ЎзА Ўзбек

13.04.2020 Чоп этиш версияси

Биз ихтирони кашф этдик

Биз ихтирони кашф этдик

Ихтиро ва кашфиёт ҳақида гап кетганда илгари мавжуд бўлмаган бирор нарсанинг яратилишини ихтиро, аввалдан маълум, бироқ инсонлар томонидан олиб борилган янги изланишлар маҳсулини кашфиёт деб номлаймиз. Лекин қай тариқа ихтиро кашф этилиши мумкин? Ахир у аллақачон ихтирочининг меҳнат маҳсулига айланган-ку.

Узоқ ўтмишда Европада ҳинд зираворлари олтинга тенг маҳсулот сифатида баҳоланган. Бозорларда унга бўлган талаб юқори бўлган, аммо ушбу товарни импорт қилиш муайян қийинчиликлар эвазига амалга оширилган. Айниқса, XV аср ўрталарида Усмонийлар империяси томонидан Ғарб ва Шарқни боғлаб турувчи асосий савдо йўлларининг босиб олиниши Кўҳна қитъа бозорларида зираворлар танқислигига сабаб бўлди. Натижада бутун минтақани “ҳинд безгаги” қамраб олди. Бу эса буюк географик кашфиётлар амалга оширилиши муқаррарлигига ишора эди. Унинг қандай бўлганлигига тарих гувоҳ. Эътиборлиси, мазкур кашфиётлар оқибати Европада авж олган “касаллик”ни даволашга бевосита хизмат қилмади, балки, янги олам, буюк келажак сари эшикларни очиб берди.

Бугунги кунда бутун дунёда коронавирус кенг авж олиб минглаб инсонлар ҳалок бўлаётганлиги, мамлакатлар иқтисодиёти инқироз ёқасига келиб қолганлиги улкан офат деб баҳоланмоқда. Шубҳасиз, бу ҳақиқат, аммо мазкур жиддий йўқотишлар айнан ҳаёт тарзимизга янгича ёндашув билан қарашимиз лозимлигини уқтирмоқда. Хусусан, қисқа муддатда таълимнинг онлайн ўқитиш тизимига ўтилганлиги бунга яққол мисолдир.

Масофавий таълимнинг афзалликлари

Ўқитувчи ва талаба ўртасидаги онлайн мулоқот бир қанча қулайликларга эга:

биринчидан, вақтнинг тежалиши. Масофавий таълим олиш талабага кун давомида олийгоҳда бўлиш мажбуриятидан халос этади. Бу ўз навбатида қисқа муддатда таълим олиш баробарида талабага қўшимча машғулот билан шуғулланишига имконият беради;

иккинчидан, харажатларнинг қисқариши. Маълумки, олийгоҳда таълим олиш талабадан ижара асосида яшаш, йўл харажатлари ва шунга ўхшаш кундалик чиқимларни талаб этади. Масофавий таълим эса бундай харажатларни четлаб ўтади;

учинчидан, оила бағрида яшаш. Чекка-чекка қишлоқлардан шаҳарга келиб таҳсил олаётган талаба яқинлари даврасидан узоқ бўлиши табиий. Инсон эса туғилиб ўсган маскани, қадрдонларини соғиниб яшайди. Онлайн таълим талабага ҳам илм олиш, ҳам оила даврасида бўлиш имконини беради;

тўртинчидан, таълимда масъулиятнинг ошиши. Олиб борилаётган дарсларни турли инсонлар, хусусан, талабанинг қариндошлари кузатиб бориши мумкин. Оқибатда ўқитувчи таълим сифатини яхшилашга ҳаракат қилади. Талаба ҳам ўз навбатида вазифаларга масъулият билан қарайди.

Ўзбекистонда ушбу соҳада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳамда бир қанча олий таълим муассасалари, шу жумладан, Тошкент давлат юридик университети томонидан муҳим амалий ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ шуни унутмаслик керакки, масофавий таълимнинг натижадорлиги талабанинг саъй-ҳаракати, унинг меҳнатига боғлиқ. Қачонки талаба илм олишга мажбурият эмас, балки эҳтиёж сифатида қарасагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Акс ҳолда бу тизим самарасиз бўлиб қолаверади.

Ҳозирги шароитда пандемия таҳдиди кучли бўлса-да, одамлар ортиқча ваҳимага берилмасдан унинг таъсири остида юзага келаётган ижобий ўзгаришларни тўғри англаб етмоғи жоиз. Ҳаёт доим ўзгаришда экан инсонлар янгича турмуш тарзига мослашиб бормоғи лозим. Зеро, масофавий таълим ушбу жараёндан биргина мисол, холос.

Ойбек Хидиров,

Тошкент давлат юридик университети 3-курс талабаси

1 494
ЎзА