ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

БМТ Бош котибининг Ёшлар масалалари бўйича элчиси Ўзбекистон ёшларига табрик йўллади

БМТ Бош котибининг Ёшлар масалалари бўйича элчиси Ўзбекистон ёшларига табрик йўллади

Ўзбекистонда 2017 йилдан бошлаб 30 июнь – Ёшлар куни сифатида нишонлаб келинмоқда. Шу муносабат билан БМТ Бош котибининг Ёшлар масалалари бўйича элчиси Жаятма Викраманаяке мамлакатимиздаги йигит-қизларга самимий табрик йўллади

“Ассалому алайкум!

Мен Жаятма Викраманаяке - БМТ Бош котибининг Ёшлар масалалари бўйича элчисиман.

Сизларни кетма-кет иккинчи йил Ўзбекистонда Ёшлар куни муносабати билан қутлаётганимдан мамнунман.

Мамлакатингиз барқарор ва ривожланган давлатга айланиб бораркан, бу жараёнда Ўзбекистон гендер тенглигини таъминлашга содиқ қолаётгани ва ёшларни ривожлантириш масалаларига доимий эътибор бераётгани бизни чин маънода қувонтирмоқда.

Ёшлар мамлакат келажаги учун катта имконият эгалари ҳисобланади. Ўзбекистонда аҳолининг учдан икки қисмини ўттиз ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Шу боис ёшлар салоҳиятини ошириш, улар учун муносиб иш ўринлари ва бошқа даромад манбалари яратишга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралаётгани, ушбу жиҳатга инвестициялар кенг жалб қилинаётгани мамлакатда тараққиёт ва барқарорликка эришиш гарови бўлиб хизмат қилади.

БМТ доирасида ҳамда миллий платформалар ёрдамида ёшлар талаб ва эҳтиёжларига йўналтирилган дастур, ташаббусларни уйғунлаштириш мақсадида мамлакат ёшлари билан мулоқот кучайтирилаётгани барчамизга мамнуният бахш этади.

Ҳамкорликни кенгайтириш, жонли инновацион инвестиция экотизимини яратиш, ёшларнинг ташаббус ва инновацияларини кенгайтириш, шу жумладан давлат билан хусусий сектор ўртасида уйғунлик яратилиши натижаларни жадаллаштиришнинг ишончли йўлидир.

Мамлакат ёшлар соҳасидаги мажбуриятларини бажариш йўлида олдинга интилаётган бир даврда ислоҳотларнинг барча йўналишлари қамраб олиниши, ҳеч кимни, шу жумладан ёшларни орқада қолдириб кетмаслик шиоримиз ҳаётга тадбиқ этилиши жуд муҳим.

Аҳолининг заиф қатламлари муаммоларига алоҳида эътибор бериш зарур. «Ёшлар – 2030» – БМТнинг ёшлар масаласидаги мақсад ва вазифаларга эришишда баркамол авлод ва ҳукумат билан бирга ишлаш, турли манфаатдор томонларнинг куч ва салоҳиятини бирлаштириш имкониятидир.

Шу ўринда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистон ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлашни истардим.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни миллий байрам – Ёшлар куни билан табриклаймиз!

Эътиборингиз учун раҳмат!”

1 937
ЎзА