ЎзА Ўзбек

08.11.2018 17:46 Чоп этиш версияси

"Боғчамизга келмай тургин, қиш!"

"Боғчамизга келмай тургин, қиш!"

БУҚАРШИ ТУМАНИДАГИ БОҒЧАЛАРДА ТАРБИЯЛАНАЁТГАН БОЛАЖОНЛАР ИЛТИЖОСИ!

Қашқадарё вилояти Қарши туманида 24 давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият юритади. Хўш, мазкур муассасаларда куз-қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрилган? Мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самара беряптими?

4.jpg

Шу масалалар юзасидан тумандаги бир нечта мактабгача таълим муассасаларидаги ўрганишларимиз куз-қиш мавсумига тайёргарлик қониқарсиз даражада эканини кўрсатди.

1.jpg

Туман мактабгача таълим бўлими вакиллари энг намунали боғча, деб таъкидлаган 7-мактабгача таълим муассасасидаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражаси ачинарли аҳволда. Сабаби, хоналарни иситиш учун мўлжалланган қўлбола печлар хонадаги фавқулодда вазиятларда чиқиб кетиш учун қурилган эвакуация эшигининг пастки қисмига ўрнатилган. Бунинг учун эшикнинг пастки қисми кесиб ташланган. Тутун чиқадиган мўрисининг бир қисми хона ичида қолдирилиб, эшик тепасидан чиқарилиб шамолга қаратиб қўйилган. Печлар қурилишида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мутлақо амал қилинмаган. Эшик ёғоч бўлса, иссиқликнинг ошиши эвазига унинг ёниб кетмаслигига ким кафолат беради. Энг ёмони – бу печларда кўмир ёқилганда қурилишида йўл қўйилган хатолар сабаб ис гази хонага тарқаб кетса, фожиали ҳолатларга олиб келишини муассаса масъуллари ўйлаб ҳам кўришгани йўқ.

6.jpg

– Тўғри, печ мўриларини шамолга қаратиб қўйганимиз нотўғри бўлибди, уста чақиртириб, мўрини томдан чиқартирамиз, лекин ис гази хонага тарқалмайди, – дейди боғча мудираси Адолат Раҳмонова. – Илгари ҳам шундай фойдаланганмиз. Иситиш тизимини яхшилаб беришни сўраб, юқори турувчи ташкилотимизга бир неча бор мурожаат қилганмиз, лекин ҳали натижаси бўлгани йўқ. Ёнимиздаги кўп қаватли уйларда газ бор. Биз эса ҳамон қўлбола печларда кўмир ёқамиз. Насиб этса бўлиб қолар. Камчиликларни бартараф этамиз.

11.jpg

Албатта, қиламиз, лекин қачон? Қиш эса кутиб турмайди. Гап у ерда тарбияланаётган 324 нафар болажоннинг соғлиғи ҳақида кетмоқда. Боғчада мана шундай қўлбола печдан 20 та қурилган ва боғча мудирасининг таъкидлашича, қиш мавсумида улар тинимсиз ёқилади. Туман мактабгача таълим бўлимидан олинган маълумотга кўра, муассасага 10 тонна кўмир, 15 тонна кўмир брикети берилган. Шу ўринда бир мулоҳаза, қиш мавсуми 3,5-4 ой давом этишини ҳисобга олсак, мазкур ажратилган ёқилғи етарлимикин? Бундан ташқари, муассаса омборларида сақланаётган сифатсиз кўмирнинг учдан икки қисми ёқишга яроқсиз. Кўмир олинганми олинган, вассалом. У ёғини пешонадан кўраверасиз...

12.jpg

Туман марказидаги 5-мактабгача таълим муассасасида ҳам аҳвол мақтанадиган даражада эмас. Иситиш тизими яхши йўлга қўйилмаган. Деразалар совуқ қайтариш учун ниқобланмаган. Муассасада 150 нафар бола тарбияланмоқда. Лекин бошқаларидан фарқли ўлароқ жорий йилда боғчада газ ва кўмирга мослаштирилган қозонхона қурилибди. Аммо газ идоралари ҳали қиш мавсуми бошлангани йўқ, деб ўйлашаётган бўлса керакки сентябрдан буён қувурларни газ тармоғига улашни пайсалга солиб келишаётган экан. Эътиборимизни омборхонага киритилган кўмир тортди. Бир уюм кўмир қуми. Ичида битта яримта ёқишга яроқли кўмир бўлаклари бор холос.

14.jpg

– Янги қозонхона қурдирганимиз учун кўмирни кам олганмиз, – дейди боғча мудираси Севара Раҳмонова. – Энди, берганини олиб келганмиз-да. Бошқа иложимиз йўқ. Қозонхонани яқинда ишга туширамиз. Кейин иситиш тизимида муаммо бўлмайди.

Шунга умид қиламиз. Лекин нима бўлганда ҳам соҳа мутасаддилари нега берилаётган кўмирнинг сифатига эътибор қаратмайди. Рўйхатда фалон тонна кўмир берилгани билан уни 80 фоизи чиқиндига чиқиб кетса, бундан кимга фойда.

– Жорий йилда туман мактабгача таълим бўлимига қарашли бўлган мактабгача таълим муассасалари ҳозирги кунга келиб2018-2019 йиллар учун куз-қиш мавсумига режалаштирилган 260 тонна қаттиқ ёқилғи маҳсулотлари билан таъминланган, – дейди туман мактабгача таълим бўлими эксплуатация бўлими муҳандиси Баҳодир Юсупов. – Шундан 78 тоннаси кўмир ёқилғиси, 168 тоннаси брикет ёқилғи маҳсулоти. Ҳозирги кунга келиб ушбу мактабгача таълим муассасалари куз-қиш мавсумидан беталафот чиқиши учун 52 тонна олий навли сифатли кўмир маҳсулотларига қўшимча эҳтиёжи борлиги аниқланган. Бу бўйича ҳам керакли чора-тадбирларни кўряпмиз. Бундан ташқари, 14-31-мактабгача таълим муассасаларида иссиқлик тизими тўлиқ янгидан таъмирланиб, куз-қиш мавсумига тайёр ҳолга келтирилди.

Тумандаги Чароғил қишлоғида жойлашган 2-мактабгача таълим муассасасидаги аҳвол бунданда ачинарли. Жорий йилнинг сентябрь ойида ишга тушган болалар боғчасида 74 нафар бола тарбияланмоқда. Илгари ишламай ётган боғча биносида фаолият юритмоқда. Тарбияланувчилар учун мўлжалланган 4 та хона куз-қиш мавсумига умуман тайёр эмас. Дераза ромларга клёнкалар қопланмаган. Хоналар совуқ. Ҳарорат ўлчайдиган асбоб йўқ. Чунки унга эҳтиёж йўқ. Сабаби хоналарда қўлбола бўлса-да, печларнинг ўзи йўқ. Лекин кўмир олинган. Ҳар ҳолда боғча тарбиячилари шундай дейишди. Болаларнинг овқатланиши, ётиб дам олиши учун қилинган шароитларнинг бирортаси санитария талабларига жавоб бермайди. Боғча мудирасини топа олмадик. Туман мактабгача таълим бўлими вакили боғча фаолиятини яқинда бошлагани, қишлоқ аҳлининг талаби билан тезда ишга туширилгани, шу боис ҳали кўп камчиликлари борлигини, аста-секин улар бартараф этилишини таъкидлади.

Қишлоқда боғчанинг очилгани қувонарли ҳол, лекин белгиланган талабларга жавоб бермаса, шароити бўлмаса, ундан нима наф. У ерда тарбияланаётган болажонларнинг келажаги, энг муҳим бойлиги соғлиғига ким жавоб беради. Бунинг бадалини ким тўлайди? Умид қиламизки, соҳа мутасаддилари Қарши туманидаги мактабгача таълим муассасалари аҳволига эътибор қаратади. Мавжуд камчиликлар бартараф этилади. Ҳар ҳолда шунга умид қиламиз. Мавзуга яна қайтамиз.

Ў.Баротов, Ж.Норқобилов (сурат), ЎзА​
5 068