ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Бизни қандай хавф кутяпти?.. Яна тўйлар ҳақида...

Бизни қандай хавф кутяпти?.. Яна тўйлар ҳақида...

Бир аср муқаддам буюк аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий "Бизни кемиргувчи иллатлар" мақоласида ҳашаматли тўй ва таъзияни миллатни хонавайрон ва ғариб этгувчи «қаттол душман»га қиёслаган.

Ушбу иллатлар билан юртимизда доим курашишга ҳаракат қилиб келинган. Йиллар давомида зиёлилар, диний уламолар ҳамда жамоат ва давлат ташкилотлари томонидан тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишлари олиб борилган. Лекин, ушбу иллатлар камайиш ўрнига тобора кучайиб борди, одамлар ўртасида тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш ёмон «мусобақа»га айланди, турли-туман янги одатлар билан «бойитилди».

Охирги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан парламентимиз томонидан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, турли маърака ва маросимлар ўтказишни тартибга солиш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилиб, қатъий маъмурий чоралар белгиланди. Афсуски, саъй-ҳаракатлар аҳоли ўртасида, айниқса, ижтимоий тармоқларда баъзан ноўрин эътирозлар ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим пул топиб, ақл топмаган кишилар дабдабали тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ўтказишдан ўзини тийишни истамади.

Синовли кунлар ҳар хил тортишувларга барҳам бериб, асрлар давомида курашиб келинаётган иллатларга чек қўйди. Пандемия вақтида вирус билан зарарланиш хавфи турмуш тарзимизни бутунлай ўзгартириб, тартибга, меъёрга риоя этишга мажбур қилди.

Маълумки, махсус комиссия қарори билан вирус хавфи кам ҳудудларда 30 кишилик, ихчам никоҳ тўйлари ўтказишга рухсат берилди. Шу кунларда мазкур тартибга асосан тўйлар ихчам ва ортиқча исрофгарчиликсиз ўтказилмоқда. Тўйдан иқтисод қилинган маблағлар ёш оилани моддий таъминотини мустаҳкамлашга сарфланяпти. Ўзим иккита тўйга йиллар давомида ҳозирлик кўрган оила 30 кишилик тўйдан ортган маблағга автомашина олганини эшитдим. Тўғриси, бундай хабарлар одамни қувонтиради.

Ўзаро суҳбатларда исрофгарчиликсиз, ортиқча дахмаза ва дабдабасиз ўтаётган тўйлар кўпчиликка манзур бўлаётганини эшитяпмиз.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан яқинда ўтказилган сўровнома ҳам фуқароларимизнинг ихчам тўйлар ўтказишга бўлган муносабати тубдан ўзгарганини кўрсатмоқда. Сўровномада иштирок этганларнинг ярмидан кўпи 30 кишилик тўйни ёқлаб овоз берган, қолганлари эса 100 ва 200 кишилик тўйни ёқлаган, бирорта фуқаро дабдабали тўй ўтказишни ёқламаган.

Албатта, бугунги кунда миллатни хонавайрон ва ғариб этгувчи «қаттол душман»га умумий муносабатимиз ўзгаргани, тўй ва маросимлар ихчам ўтказилаётгани қувонарли ҳолат. Биз буни анъана даражасига кўтаришимиз керак, деб ўйлайман.

Лекин, бу осон эмас. Чунки янги кўникмани асраб қолиш фақат тўй қилувчиларнинг дунёқараши, истаги билан амалга ошиши қийин.

Бизни қандай хавф кутяпти?

Бозор иқтисодиётининг талаб ва таклиф каби ўзгармас қонунлари бор. Нафақат талаб таклифни шакллантиради, балки таклиф ўз навбатида талабни вужудга келтиради.

Кейинги йилларда юртимизда тўй-ҳашамлар билан боғлиқ катта хуфиёна индустрия шаклланди. Деярли барча қишлоқларда серҳашам тўйхоналар барпо этилди. Тўйхоналар атрофида ўртакашлар, дастурхончилар, пишириқчилар, безакчилар, суратчилар ва бошқа сон-саноқсиз турли хизматлар ривожланди. Ушбу хизматлар мажмуаси катта маблағ айланувчи, катта даромад келтирувчи ҳамда хуфиёна иқтисод билан чамбарчас боғлиқ «тўй-ҳашамлар индустрияси»ни ташкил қилади. Бу индустрияга олғир «тадбиркор»ларнинг миллиардлаб маблағлари тикилган ва бу маблағлар уларга даромад келтириши керак.

Энг хавфлиси, ушбу индустрияда давлат органларида ишлаб туриб, коррупцион пуллари эвазига ўз бизнесини ташкил қилган кимсалар ҳам йўқ эмас. Табиийки, тўй-ҳашамлар ихчамлашиши, камхарж ўтказилиши уларнинг «манфаат»ларига тамомила зид келади. Шунинг учун улар зимдан фаол қаршилик кўрсатишни бошлайди. Пандемиядан кейин енгилликлар берилганида, «тўй-ҳашамлар индустрияси» дабдабали маросимлар ўтказиш бўйича агрессив тарғиботини бошлайди ва турли янги «хизматлар» таклиф қилиб, ҳавасманд ёшлар, соддароқ ота-оналарни харажат ботқоғига тортади. Фарзанди бахтини ўйлайдиган оиладан ҳар хил баҳоналар билан пул шилишнинг пайига тушади.

Бу муаммони бартараф этиш учун нима қилиш керак?

Авваламбор, «тўй-ҳашамлар индустрияси»да банд бўлган тадбиркорларга ўз фаолиятини бошқа йўналишда бошлаши учун имконият яратиб бериш керак.

Бунинг учун ҳукумат томонидан «тўй-ҳашамлар индустрияси»да банд бўлган тадбиркорлар тўғрисида аниқ маълумот тўпланиши ҳамда уларнинг фаолиятини фуқаролар ва жамият учун фойда келтирадиган фаолият турига ўзгартиришга ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши лозим.

Мисол учун, улкан тўйхоналар негизида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўргатувчи марказлар, педагог кадрларни касбга қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказлари, ёшларнинг маданий ҳордиқ чиқариш масканлари, фуқаролар ва жамият учун ҳақиқатда фойдали бўлган ижтимоий-маданий муассасаларни юзага келтириш керак.

Тадбиркорлик фаолияти йўналишини ўзгартириш мажбурлаш йўли билан эмас, балки солиқдан имтиёзлар бериш, имтиёзли кредитлар тақдим этиш, ўзгаришлардан манфаатдорликни ошириш орқали бўлиши керак.

Албатта, бу таклифлар гўёки тадбиркорликнинг қайсидир турларини чеклашга ҳаракат қилинаётгандай фикр уйғотиши мумкин. Лекин асло ундай эмас, тадбиркорликни чеклаш тарафдори эмасмиз. Биз тадбиркорлар миллатни, жамиятни таназзулга эмас, аксинча, тараққиётга, маърифатга етаклаши тарафдоримиз.

Улуғбек ВАФОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси

11 211
ЎзА