ЎзА Ўзбек

29.07.2018 02:45 Чоп этиш версияси

Бизда илмий янгиликларни амалиётга жорий этилиши нима сабабдан суст?

Бизда илмий янгиликларни амалиётга жорий этилиши нима сабабдан суст?

Чунки, илм қилган киши уни ўзи амалиётга жорий этишга ҳаракат қилади. Бу эса мутлақо нотўғри. Бизга фан ютуқларини жорий этувчи алоҳида тижорий компаниялар керак. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тошкент Халқаро Вестминстер Университетида ўтказилган тадбир давомида тўхталиб ўтди. Вазирлик ва “Buyuk Kelajak” экспертларининг ўзаро ҳамкорлик платформасини шакллантиришга бағишланган онлайн мулоқот давомида вазир хорижда фаолият кўрсатаётган Ўзбекистонлик экспертларга республикамизда инновацион ривожланиши борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Асосий эътибор эса Ўзбекистон Республикасининг 2021 йилгача инновацион ривожланиш стратегияси лойиҳаси муҳокамасига қаратилди.

Учрашувда қайд этилишича, ҳозирга қадар вазирлик порталига аҳоли ва мутахассислар томонидан инновацион тараққиёт стратегиясига оид мингдан ортиқ таклиф келиб тушган ва улар ҳозирда ўрганиб чиқилмоқда.

- Биз хорижда ишлаётган ёки ўқиётган ёшларни салоҳиятини юқори баҳолаймиз. Уларнинг тажрибалари муҳим саналади, -дейди Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров. - “Buyuk Kelajak” аъзолари билан илк видеокўприкни ўтказдик ва унда дунёнинг турли нуқталаридан мутахассислар иштирок этишди, улар билан яқиндан танишдик. Бу экспертлар бевосита илғор инновацияларни жорий этиш жараёнида иштирок этишяпти. Нуфузли ташкилотларда ва тадқиқот муассасаларида фаолият олиб боришади. Демак, улар бирон бир инновациянинг ютуқ ва камчиликлари борасида етарлича тасаввурга эга. Учрашувда билдирилган фикр ва таклифлар ўрганилади ва улар жорий этилади. Бугуннинг ўзида вазирлик бошқармалари ва “Buyuk Kelajak” экспертларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди.

Анжуман давомида, турли соҳаларга доир аниқ таклифлар, истаклар билдирилди. Жумладан, “Буюк келажак” экспертларининг таъкидлашича, юртимиздаги ҳукумат виртуал қабулхоналари, порталларини фақат мурожаат ва шикоятларни қабул қилувчи платформа эмас, балки тушаётган саволлар жавобни ҳам акс эттирувчи ахборот тизимига айлантириш вақти келган. Шунда маълум муаммо билан мурожаат қилишни истаган фуқаро худди шу масала бўйича олдинроқ мурожаат қилган фуқарога берилган жавоб билан танишиб, ўзини қийнаётган масалага ойдинлик киритиб олиши, портал фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилувчи манбага айланиши мумкин.

Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари ўз навбатида бугунги кунда илм-фанга эътибор кучайганини, тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш масаласи долзарб эканлигини инобатга олган ҳолда илмий-текшириш муассасалари ходимларини маркетинг асосларига ўргатиш зарурлигини қайд этишди: Илм-фан натижаларини бозорга олиб чиқиш, уни харидорини топиш анчайин мушкул. Айрим ҳолларда эса уларни умуман сотиш имконияти йўқлиги боис, илмий ишланмаларни муайян буюртмачиларнинг таклифларига биноан яратиш тизимини ишга тушириш лозим. Бунда олимлар, тадқиқотчилардан маркетолог бўлиш ҳам талаб этилади. Айнан олимларни шу соҳада билимга эга бўлишлари учун хорижлик экспертларни жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Хорижда фаолият кўрсатаётган ўзбекистонлик мутахассислар билан ўтказилган илк видеомулоқот давомида инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Buyuk Kelajak” экспертлари ўртасидаги ҳамкорликнинг режа ва мақсадлари белгиланди.

Н. Тошпўлатова, ЎзА
4 415