ЎзА Ўзбек

06.12.2018 20:15 Чоп этиш версияси

“Биз коррупцияга қаршимиз” мегатанлови ғолиблари тақдирланди

Адлия вазирлиги томонидан халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда мамлакатимизда илк бор 2018 йил 1 октябридан 1 декабригача “Биз коррупцияга қаршимиз” мегатанлови ўтказилди.

“Энг яхши журналистик материал”, “Энг яхши блогпост”, “Энг яхши ижтимоий ролик”, “Энг яхши иншо” йўналишларида ўтказилган танлов якунида коррупцияни фош этишда ўзларининг саъй-ҳаракатларини аямаётган, жамият аъзоларини огоҳликка чорлаётган ёшлар рағбатлантирилди. 

Пойтахтимизда мазкур танловлар ғолибларини тақдирлаш бўйича ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги элчихоналари ва ваколатхоналари вакиллари иштирок этди. 

Танловга 56 журналистик материал, 89 блогпост, 8 ижтимоий ролик тақдим этилиб, материаллар ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов низомида белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқилди ва баҳоланди. 

Мегатанлов доирасида мактаб, коллеж ва олий ўқув юртлари талабалари учун ташкил этилган “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзуидаги иншолар танловида 22 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди. 

Танловга келган материаллар таҳлили ёшлар онгида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шаклланиб бораётганини кўрсатди. Уларнинг энг саралари ижтимоий тармоқларда ёритиб борилди. 

Барча номинациялар бўйича 1, 2, 3-ўрин соҳиблари аниқланди. Ғолибларга Apple iPhone X, Samsung Galaxsy S9 смартфонлари ноутбук ва телевизор каби қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. 

“Энг яхши иншо” йўналишида ғолиб бўлган иштирокчи таҳсил олаётган Наманган вилояти Чуст туманидаги 3-мактаб моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида ушбу мактабга 10 миллион сўм миқдорида маблағ тақдим этилди. 

“Биз коррупцияга қаршимиз” мегатанловида олий соврин - iPhone X смартфони Раҳим Мирмановга насиб қилди. Унинг “Болаларнинг янги ўйини” номли ижтимоий ролиги бунга муносиб деб топилди. 



ЎзА
4 415