ЎзА Ўзбек

14.08.2018 16:05 Чоп этиш версияси

Боғчада инглиз, рус, корейс ва хитой тиллари чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади​

Боғчада инглиз, рус, корейс ва хитой тиллари чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади​
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги юз ўринга мўлжалланган “Севинч” нодавлат мактабгача таълим муассасасида 17 нафар ходим меҳнат қилаётир.

Муассасада болалар ётоқхонаси, ошхона, ҳар бир гуруҳ учун алоҳида-алоҳида мўъжаз кутубхона бурчаги, махсус тил ўрганиш хоналари, педиатр ҳамда тиббиёт хоналари, овқатланиш, мусиқа ва гимнастика заллари мавжуд. Машғулотлар олиб бориладиган зарур хоналар инновацион технология ва ускуналар билан жиҳозланган.

Бу ерда болажонларга инглиз, рус, корейс ва хитой тиллари чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади. Шарқ якка кураш турлари, бадиий гимнастика, мусиқа, рақс каби 10 дан зиёд тўгаракларни ташкил этишда иқтидорли педагоглар жалб этилган.

Боғча ҳовлисида ихчамгина сузиш ҳавзаси, машғулот ва мусобақалар учун спорт майдончаси, бир нечта аттракционлар барпо этилган.

Муассасада ташкил этилган “Ёз – ўтмоқда соз” якуний ҳисобот тадбирида жамоатчилик вакиллари, тарбияланувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

Ота-оналар муассасада тарбияланаётган фарзандларининг бурро-бурро ўзбек, рус, корейс, хитой тилларида шеър айтиб, қўшиқ куйлашига гувоҳ бўлди. Болажонларнинг қайиқчалар пойгаси, сузиш мусобақаси таассуротларга бой бўлди.

А.Қаюмов, ЎзА​​
5 471