ЎзА Ўзбек

26.06.2020 Чоп этиш версияси

"Блогер таътилга чиқмайди, унинг дам олиш куни ҳам йўқ" — блогер блогерлар ҳақида

"Блогер таътилга чиқмайди, унинг дам олиш куни ҳам йўқ" — блогер блогерлар ҳақида

Блогерлик – жамиятда танқидий дунёқарашни ўстириш, халқ билан мулоқот қилиш, керак бўлса, уни ортидан эргаштиришда энг самарали ва синалган механизм. Кўпинча «Блогерлар керакми? Журналист кучлими блогерми?» каби саволларга дуч келаман. Журналист билан блогерни солиштириш кулгили туюлади менга. Масалан, давлатни бир инсон шаклида оладиган бўлсак, журналист ўнг қўли бўлса, блогер чапи. Мамлакат ривожи учун журналист билан теппа-тенг ҳаракат қилаётган инсон. Журналист маълум воқеа-ҳодисани оммага ёритиб, ҳавола қилгач, уни янаям халққа етиб боришини таъминловчи, ўша воқеа хусусида халқнинг муносабатини шакллантирувчи қатлам. Шундай экан, нега энди блогерлар керак эмас? Жудаям керак. Биз, журналистлар уларга рақиб сифатида эмас, ҳамкор, ёрдамчи сифатида қарашимиз, зарур ўринларда миннатдорчилик ҳам билдиришимиз лозимдир, балки.

Блогерларга икки жиҳатдан ҳавасим келади:

Биринчидан, уларнинг ўқувчиси билан ўзаро мулоқот қилишга, материали юзасидан ўқувчи фикрини (салбий ёки ижобий) билишга вақти, қолаверса, майдони бор. Журналистдачи? Ўқувчилар муносабатини билиш унга қизиқ эмас, дейиш нотўғри. Ҳар бир инсон ўз меҳнати натижасини билишга қизиқади, меҳнатнинг ҳузур берадиган жойи ҳам шунда. Аммо вақти борми? Кейинги топшириқ кутиб турибдику! Тв ёки интернет журналисти қаердан билсин лавҳа ёки мақоласи ёқдими-йўқми? Биттагина омил бор – кўрувлар сони. Шу жиҳатдан блогерлар бахтлироқ.

Иккинчидан, блогернинг ўзидан бошқа цензори йўқ. Ёзади, таҳрир қилади ва улашади. Журналистнинг битта материали муҳаррирлар кўригидан ўтгунича, кўп ҳолларда янгилик эскириб бўлади.

Шу ўринда айрим «диванный блогер»ларнинг бир ҳаракатидан уялиб кетаман, лекин ўзлари уялмайди, шуни ўзига эп кўрадики, кўпчиликка ҳавола қилади. Эътибор беринг, ахборот дастурида кетувчи битта лавҳа устида бутун бошли «команда» ишлайди, неча соат, балки неча кун вақти кетар. Аммо шоввоз блогерларимиз эса нима қилади? Керакли жойини қирқиб оладида, эътибор беринг, канали номини қўйиб қўяди, энг уятли ва кулгили жойи ҳам шунда. «Ўртоқ блогер, бу ишни қилишга сизга неча дақиқа ёки сония кетди? Муаллифдан сўрадингизми? Розилигини олдингизми?» дейдиган одам йўқ. Бировнинг меҳнатини қадрламайдиган одамларни ҳурмат қилмайман, очиғи. Бу «очко» олиш пайида бировнинг юзига тупуришдек гап.

Asaxiybooks муаллифлик ҳуқуқи бўйича жуда яхши тажрибани йўлга қўйди. Ҳатто асар муаллифи ёки таржимони ҳам ўз телеграм каналида асарни эълон қилишга ҳақли бўлмаяпти. Шундай тажрибалар балки кўпчилигимизга бировнинг меҳнатини қадрлашни ўргатса, ажаб эмас.

Сўнгги пайтларда миллий контентда шахсни ҳақорат қилиш, масхаралаш авж олди. Савол туғилади: Ўртоқ блогер, сизга ёқмайдиган одамни ҳақоратлаб, ўзингизни худди у каби тутмаяпсизми? Ҳаққингиз борми бунга? Ҳақорат ёки масхараомуз постларни кўрсам, ўққа тутилувчи эмас, ўққа тутувчи тўғрисида тасаввур пайдо бўлади менда. Блогер ўзининг шахс сифатидаги «мен»ини кўрсатиб қўяди.

Шу ва бошқа омиллар сабабли кунлик сўнгги янгиликларни ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган kun.uz, daryo.uz дан, ҳукумат қарорлари, расмий маълумотларни эса Ўзанинг телеграм каналидан оламан.

Миллий контентда қайси ва қандай каналларни кузатаман? Асосан қизиқишларимдан келиб чиқиб, маълум соҳага ихтисослашган, масалан, психология (@PsixoBLOGuz, @psixologikbilimlar) IT (@ITbusiness_school), китобхонлик (@kitoblog, @kitoboqiuz), кино (@kinosanati, @kanal33), илм-фан (@nega_unday), шеърият (Усмон Азим, Нафиса Омон), болалар (@Bolajonustaxonasi, @jajjiakademik) га оид каналларни мунтазам кузатиб бораман. Буларда «ўтлаб кетиш» йўқ, тор соҳани кенг ёритишга интилишади.

Шахсий каналлардан эса тил, тарих ва маданиятга оид маълумотларни академик ва сифатли усулда бериб бораётган Асанов формати, юмор, кўпроқ сатирага йўғрилган постлари, шунингдек, гуруҳи томонидан таржима қилинаётган бестселлер асарлар ва маърузалари учун Алимофф, турли мавзуларни қамраб олган, аммо дид ва савияли мақолалар қўювчи Кактус каналларини севиб мутолаа қиламан.
Ўзимни блогер деёлмайман, аммо китоб ва кинога оид Bookinemaniya канали админи сифатида айтишим мумкинки, блогерлик юкини ҳис қилувчилар, уни касбга айлантирганлар учун бу оғир ва машаққатли касб. Блогер тинимсиз изланишда бўлиши, ҳар куни қандайдир қизиқарли, шу билан бирга фойдали пост қўйиши зарур. У тинимсиз, кунига 24 соат, ҳафтасига 7 кун ва йилига 12 ой ишлашга маҳкум. Ўзимнинг мисолимда айтсам, муштарий «Майли бугун китоб ўқиб олсин, кейин тақризи билан бўлишар» деб кутиб турмайди. Блогерликда мунтазамликка амал қилганлар ютади.

Аммо блогернинг «шедевр» ёзиши қийин, чунки кундалик, муттасил меҳнат «Бугун нима ёзсам экан?» саволинигина қўйишга мажбур қилади. «Қандай ёзсам экан?» деган савол иккинчи «план»га тушиб қолади. Обуначини йўқотмаслик учун уларнинг диди ва савиясига мослашади, уларни ўз ортидан эмас, ўзи уларнинг ортидан кетиб қолади кўп ҳолларда. Шу сабабли блогернинг шахсий ривожланишига шубҳам бор. Шедеврлар эса ҳар куни ҳам яралавермайди. Бунинг учун вақт, катта меҳнат ва баъзан ёлғизлик, дунёдан, ижтимоий тармоқлардан, одамлардан узилиш керак.

Севара АЛИЖОНОВА,
«Олам аро» журнали бош муҳаррири,
@Sevaraalijonova бошқарувчиси

3 239
ЎзА