БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланиш учун Ўзбекистон номзоди илгари сурилади
“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида Давлат дастури ижросини кенг ёритиш бўйича медиа-кампания давом этмоқда.
“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида Давлат дастури ижросини кенг ёритиш бўйича медиа-кампания давом этмоқда.
Навбатдаги кун Давлат дастурининг бешинчи устувор йўналиши – Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасида белгиланган чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича фикр алмашилди.
«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ўзбекистоннинг мутлақо янгиланган ташқи сиёсатини амалга оширишда мамлакатнинг халқаро иқтисодий рейтинглардаги мавқеини яхшилаш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан муносабатларни ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шунингдек, минтақавий туризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилаётганини алоҳида қайд этди.
Жорий йилги Давлат дастури бешта устувор йўналиш бўйича жами 284 та бандни амалга оширишни назарда тутади, шундан 16 таси бевосита ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар билан алоқадор.
Таъкидланишича, 2021-2023 йилларда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланиш учун Ўзбекистон номзодини илгари суриши назарда тутилмоқда. Айни пайтда инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси тасдиқланган бўлиб, мазкур ҳужжат бу соҳада давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш, халқаро майдонда мамлакат нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Халқаро давра суҳбатининг иккинчи қисмида тақдим этилган маълумотлар муҳокама қилиниб, умумлаштирилди ҳамда иштирокчиларнинг эътибори аниқ таклифларни ишлаб чиқишга қаратилди. Умуман олганда, мазкур мулоқотлар Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида ташқи сиёсат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг аҳоли қатлами ва хорижий аудиторияни таништириш имконини беради. Бу, ўз навбатида, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.