҳаларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этишимизда бизга катта кўмак бўлди.

Баҳор Хидирова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
3 503






Все о погоде - Pogoda.uz