ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

БМТнинг юбилей сессияси очилмоқда

БМТнинг юбилей сессияси очилмоқда

БМТ Уставига кўра ташкилот олий органи бўлмиш Бош Ассамблеянинг навбатдаги сессияси ҳар йили сентябрь ойининг учинчи сешанбасида очилиши белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, бугун Нью Йорк шаҳрида Бош Ассамблеянинг навбатдаги сессияси очилиши кутилмоқда.

Бу йилги сессия аввалгиларидан қуйидаги жиҳатлари билан фарқ қилади:

1. Бу юбилей сессия бўлиб, 75-бор ўтказилмоқда (жорий йилда БМТ ташкил этилганига ҳам 75 йил тўлди). Пандемия сабабли сессия масофавий, яъни онлайн шаклда ўтказилиши режалаштирилган.

2. Онлайн ўтказилаётгани сабабли унинг пленар мажлисларида аввалгилардан кўра кўпроқ давлат ва ҳукумат бошлиқлари иштирок этиши кутилмоқда. Давлат раҳбарларидан фақат АҚШ Президенти Дональд Трамп ташкилотнинг Нью Йорк шаҳридаги қароргоҳидан иштирок этади. Бошқа давлат раҳбарлари масофавий тарзда иштирок этадилар ва ўз маърузаларини видеоконференция шаклида ўқиб берадилар.

3. Бош Ассамблея 75-сессиясига илк бор Туркия вакили раислик қилади.

4. Анжуманнинг асосий тадбирлари 22-30 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Шу бир ҳафта ичида кўплаб давлат раҳбарлари маъруза билан чиқиш қилади.

5. Анжуман кун тартиби 78 банддан иборат бўлиб, ташкилотни ислоҳ қилишдан тортиб, Сурия, Ливия ва Ямандаги минтақавий можароларгача турли масалаларни қамраб олади.

6. Коронавирусга қарши кураш, вакцина эгоизмига йўл қўймаслик, соғликни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, пандемия шароитида аҳолининг ночор қатламларини ҳимоя қилиш каби масалалар ҳам муҳокамалар марказида бўлиши кутилмоқда.

Қодир Жўраев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
депутати

1 664
ЎзА