Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.02.2018 20:40 Чоп этиш версияси

Бизга ўрмон керакми? Унда йўл қўйилган хатоларни тузатиш вақти келди

Ўзбекистон ўрмон хўжалиги ноёб манзарали ва мевали дарахтларга бой, доривор ўсимликлари хилма-хил. Бугунги кунда мамлакатимиз ўрмон фондидаги 300 хилдан ортиқ ўсимлик ва 180 турдан зиёд ҳайвонлар “Қизил китоб”га киритилган.

Мустақиллик йилларида мазкур соҳада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилгани туфайли айни пайтда давлат ўрмон фонди ерлари ҳажми республика умумий ер майдонининг 25,2 фоизини ташкил этмоқда. Ҳолбуки, бу кўрсаткич мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида 5,3 фоиздан ошмас эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўрмон хўжалигига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил этилди. Пировардида, ўрмончиликни ривожлантиришнинг мустаҳкам асоси яратилди.

Энди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мавжуд ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, ундаги ресурсларни ривожлантириш, ўрмонзорлар, дарахтзорлар, боғлар барпо этиш, уларни қўриқлаш, муҳофаза қилиш, иқтисодий, географик ландшафт қиёфасини ўзгартириш каби вазифаларни бажаради. Бу каби чора-тадбирлар катта иқтисодий самара беради ва экологик вазият мувозанатини яхшилайди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги қонунида ўрмонларни қўриқлаш, муҳофаза қилиш, кўпайтириш, қайта тиклаш, фойдаланиш маҳсулдорлигини ошириш каби масалаларни ҳал қилиш мезонлари белгилаб берилган. Афсуски, ўрмончилик тизимида ўрмонни қўриқлаш ва уни муҳофаза қилиш ишлари айрим ҳолларда кўр-кўрона амалга ошириб келинаётгани кўнгилни хира қилади.

Бу борада энг катта муаммолардан бири – мамлакатимиз ўрмонлари ҳозирги замон талаблари асосида инвентаризация қилинмаганида. Яъни, миллиардлаб сўм миқдорига тенг бўлган ўрмонлар ҳисобга олинмагани ачинарлидир. Ваҳолакни, ўсиб турган ҳар бир дарахт, кўчат ҳисобга олиниши ва қиймати билан кирим қилиниши лозим. Шундагина биз нимани қўриқлаётганимиз ва муҳофаза қилишимиз аён бўлади. Шу боис, ҳар йили мамлакатимизда экилаётган ва ўсиб турган миллионлаб туп кўчатлар, дарахтлар нобуд бўлмоқда.

Энг ёмони, ҳар йили экилиши керак бўлган 42 минг гектар майдондаги ўрмонлар охирги 25 йил давомида тўлиқ экилмасдан қолди. Кўпинча қум-саҳро ҳудудларда экилди-ю қовжираб қолгач, ҳисобдан чиқариб ташланди.

Эътиборингизни бир ҳолатга қаратмоқчиман. Бир ёки икки дона ўсиб турган дарахтни кесган одам устидан жиноий иш қўзғатилади, аммо гектарлаб ўрмонни экмаган масъул шахслар жавобгарликка тортилмайди. Буларга ажратилган маблағ қаерга кетгани билан ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ.

Энди камчиликка мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Чунки, давлат муҳофазасида бўлган умуммиллий бойликнинг аниқ сони, миқдори ва сифати бўлиши, назоратдан четда қолиб кетадиган мулк эса бўлмаслиги керак. Шунинг учун фақат ўрмон хўжаликларида эмас, балки шу соҳага ихтисослашган барча хўжаликларда экилган кўчат ва ўсаётган дарахтлар сонини, сифатини, уларнинг майдонини ҳисобдан ўтказиб бориш, қаттиқ назорат ўрнатиш мақсадга мувофиқ.

Таъкидлаш жоизки, мазкур соҳада шу пайтгача ижтимоий, иқтисодий ва экологик фаолият тарзи ва соҳани бошқариш усуллари илмий-амалий жиҳатдан чуқур ўрганилмагани оқибатида бундай хато ва камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмади. Ваҳоланки, бугун дунё миқёсидаги кучли рақобат шароитида ҳеч бир соҳа илмий-амалий таҳлилларсиз ривожлана олмайди.

Ҳар қандай соҳани тараққиётга элтадиган ёки таназзулга тортадиган асосий омил – кадрларнинг жой-жойига қўйилиши. Бироқ яқин йилларгача ўрмон хўжалиги учун мутахассис кадрларни тайёрлаш ва уларни раҳбарлик лавозимларига тайинлашга кўпинча панжа ортидан қараб келинди. Оқибатда, кўп ҳолларда ўрмонга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, ўрмондан кўра шахсий манфаатини ўйлайдиган одамлар туман, вилоят, ҳатто республика миқёсида ишлаб келди. Тўғрисини айтганда, ўрмон хўжалиги бўлимларида ислоҳотлар таъсири сезилмади.

Ўрмон хўжалиги ноёб хусусиятларга эга соҳа. Унинг таркибида жуда муҳим иш турлари шунчалик кўпки, уларни бошқа ҳар қандай соҳа хусусиятлари билан таққослаб бўлмайди. Бу хўжалик ўзига хос алоҳида бошқарув технологиясини талаб қилади.

Бир қарашда ўрмон ҳаракатсиз, сокин, осойишта, қоронғу макондек кўринади. Аммо унинг ичида бир-бирининг ҳисобидан яшайдиган дарахт ва буталар, микроорганизмлар, ҳашаротлар, қушлар, ҳайвонлар бирикмасидан иборат мураккаб табиий ҳаёт мавжудки, уни ўрганишнинг ўзи катта билим талаб қилади.

Ўрмонларни қўриқлашни ташкил қилишда ҳам анчагина камчиликлар бор. Ўрмон қоровул-назоратчилари зиммасига асоссиз равишда 3-10 минг гектар ва айрим ҳолларда ундан ҳам кўп ўрмон майдонлари топшириб қўйилди. Бу уларнинг жисмоний қобилиятига мутлақо мос келмайди. Улар етарли миқдорда транспорт, от-улов, қурол-яроғ, алоқа воситалари каби зарур ускуналар билан таъминланмагани ҳам аччиқ ҳақиқат. Улар хизмат бурчларини бажараётган вақтда овқатланиши, дам олиши ва иш юритиши учун қурилган бошпана ёки бинони ҳам ўрмон хўжаликларида кам учратасиз. Мана, катта ўрмон майдонларини сифатли қўриқлаш ва муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммоларнинг илдизи қаерда.

Ўрмончиларнинг ойлик иш ҳақи ҳам пастлигича қолмоқда. Буни қайта кўриб чиқиш вақти аллақачон етиб келган. “Ўрмончилар куни” байрамини ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўрмончи” фахрий унвонини қайта тиклаш ўрмончиларнинг орзуси.

Бугунгидек шиддатли ислоҳотлар даврида ҳар қандай соҳа инновацияларсиз тараққиётга эриша олмайди. Шундай экан, ўрмон хўжалигини ҳам барқарор ривожлантириш ўрмонлар маҳсулдорлигини оширишда замонавий технологиялардан фойдаланиш зарур.

Шу пайтгача қишлоқ ҳудудларида ихота ўрмонзорлари барпо қилиш ишларига панжа орасидан қаралгани оқибатида ерости зах сувлари кўтарилиб, тупроқ шўрланиши кўпайиб кетди, унинг мелиоратив ҳолати ёмонлашди, экинларнинг ҳосилдорлиги пасайди. Энди суғориладиган ҳудудларда дала ихотазорлари барпо қилишни кучайтириш, ирригация каналлари ва объектларини, автомобиль йўлларини кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш лозим. Агар бу ҳудудларнинг ўрмон ихотазорлари билан қопланиш даражаси 6-8 фоизга етказилса, қишлоқ экинларининг ҳосилдорлиги 15-20 фоизга ошади, кўп миқдордаги сув тежалади. Бу билан нафақат ҳосилдорлик ошиб, иқтисодий самарадорлик юксалади, балки қишлоқ хўжалик ҳудудларининг қиёфаси шунчалик ўзгариб кетадики, гўзал ўрмон ландшафти барқарорлигига эришилади. Бу эса одамларнинг турмушига, соғлиғига, меҳнат унумдорлиги ошишига ва кайфияти юқори бўлишига ижобий таъсир қилувчи муҳим омилдир.

Абдухалил Қаюмов,
Тошкент давлат аграр университети профессори.

ЎзА
9 350