Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.06.2018 14:56 Чоп этиш версияси

Лола Каримова Тельман Гдляннинг адолатсизлиги ҳақида гапирди

Лола Каримова Тельман Гдляннинг адолатсизлиги ҳақида гапирди
Сўнгги пайтларда ОАВда, жумладан, интернет сайтларида собиқ шўро даврида Ўзбекистон халқига нисбатан қатағон олиб борган “десантчилар” сардори – Тельман Хоренович Гдляннинг 1983-1989 йилларда республикамиздаги фаолияти давомидаги мудҳиш қатағон жараёнига баҳо бериб, уни керак бўлса, Гаага халқаро судига бериш ва қатъий жазолаш масаласи кенг муҳокама қилинмоқда.

Адлия вазирлиги Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлари доктори Лола Каримова Т.Гдляннинг ўзи ва яқинларига нисбатан зуғум ва адолатсизлиги ҳақида гапириб берди.

– Хотирамда ўша доғули кунлар даҳшатли муҳрланиб қолган. Мен, ота-онам, оилам аъзолари ва қариндош-уруғлар, қуда-андалар, жами 45 яқинларимиз бу жараённинг бевосита иштирокчисига айланганмиз ва қаттиқ жабрини тортганмиз. ОАВда Гдлянга нисбатан қўлланилаётган фикрга менинг ўз қарашим бор. Уни шунчаки жиноятчи, деб эмас, балки миллатга қарши қирғин уюштирган ғаддор, қўли қонга ботган ашаддий қотил, деб баҳоласак бўлади. Чунки у халқимиз ва миллатимизнинг энг сара намоёндаларини бадном қилиш, руҳий ва жисмоний таҳқирлаш, уларни узоқ муддатга қамаб юбориш, оғир азоб-уқубатларга дучор қилиш ва қийнаб ўлдириш каби жиноятларга қўл урди.

– Лола опа, Гдлян билан яқиндан суҳбатлашганмисиз? Ундан қандай жабр чекдингиз?

– Отам Абдувоҳид Каримов 1974-1984 йилларда Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари партия қўмитаси биринчи котиби бўлган, 1984 йилдан Ўзбекистон сув хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимида ишладилар.

1984 йил 11 августда Қашқадарёдаги хизмат сафари чоғида тунда Қарши шаҳридаги вилоят сув хўжалиги бошқармасининг меҳмонхонасидан Гдлян тергов гуруҳи томонидан ушлаб кетилган. Энг даҳшати, бу ҳақда оила аъзоларига, раҳбариятга, бирор-бир кишига 3 ой давомида хабар берилмаган. Мен ўша пайтда Тошкент давлат университетининг юридик факультетини битириб, илмий иш қилиш мақсадида Фанлар академиясининг Фалсафа ва ҳуқуқ институтига йўлланма олган эдим. Ҳали ишга кириб улгурмаган даврим...

9 нафар фарзанд (уларнинг 5 таси вояга етмаган эди), ўз оиласи билан яшаётган опаларим ва акамнинг уйларига шу куни қўққисдан 45 кишилик Гдлян катта гуруҳи аъзолари келиб, тинтувни бошлаб юборади. Мен ва онам (Меҳринисо Каримова) отам билан бирга Қашқадарёда эдик. Тошкентда бувим ва кичкина болалар қолган эди. Биз Тошкентга қайтганимизда уйимиздаги барча ҳужжатлар, ашёлар, кийим-кечаклар, оилага алоқадор буюмлар олиб кетилган ва катта оиланинг кун кечириши учун ҳеч нарса қолдирилмаган эди. Бизни отамнинг кутилмаганда йўқолиб қолгани кўпроқ ташвишга солар эди.

Мен ҳозирги Давлат хавфсизлик хизматининг биз таниган, хизматда масъул лавозимда ишлаган Очил Муртазоевнинг уйига бордим. Қизини чақириб, отам ҳақидаги маълумотни отасидан билиб беришини илтимос қилдим. Лекин бу масала уларга тегишли эмаслигини, эҳтимол отамни тергов гуруҳи олиб кетган бўлса керак, деган тахминни айтди. Орадан бир ой ўтди. Лекин ҳеч қаердан хабар бўлмади, мижжа қоқмадик, отамизнинг тириклиги ёки аҳволи қандай экани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигимиз бизни қаттиқ изтиробга солар эди. Ўзбекистон прокуратурасига борганимда, остонасига ҳам яқинлаштиришмади ва қўриқчилар орқали ҳеч нарса билмаслигини, фақат Москвага бориб масалани ҳал қилиш мумкинлигини етказишди.

Онам ўқитувчи эди. 7 нафар жон онамнинг маошига қараб қолдик. 112 рубль қарз кўтариб, сентябрь ойи охирида Москвага, собиқ СССР Бош прокуратураси тергов бўлими қабулхонасига бордим. Гдлян мени қабул қилишини сўрадим. Икки соатлардан кейин қабулга розилик билдирди ва хонасига киритди.

Терговчи шинам, барча шароитлар муҳайё, деворлари ёғочдан ишланган кенг хонада сигарет буруқситиб ўтирар, жуда дарғазаб эди. Киришим билан пичинг қилиб: “Ҳали сенмисан, Абдувоҳид Каримовичнинг юрист қизи? Нима мақсадда келдинг?" деди. Отамни излаб келганимни, унга қандай айб қўйилаётганини, соғлиғи, ейиш-ичиши қандай эканидан ташвишдалигимизни айтдим.

У истеҳзоли кулиб, мағрурона дона-дона қилиб гапирди:

– Отанг шу ерда. Кўрсатма бераяпти. СССР КГБсининг Лефортова тергов изоляторида. Биз жуда катта ишни бошлаб қўйдик. Сенлар – барчанг жиноятчисан, ҳаммасини текширамиз, бу ҳали “Ўзбеклар иши”га айланади. Бу масалада бутун Ўзбекистонни жиноятга тортса бўлади. Сен билан гаплашиб ўтиришга ортиқча вақтим йўқ. Сенга бошқа ҳеч нарса демайман.

– Отамга Тошкентдан кийим-кечак, бироз озиқ-овқат олиб келган эдим, шуни ҳам бера олмайманми? – деб сўрадим.

– Йўқ, бунга рухсат бермайман, – деди.

– Биз адвокат олишимиз керакми?

– Йўқ. Ҳеч қанақа адвокат керак эмас. Бизнинг ишимизга ҳеч ким аралашмаслиги керак. Бунга йўл қўймаймиз. Cен ҳали буни ҳам биласанми? – деб маъноли кулди ва мендан хонани бўшатишни талаб қилди.

– Адвокат иштирокисиз тергов жараёни қонунга зид эмасми?

– Шубҳасиз, зид. Бир томондан кўнглим озгина тинчиди. Чунки икки ойдан ошиқроқ вақт давомида бизни қийнаган саволга ниҳоят жавоб топган эдик. Демак, отамнинг тирик эканини билдик. У пайтда сиёсатга ва адолатга ишончимиз юқори эди. Адолат барибир қарор топади, деб қаттиқ ишонардик. Кейин Тошкентга қайтдим. 1984 йил октябрда Москва тергов бўлимидан Иванов (Гдляннинг шериги) уйга телефон қилди. “Москва жуда совуқ, қор тушди, отангизга кийим олиб келинглар”, деб гўшакни қўйиб қўйди.

Мантиқсизликни қаранг. Миллион-миллион тонна пахта етиштирган ўзбек халқининг ўзи кийимга зор эди. Бечора отам ўша ёзда устига кийиб чиққан енгил либос билан Москванинг совуқ иқлими, зах ва совуқ ҳибсхонанинг қўрқинчли камерасида азоб чекарди. Билет олишимиз қийин кечди. Имконимиз йўқ эди. Менинг ишга киришим эса отамнинг вазияти туфайли кечиктирилаётган эди. 

– Тергов қанча давом этди? Москвада бўлдими?

– 1984 йили бошланган тергов иши 1987 йилда собиқ СССР Олий судига оширилиб, отамга ўлим ҳукмини эълон қилиш билан якунланди. Бир иш бўйича тергов 4 йил ҳам бўлиши мумкинми? Прокуратура кўрган ишлар бўйича оқлов ҳукми ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. 

Гувоҳлар ҳаддан ортиқ кўплиги сабабли суднинг бир қисми Ўзбекистон Олий суди биносида 7 кун, қолган қисми Бухорода 3 кун кечди. Отамнинг атрофидаги жуда кўплаб одамлар – хўжалик, партия раҳбарлари судга тортилди. “Дело” сунъий кўпиртирилиб, отамни, ўнлаб туман, шаҳар, вилоят раҳбарларидан ҳақиқий халқ жиноятчилари ясашга уринишлар республика бўйлаб оммавий тус олди.

Гдлян ҳозир ҳам матбуотда ўзбек халқи билан ҳеч қандай иши бўлмагани, фақат жиноятчиларга қарши курашгани ҳақида оғзини кўпиртириб гапирганига ишонманг.

1984 йил 11 ноябрда терговчилар Тошкентдаги уйимиздан мени, Тошкент шаҳридаги 84-умумтаълим мактабидан онамни, акамни ҳам иш жойидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Гдлян учун ажратилган алоҳида ҳибсхонасига олиб боришди. Қўлимизни қайириб, ҳудди катта жиноятчини тутгандай иккитадан соқчи ҳамроҳлигида бордик.

Бизни "Қашқирлар" гуруҳининг яна бир терговчиси Картяшян исмли шахс алоҳида хонада тергов қилди. Тергов 3 кун, эрталабдан ярим тунгача давом этди. Дўқ-пўписалар, ҳақоратлар эшитдик, акамни роса дўппослади, онамни қийнашди. Аста-секин зулм салтанатининг адолат ва ишонч ҳақидаги барча фикрлари қуруқ сафсата эканига иқрор бўла бошладим. Барчаси ўта жиддийлашаётган ва туйнук адоғида нур йўқ эди.

– Сизларга қандай айб қўйишди?

– Гдлян бу вақтда Тошкентда эди. У барча жараёнларни яккаҳокимлик билан бошқарарди. Устимиздан жиноят иши қўзғашди. Отангнинг жиноятини яширгансанлар, кирдикорларини билатуриб, тегишли органларга айтмагансанлар, сенларни Сибирга жўнатиб, йўқ қилиб юбораман, деб қўрқитар эди.

Уч кундан кейин учовимизга ҳам жиноятларни яширишда гумон қилинаётган шахслар сифатида ҳибсда ушлаш тўғрисида Гдляннинг қарорини кўрсатишди. Шу тариқа бизга айблов эълон қилинди. 14 ноябрь кундузи қўлимизга кишан солишиб, мени, онам ва акамни конвойга солиб, номаълум томонга олиб кетишди. Машина ичи жуда қоронғи ва қаерга кетаётганимизни билмас эдик. Аэропортга олиб боришди. Машинада трапгача бордик. Ёнимда иккита терговчи ва қўриқчи бор эди, қўлим кишанланган...

Самолётга олиб чиқишди. Узоқдан онамни кўриб, шу самолётда олиб кетишаётганини сезиб қолдим. Самолёт 1,5 соатча учди. Душанбега келганимизни учувчи эълонидан кейин билдим. Яна махсус ёпиқ ва ичи қоронғу машинага солишди ва бир бинога оборишди.

Кейин билишимча, бу Тожикистон КГБсининг тергов изолятори экан. Ҳар куни терговга чақиришади. Аввалига Рафил Туктаров, кейин Ширин Ширинов терговни олиб борди. Акам ва онам ҳам бу ерда эканлиги тергов вақтида гапирган овозидан аҳён-аҳёнда эшитиб, юрагим ҳис қиларди.

Тергов ғайриинсоний эди. Чунки бизни олиб кетишгани ҳақида ҳам оиламизга, умуман, ҳеч кимга хабар берилмади. Бувим Файзинисо ая йиғлайвериб, кўзи кўрмай қолган. Мен олти ой асоссиз ётган бўлсам, акам ва онам тўққиз ойга яқин ҳеч қандай далил-исботсиз азоб чекишди.

Мени 1985 йил 24 апрелда четга чиқмаслик шарти билан озод қилишди. Тилхат ёздириб олишди. Таниш-билишлардан бойлик ундириб келиш вазифаси зиммамга юклатилди. 

Чиқиб, билдим. Қамалмаган иккита опам – Гулсара ва Гулнорани мол-мулк, пул йиғиш учун биз билган ва билмаган ҳар қандай одамнинг уйига бирма-бир кириб, пул, мол-мулк топишга мажбур қилишган экан. Поччаларимни ҳам роса дўппослаб, азоблашган. Қариндошимиз, таниқли Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўлмас Саиджонов, халқ кулоли Файзулла Абдуллаев ҳам бу "ўлим тегирмони"га тушиб чиқишган эди. 

Бу даврда айбсизлик презумпциясига зид равишда нафақат менинг отам, республикадаги бошқа вилоят котибларини матбуотда айблаб, кетма-кет жиноятчилар, порахўрлар, айбдорлар, деб марказий матбуотда мақолалар босила бошланди.

Қашқадарё вилоят обком секретари Рўзмат Ғоипов ўзини ўзи ўлдирди. Жиззат вилояти раҳбари Шагазатов, Тошкент вилояти обкоми Мирзамаҳмуд Мусахонов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг қатор раҳбарлари устидан жиноят ишлари очилди. Улар рўйхатини истаганча давом эттириш мумкин. Мамлакат етакчилари Гдлян гуруҳига қарши ҳеч иш қилолмас, овоз кўтарса ёки ҳуқуқини талаб қилса, унинг устида ўша куниёқ жиноят иши очиларди. Қаттол Гдлян келгусида жамоат арбоби, яъни депутат, ўша пайтдаги Бош прокуратуранинг юқори амалдори, сиёсий арбоб, қўйинг-чи, даҳо бўлишни истарди. У бу мақсадига эришди ҳам. Собиқ СССР Олий Кенгашига депутат бўлди ва бу билан ўзининг жиноятларига қарши иш очилганда депутатлик иммунитетидан жуда унумли фойдаланди.

– Унинг мақсади фақат шу билан чекланармиди?

– Йўқ. У халқни талагани ҳисобига бойиб кетди. Терговга тортилган шахслардан олинган мол-мулклар ва ашёлар қонунга мос тарзда рўйхатга олинмаган, аксарият қисми йўқ қилиб юборилган, Гдлян уларни ўзлаштирганига сира шубҳам йўқ. У шу тариқа мислсиз бойликка эга бўлди. 

– Отангиз тақдири кейин қандай кечди, ҳукм ижроси қачон амалга оширилди?

– 1987 йил 29 майда собиқ СССР Олий суди дадамга ўлим ҳукмини ўқиди. Отам бир ярим йил давомида Москвадаги ўлим камерасида афв этишларини сўраб ёзган илтимосномаси жавобини интиқ бўлиб кутар эди. Бу орада инсультни бошдан ўтказди. Ҳукм атайин жума куни (ҳафтанинг охирги иш куни) кечки соат 17:30 да ўқилиб, бизга арз қилиш учун имконият қолдирилмаган эди. Бутун суд жараёнида доимий равишда Гдлян гуруҳининг терговчилари ҳар бир гувоҳлар, айбланаётганларга кўрсатмасини ўзгартирмаслик, акс ҳолда уларни қамаш, ҳибсдагиларни эса оғирроқ моддалар билан жавобгар қилишини эслатиб, куч ва босимда суд жараёнига тўлиқ аралашдилар.

Отам ўлимга маҳкум қилинган куннинг эртасига мен, онам ва акам видолашувга кирдик. Шунда отам бизни "Фарзандларим, шуни доим эсда тутинглар, мен жиноятчи эмасман, сизлар бошларингни баланд кўтариб юринглар. Мен бутун умр халқимизга ҳалол хизмат қилдим, сизлар уяладиган иш қилганим йўқ. Ҳали бу ишлар очилади, адолат эгилсаям синмайди, агар мени эсламоқчи бўлсанглар, мен қурган каналлар, обод қилган шаҳар-қишлоқларга, янги очган ерларга бориб туринглар, шунда менинг руҳим шод бўлади" дедилар.

Ўлим жазоси 1988 йил охирида СССР Олий Совети Президиуми раиси Андрей Громико томонидан 20 йиллик қамоқ жазосига алмаштирилди. Чунки онам неча кунлаб навбат кутиб, шахсан бу раҳбар билан учрашиб, вазиятни тўлиқ тушунтирган эдилар. Тўққизта бола етим қолишини, катта оила эканлигимизни, ўзлари эса бир умр ўқитувчилик қилиб, ҳалол меҳнат билан пул топаётганликларини кўз ёши билан айтиб бергач, Громико тушунган эди.

Жазони ўташ учун отамни Сибирь тайгасидаги Сталин даврида қурилган энг қаттиқ режимдаги Свердловскнинг Ивдель қишлоғидаги қамоқхонага юборишди. Бу орада СССР тарқаб, Ўзбекистон мустақил бўлган эди. Отам масаласида биз Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга мурожаат қилдик. Президент дадамнинг ишини Ўзбекистон Олий судида қайта кўриб чиқиш учун кўрсатма бердилар. 

Минг афсуски, ўзбекистонлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари отамни олиб келишга улгурмади, 1992 йил 21 январда отамнинг юрак хуружидан вафот этгани ҳақидаги хабар етиб келди. Бизнинг қатъий ишончимизга кўра, дадам ишлари қайта кўриладиган бўлса, албатта, Гдлян ва унинг жиноятчи гуруҳи фош қилинган бўлар эди. Чунки адолатсиз терговга тортилганлар орасида собиқ вилоят раҳбарлари жуда кам қолган эди.

Шу сабабли бу қотилликда айнан Гдляннинг қўли бор, деб ўйлайман. Чунки отамни олиб келиб, юртимизда кўмганда у кишида заҳарланиш аломатлари борлигини шифокорлар тасдиқлашди.

– Демак, сиз жабрдийда сифатида Гдляннинг қамалиши керак, деб ҳисоблайсизми?

– Шубҳасиз. Чунки уларнинг фаолиятига ўз вақтида, аниқроғи, 1990 йилда собиқ СССР Бош прокуратураси ҳам ҳуқуқий баҳо берган. Собиқ Иттифоқ Олий кенгаши бу масалалар юзасидан катта таркибдаги махсус комиссия тузиб, Ўзбекистонга ўрганиш учун юборган эди. Комиссия гдлянчилар тергов гуруҳининг ноқонуний ҳаракатларини юзлаб, минглаб фактлар, ҳужжатлар, гувоҳлар (биз ҳам иштирок этганмиз) ёрдамида ўрганиб чиққан ва улар ишини жинояткорона фаолият, деб баҳолаган эди.

Собиқ СССР Бош прокуратурасининг 1990 йил 8 февралдаги ҳайъат йиғилишида ўта муҳим ишлар бўйича терговчилар Т.Х.Гдлян ва Н.В.Иванов томонидан қонунчилик қўпол равишда бузилгани масаласи кўриб чиқилди. Бошқарма прокурори В.Илюхин саккиз ой давомида бу гуруҳнинг ишларини чуқур ўрганиб, уларнинг, назоратчи прокурорлар, бошқа ходимларнинг ўзбошимчалик, қонунбузарлик, инсон қадриятлари поймол қилиниши ҳолатлари очилиб, суриштирув даврида исботини топганини таъкидлаган. Ҳайъат собиқ СССР Олий Совети, СССР халқ депутатлари бўлмиш Т.Гдлян ва Н.Ивановни эгаллаб турган мансабларидан бўшатилишини ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортишга рухсат олиш тақдимномасини киритишга қарор қилган эди. 

Хўш, нега ҳанузгача жавобгарликка тортиш масаласи очиқ қолди?. Нега бу қарор ҳалигача ижро қилинмаяпти? Собиқ СССРнинг меросхўри сифатида айнан Россия Бош прокуратураси бу ишни кўриб чиқиши керак эмасми? Ёки тегишлилигига қараб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ўтказиши керак.

– Орадан ўттиз йил ўтди, жазо тайинлаш учун ҳуқуқий муддатлар ўтиб кетмадими?

– Тергов ишининг ноқонуний олиб борилганлиги устидан муддат ўтиб кетганлиги важи оқланмайди. Иккинчидан, бундай ҳаракатлар инсонийликка зид, қадр-қимматни камситувчи жиноятлардир ва айни пайтда қийноқларнинг оммавий тусда қўлланиши ҳолатига муддатлар амал қилмайди. Буни миллатнинг энг зиёли қатламини онгли ва мақсадли тарзда қириб юборишга уриниш, деб баҳоласак хато бўлмайди.

– Бунинг қандай самарали чоралари ҳақида айта оласиз?

– Аввало, бу валломатларни Википедия маъмурлари билан мулоқотга киришиб, биографияларини ҳақиқий қилиб ёзиш зарур. Гўёки улар жамоат ва давлат арбоби сифатида нақд қаҳрамонга айлантириб ёзилган. Бунга тоқат қилиб бўлмайди. “СССР Бош прокуратураси тергов гуруҳи таркибида Ўзбекистон олий ҳокимиятидаги коррупцияга қарши иш олиб борган”, деган уйдирма талқинларга қўшилмайман. Тельман Хоренович Гдлян ҳозир 78 ёшда, кексалигини ҳисобга олиб, агар инсофи бўлса, халқимиздан кечирим сўраши лозим.

Албатта, у бундай қилмайди. У ҳозир Москвада яшаяпти. Петиция тўплаб, оммавий ахборот воситаларида миллий кампания ташкил қилишни йўлга қўйсак ҳам бўлади. Охирги ойлардаги интернетдаги чиқишларидан шундоқ ҳам қаттиқ асабийлашаётгани сезилаяпти. Агар қўли қонга ботмаганида бундай қалтироқ тутмаган бўлар эди.

Бу жараёнлар шунинг учун ҳам керакки, токи озод ўзбек миллатини бошқа ҳеч ким таҳқирлаб, топтамасин. Агар бунга жазм қилган номардлар бўлса, жазоси муқаррар эканлигини чуқур тушуниб етиши керак. Токи биз бу ўтмишнинг тирик гувоҳлари эканмиз, бунга йўл қўя олмаймиз ва бу сабоқдан тўғри хулоса чиқаришимиз лозим.

Лазиз Раҳматов суҳбатлашди.

ЎзА
7 860