ЎзА Ўзбек

15.06.2019 Чоп этиш версияси

Боғчада газ баллони портлаган, туман ҳокимининг парвоси фалак

Боғчада газ баллони портлаган, туман ҳокимининг парвоси фалак

Жорий йилнинг 13 июн куни тахминан соат 12:30 ларда Самарқанд вилояти Самарқанд тумани Андижони маҳалласида жойлашган 30-сонли мактабгача таълим муассасаси ошхонасида маиший газ баллони портлаган ва ёнғин вужудга келган. Ёнғинни бартараф этиш учун камида тўртта ўт ўчириш автомобиллари жалб қилинган.

Орадан мана уч кун ўтган бўлса-да туман ҳокими Шухрат Жамолов на воқеа жойига шахсан борган ва на ҳолат юзасидан туман ишчи гуруҳини тузган.

Газ портлагани кейинги кундан бошлаб боғча штат режимда фаолият кўрсата бошлаган. Ошхонаси куйиб кул бўлган боғчадаги болаларга қандай қилиб овқат тайёрлаб берилаётгани номаълум. Боғча мудираси ёнгин ҳолатини яшириш мақсадида тезлик билан ўз ҳисобидан муассаса ошхонасини таъмирламоқда, ҳаттоки акфа ромлар ўрнатилган. Ёнғин бўйича Мактабгача таълим вазирлиги ҳам хабардор этилмаган.

b110ad62-778e-448f-a526-b990ef72ed4b.jpg

Боғча яқинидаги бир нечта одамларнинг портлаш овозини эшитиб “101” қисқа рақамига айнан “портлаш бўлганлиги” юзасидан мурожаат этганига қарамасдан ўт ўчирувчиларнинг ёнгин далолатномасида “портлаш ҳолати” рўйхатга олинмаган. Ҳам туман ўт ўчириш бўлими ва ҳам вилоят ўт ўчириш бошқармаси раҳбарияти ҳолат юзасидан “кўчадан келган” одамларга маълумот бермаслигини билдирди.

Қўшни қишлоқлардаги катталарни чўчитган бу портлаш, воқеа ёнида бўлган 200 дан ортиқ ёш болаларга қандай таъсир этганлиги номаьлум. 

Портлаш ҳолати яширилганлиги натижасида ёш болаларга тиббий ёки психологик ёрдам кўрсатилмаган. Воқеа кундуз куни жамоат жойида бўлганлиги сабабли жабрланганлар ҳам бўлиши мумкин.

26962c0d-0b49-4181-b1ec-4c25c67b8856.jpg

Самарқанд тумани Андижони маҳалласидаги газ портлаши ва ёнғин натижасида 200 дан ортиқ вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари бузилиб келинаётганлиги бўйича Бош прокуратура ва Мактабгача таълим вазирлигининг эътибор қаратишларини сўраймиз.

Самарқанд тумани ҳокими Шухрат Жамолов ва Самарқанд вилоят ёнгин хавфсизлиги бошқармаси раҳбарияти ҳаракатларига ҳам қонуний баҳо берилишига умид билдирамиз.

19 814
Мирзо Субханов, ЎзА