ЎзА Ўзбек

31.08.2016 12:25 Чоп этиш версияси

Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз

Темурийлар тарихи давлат музейида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан “Истиқлолнинг янги авлоди: Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз!” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Президентимизнинг шу йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган тадбирда cўзга чиққанлар Президентимиз раҳнамолигида инсон манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Мустақилликнинг ўтган 25 йили халқимиз танлаган тараққиёт йўли нақадар тўғри ва ҳаётий эканини кўрсатди. Ўз вақтида узоқни кўзлаб ишлаб чиқилган умуммиллий дастурларимиз туфайли таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, болалар спортини ривожлантириш, ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш, миллий қадриятларимиз бардавомлигини сақлаш бўйича самарали тизим, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос модель шаклланди. Энг муҳими, уларнинг ҳар бири мамлакатимизда янги демократик жамият қуриш концепциясининг узвий таркибий қисми сифатида буюк келажагимизни барпо этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Барча ҳудудларда бўлгани каби пойтахтимизда ҳам “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” ғоясининг моҳиятини тўлиқ очиб берувчи таъсирчан усул ва воситалардан кенг фойдаланиш, жойларда ўтказилаётган очиқ мулоқотлар ва учрашувлар, давра суҳбатлари, маданий-маърифий тадбирлар салмоғини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир иштирокчилари Темурийлар тарихи давлат музейи экспонатлари билан танишди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
6 947