ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Бизнес-омбудсман тадбиркорга нисбатан қабул қилинган ноқонуний буйруқни бекор қилди

Бизнес-омбудсман тадбиркорга нисбатан қабул қилинган ноқонуний буйруқни бекор қилди

Айрим мансабдор шахслар давлат ҳимоясида бўлган хусусий мулкнинг дахлсиз эканини, ҳар қандай важ билан хусусий мулкни, шу жумладан, аввал хусусийлаштирилган мулкни олиб қўйиш, асосли заруратсиз мулкни бузиб юбориш ноқонунийлигини ҳамон англаб етмаяпти, ер участкаларини ажратишда ўзбошимчаликка йўл қўймоқда. 

Масалан, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ва “ISTEL” МЧЖ ўртасида имзоланган шартномага кўра, мазкур МЧЖга ётоқхона биноси инвестиция киритиш мажбурияти эвазига сотилади ва мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи (тасарруф этиш ҳуқуқисиз) давлат ордери берилади. 

МЧЖ инвестиция мажбуриятини бажарган бўлса-да, бошқарма томонидан юқоридаги сотиб олиш бўйича шартнома ва давлат ордери қонун ҳужжатларига зид равишда буйруқ билан бекор қилинган. 

Норматив-ҳуқуқий базага назар ташласак, шартномалар бир томонлама ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши тақиқланади. Ундан ташқари, бошқарма давлат ордерини бекор қилиш учун ваколатга эга эмас. Шунингдек, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунга асосан ордер фақат суд қарори орқали бекор қилиниши мумкинлиги белгиланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан, Бизнес-омбудсман “ISTEL” МЧЖ манфаатида маъмурий судга Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига нисбатан даъво ариза киритди. Натижада, суд томонидан тадбиркор ҳуқуқлари тикланиб, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси буйруғи бекор қилинди. 


Ўктам Чориев, 
Бизнес-омбудсман етакчи инспектори 

742
ЎзА