ЎзА Ўзбек

23.06.2020 Чоп этиш версияси

«Блогерларнинг ишончли манбаси йўқ» — мустақил журналист

«Блогерларнинг ишончли манбаси йўқ» — мустақил журналист

Бугун ахборот майдонида рақобат кучли. Айниқса, шиддатли даврда тезкорлик ўта муҳим. Блогерлар ҳам пешқадам бўлиб аудиториясини тобора кенгайтириб бормоқда. Асосийси, бир пайтлар ёзиш ва гапириш бўлмаган мавзулар ҳам, муаммолар ҳам дадил ёритиляпти. Хусусан, Фарғона вилоятида кўплаб журналист ва блогерлар қайноқ ҳаёт ичида фаолият кўрсатмоқда.

Снимок.PNGРиштонлик мустақил журналист Баҳодир Элибоев ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишлари орқали ўқувчиларга яхши таниш. У Жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида таҳсил олган. «Ёш куч» журнали, «Даракчи», «Савдогар» газетасида ишлаган. 2006 йилдан буён инсон ҳуқуқларини ҳимояси йўлида қалам тебратиб келади. Биз Б.Элибоевга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

– Ўзбек журналистикаси жамиятда ўзининг ўрнини топа олганми? Журналист қандай бўлиши керак?

– Рости билмайман журналист қандай бўлиши кераклигини. Менимча, ҳозирги кунда тарбияли бўлиши керак. «Ҳеч киммасман» деб ўзига баҳо бериши керак. Тарбия бу этика дегани. Ёш журналистларимизда мана шу нарса йўқдек. Журналистикада розилик олиш муҳим. Респондентдан розиликсиз кўп аудио, видео материаллар чиқиб кетяпти. Бу агрессив журналистика дейилади. Журналистнинг бундай маҳсулоти жамиятда агрессияга сабаб бўлади. Негатив кайфиятга сабаб бўлади. Мард бўлиб, журналист эканлигини айтиб, «гапларингиздан мақоламда фойдалансам бўладими?» ёки «сизни суратга оляпман, розимисиз?» деб сўраши керак бўлган ҳолда бундай этик қоидалар унутиляпти.

Иш юзасидан турли идораларга бош уришга тўғри келади. Улар ҳам одам. Фаришта эмас. Ўша пайтда кайфияти йўқдир балки. Ҳар хил гап чиқиши мумкин оғзидан. Журналистнинг бирламчи мақсади амалдорнинг характерини олиб чиқиш эмас, балки ўша пайтдаги саволларига жавоб олиши бўлиши керак.

Ҳозирги айрим журналистларда рухсат сўраш ҳам йўқ, эшикдан кирар-кирмай камерасини ёқади. Бу сариқ матбуот ҳисобланади. Сариқ матбуотнинг иккинчи номи тутуриқсиз матбуотдир. Албатта бу айрим амалдорнинг асабига тегади. Мамлакат ҳаётида хабарчилик билан шуғулланаётган одам ўрнини билиши керак. Мен иқтисодиётга, сиёсатга, ижтимоий ҳаётдаги қарорларда овозга эга эмасман. Бу ишлар билан шуғулланаётган одамлардан хабар олиб халққа етказаман. Ишим хабарчилик экан, нега унинг жиғига тегиб, асабига ўйнашим керак? Модомики, ўзим қоидага бўйсуниб ўйнамадимми, амалдордан ҳам қоидасизликни кутишим керак бўлади.

Энди хабаркашлик фақат тепадан олиб пастга эмас (бу кўпроқ расмий журналистларда кузатилади) пастдан тепага олиб бериш ҳамдир. Қайсидир фуқарога ҳақсизлик бўлди. Буни ёритиш керак. Қўрқдимми, яхшиси бу ишни йиғиштириш керак. Халққа ёқиш-ёқмаслигидан қатъий назар, амалдорнинг фикрини чиқаришга куч топдими, энди халқнинг дардини ҳам чиқаришда журъатли бўлиши керакда. Акс ҳолда ҳурматини йўқотади.

– Кўпроқ ижтимоий тармоқлар орқали ижтимоий-иқтисодий муаммолар кўтарилмоқда. Газета ва журналлар эса негадир бу шиддатли даврга мослаша олмаяпти. Бу ҳақида қандай фикрдасиз?

  • Босим остидаги матбуот кўп ҳам ривожланиб кетолмайди. Шундай бўлсада, дадиллик сезилмоқда. Ҳозирги расмий журналистлар анча дадил мақолалар чиқаришяпти. Уларни тан олмай илож йўқ.

Лекин гап фақат дадилликда эмас. Даврийликда ҳамдир. Ахборот сутдан ҳам тез айнийдиган маҳсулот. Сиз уч кун олдинги овқатни емасангиз керак. Газеталар эса бир ҳафта олдинги маҳсулотни сотишга уринадилар. Ахборот асри деймизу, ҳануз газеталаримиз ҳафталик нашр бўлиб турибди.

Ҳар куни чиқариш керак газетани. Бир кунда икки марта чоп этиладиган қилиш керак. Тонги хабарлар ва кечки хабарлар. Журналистларимиз бу масалада жуда ялқов бўлиб қолганлар. Ҳафтада 1-2 босма табоқни тўлдириб қўядиларда, кейин юрадилар. Бу журналистика эмасда.

Расмий журналистларимиз вақт йўқлигини баҳона қилишлари мумкин. Журналистикани ҳар йили нечта талаба битиради? Вақт етишмаса, янги ходимларни ишга олиш керак. Битта нашрда 4-5 та журналист ишлашини ҳозирги кунда тушуниш қийин. Бундай пайтлар ҳам бўлган. Ҳооо жадидлар пайтида журналистика касб сифатида энди-энди жамиятимизга кириб келаётганда шундай бўлган. Лекин ҳозир давр бошқаку. Кўпчилик журналистикага ёки ахборот тарқатишга қизиқади. Шундайларни жамоага жалб қилиш керак. Лекин бўлмаяптида.

Кейинги масала нархида. Газета нима дегани? «Бир тийин» дегани эмасми? Ҳозирчи? Нарх бундай қиммат бўлса, ривожланмаслиги аниқ. Битта газета, айтайлик, 50-100 сўм бўлганида эди, одамлар талашиб оларди. 2-3-5 минг бўлиб турса, ким ҳам оларди? «Риштон ҳақиқати» газетасининг чоп этилиш баҳоси 4 000 сўм. Андижонда нашр қилинади. Энди қанчага сотилишини сиз ўйланг.

Ҳам нархида, ҳам тезкорлигида, ҳам эркинлигида ижтимоий тармоқлардан орқада бўлган газетани яхшиси кўмиб қўя қолиш керак. Ёки шу омилларда пешқадамликни қўлга киритади ёки ...

– Блогер ва журналист ўртасида фарқни сиз нималарда кўрасиз?

– Агар дипломни ҳисобга олмасак, унча катта фарқни кўрмайман. Блогер даврга мослаша олди. Журналистлар эса ҳануз қолипда. Айрим таҳририятларнинг телеграм каналлари йўқ. Веб-сайтлари йўқ, бори ишламайди. Веб-сайти тезкорлик билан ишлайдиган газеталарни бармоқ билан санайсиз.

Электрон газеталарнинг даври келган, биз эса ҳануз қоғозлар ичида ўралашиб қолганмиз. Электрон газеталар ўрнини эса блоглар, ижтимоий тармоқдаги саҳифалар эгаллаган. Блогерлар эса шу майдонда жавлон урмоқда.

Айрим журналистлар ўз шахсини, журналист деган номини жамиятда ушлаб туриш учун ўз блогларини яратиб олганлар. Лекин бу уларнинг ўзига фойда, улар ишлайдиган таҳририятга очко келтирмайди.

Блогер ва журналист ўртасидаги яна бир муҳим фарқ – ахборот берувчи ва ахборот олувчи ўртасидаги муносабатда ҳамдир. Блогер бир нима ёзса, унга дарров муносабат билдиришади. Салбий ёки ижобий муносабатлар бериш мумкин. Радио, газета ва ТВ журналистлари бир томонлама ишлайдилар. Яъни улар ахборотни берадилару, қандай таъсир қилди, қандай муносабат бўляпти, униси қизиқмас улар учун. Яхши блогер ҳар бир ўқувчиси билан ишлаши керак, деб ўйлайман. Имкон қадар барча изоҳ ёзувчига жавоб қайтариши керак. Унинг фикри ёқиши-ёқмаслиги бошқа масала. Яхши журналистда одатдаги гап: «фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз». Ҳатто қизиқчилар томошабин билан ишлаётган пайтда, журналистлар нега ўз аудиторияси билан ишламайди.

– Муаммоларни кўтариб чиққан мухбир бўладими ёки блогер, албатта, раҳбарларга ёқмайди Сизни фейсбукдаги саҳифангизни кузатиб бораман. Анча журъатлисиз. Муаммоларни қўрқмай олиб чиқасиз. Ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ҳам баъзида танқид қилгансиз.Жамиятимизда очиқлик сиёсати олиб борилаётган бўлсада, барибир ОАВ ходимларига босим, тазйиқ бор. Сизда ҳам шундай ҳолатлар бўлганми?

– Қуёш чиқса ҳамма баробар исийди, қор ёғса ҳамма баробар совуқ қотади. ОАВ ходимларига босим ва тазйиқ бор деяпсиз. Бундай босимлар, руҳий тазйиқлар менда ҳам бўлган. Лекин бу ҳақда кўп тўхталишни истамасдим. Чунки босим ва тазйиқ ҳақида гапириш, журналистикага янги кириб келаётган ёшларни чўчитиб қўяди. Қўрқувни иложи борича ёймаслик керак. Ҳатто ривожланган давлатлардаям журналистларни ёқтиришмайди. Биздан заиф ва биздан кучли давлатларда ҳам журналистлар таъқибга учраш ҳоллари бор. Шуниси билан ҳам журналистикада бу. Энди журналист амалдорнинг хатосини очиб берадию, ёқармиди?

Баҳодиржон, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг сайтини кузатиб борасизми?

Телеграм каналини кузатиб бораман. Обуначисиман. Амалдорлар қандай қабул қиларкан деб ёзилган материаллар кўпроқ. Амалдор учун ёзадиган таҳририятнинг ўқувчиси кам бўладида. Чунки мамлакатда амалдорлар оддий фуқаролардан анча кам. Амалдорнинг кўзига эмас, халқнинг қалбига кириб борувчи мақолалар ёзилса, ўқувчи кўпайиб бораверади. Бошқа томондан ҳозир каналлар ҳам кўпда.

Айрим блогер ва сайт ходимлари шошма-шошарлик билан фейк хабарларни тарқатиш ҳолатлари учраб турибди. Яқинда Фарғона вилояти ҳокими ҳақида ҳам шундай бўлди. Бу малакасизликми ёки аудиторияни ўзига жалб қилишми? Шахсий фикрингиз...

– Ҳар бир журналистнинг ўз ахборот манбаси бўлади. Ўша куни ва бир кун олдин бизга хабар келганди. Рости ишонмайроқ тургандик. Эртасига хуман.ўз нашри чоп қилгач, демак рост экан деб мен ҳам эълон қилдим. Қолганлар ҳам берворганди. Лекин бу хабар оддий одамлардан чиққан эмас эди. Бу ерда шошма-шошарлик эмас, расмий қатламдаги ахборот манбасига ишониб қолиш ҳолати юз берди.

Блогерларнинг муаммоси шу ерда кўринди: ишончли ахборот манбаси йўқ. Ичкаридан чиқаётган хабарларни текшириш имкони йўқ. На журналист ва блогерларни ичкарига киритишади ва на ўзлари пишган ахборотни сиздиришади. Балки расмийларнинг мақсади халқнинг реакциясини кўриш бўлгандир. Ахир ижтимоий тармоқ 2 соатга бўлсаям портладию.

Мустақил журналист ва блогерларнинг муаммоси расмий қатлам билан иттифоқда ишламаслигидир. Амалдор журналистга дўст бўла олиши керак. Намунча танқид қиласан демасдан холис ахборотни бериб борса, журналист ўтлаб кетмайди. Расмийлар журналист ёки блогерлардан қочиб юрса, битта интервью қилайлик десангиз, ҳозир вақтим йўқ деса, мавзу долзарб, лекин ишончли фикр йўқ. Таҳминларини бериш орқали ахборотини узатади. Журналистиканинг ривожига фақат журналист эмас, расмийлар ҳам тенг масъул бўлишлари керак. Холис ахборотни беришсин, чиқарайлик. Беришмаса, айблашмасин. Шошилма дейиш керак эмас. Ахборот шошиладиган иш. Айтдимку, тез айнийди деб. Аудиториясини ютқазиб бораверади. Ғарб ёки шимол ОАВси бизнинг аудиторияни эгаллаб олишидаги катта сабаб ҳам аслида шунда. Ўзимизникилар билан ишламайдилар.

  • Суҳбатингиз учун раҳмат!

ЎзА мухбири Маъсуджон Сулаймонов

суҳбатлашди


8 495
ЎзА