Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 16:06 Чоп этиш версияси

Битта товуқ бир йилда 320 тухум беради

Битта товуқ бир йилда 320 тухум беради Паррандачилик ривожида инновация ва янгича ёндашув кутилган самарани беради. Зеро, етти хазинанинг бири саналган парранданинг инсон организми учун ғоят фойдали тухум ҳамда парҳезбоп гўштига талаб йилдан-йил ортмоқда.

Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи Дилшод Эрназаров ички ва ташқи бозор талабларини пухта ўрганиб, яхши ният билан паррандачиликка ихтисослашган “Муҳаммад Али қувончи” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этди.

Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурига асосан 5,5 миллиард сўм маблағ эвазига ташкил этилган жамиятда 14 киши доимий иш билан таъминланди.

– Айни пайтда бу ерда 41 минг зотли товуқ парваришланмоқда, – дейди жамият иш юритувчиси А.Акромов. – 120 кунда етиладиган сермаҳсул товуқнинг биттаси йилига 320 донагача тухум бериши мумкин. Тез кунда паррандаларни махсус қафасларга жойлаштириб, навбат билан жўжа ўстиришни бошлаймиз. Бу ишлаб чиқаришнинг давомийлиги, даромаднинг барқарорлиги, энг муҳими, истеъмолчилар эҳтиёжини таъминлаш имконини беради.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки туман филиалидан олинган 4,2 миллиард сўмлик кредит жамият фаолиятида муҳим аҳамият касб этди. 3 гектар майдонни эгаллаган паррандачиликка ихтисослашган жамият замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Хусусан, хориждан келтирилган автоматлаштирилган ускуналар, хона ҳарорати мўътадиллигини таъминловчи жиҳозлар самарадорликка хизмат қилади. Озиқлантиришдан тортиб, тозалаш, тухум йиғиш ишлари электрон “қўл”ларда амалга оширилади.

Ишнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ёрдамчи муқобил энергия манбалари ҳам ўрнатилган. Озуқа таркиби, парранда саломатлиги зоотехник ва ветеринар назоратида. Бугун тажрибали мутахассис бўлиб етишган ишчиларнинг аксарияти тумандаги коллеж битирувчилари ва олий маълумотли ёшлар ҳисобланади.

– Олий таълим муассасасини тамомлагач, шу ерда ишлашга қарор қилдим, – дейди зоотехник Н.Холиқов. – Бу ерда биз учун барча шароит яратилган. Энг муҳими, иш жойимиз уйимизга яқин.

Тадбиркор бозорга арзон нархларда ойига ўртача 65 минг дона тухум етказиб беришни режалаштирган. Бу ерда ҳам товуқ, ҳам жўжа парваришининг йўлга қўйилгани аҳолига тухум ва сифатли парҳезбоп товуқ гўшти етказиб беришда муҳим аҳамият касб этади. Пировардида эл дастурхони тўкин, ҳудуд иқтисодиёти барқарор бўлади.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
4 326