ЎзА Ўзбек

06.07.2018 13:48 Чоп этиш версияси

Боғча ошпазлари танлови

Боғча ошпазлари танлови Оҳангарон шаҳрида “Йилнинг энг яхши мактабгача таълим муассасаси ошпази” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган ушбу танловда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган ошпазлар ўзаро баҳслашди.

– Танловда ғолиб бўлиш яхши, айни пайтда унда турли ҳудудлардан келган ҳамкасблар билан тажриба алмашишнинг ўзи ютуқ саналади, – дейди Оҳангарон туманидаги 7-мактабгача таълим муассасаси ошпази З.Мамадалиева. – Боиси, танловда қатнашиш жараёнида маҳоратимиз янада ошди. Фаолиятимиз юзасидан ҳамкасбларимиз билан ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдик.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Юқори Чирчиқ туманидаги 4-МТМ ошпазлари биринчи ўринни қўлга киритиб, танловнинг мамлакат босқичида иштирок этадиган бўлди. Зангиота туманидаги 11-МТМ вакиллари иккинчи, Қибрай туманидаги 36-МТМ ошпазлар жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Ғолибларга махсус диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

А.Худойқулов ЎзА
7 708