ЎзА Ўзбек

07.07.2018 12:01 Чоп этиш версияси

Битмаётган маҳалла гузари...

№ 52 Шодиёна.jpg

Убайдулла УСЕНОВ,
“Шодиёна“ МФЙ раиси:

– Яқиндагина давлатимиз раҳбарининг Олмазор туманига қилган ташрифида узоқ вақтлардан бери тўпланиб қолган муаммолар ва уларни бартараф этиш масалалари таҳлил этилгани барчамизнинг зиммамиздаги масъулият юкини янада оширди.

Қарийб 7 минг аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламизда 33 та кўп қаватли уйлар бўлиб, уларда 1800 дан ортиқ хонадон мавжуд. 20 йилга яқин маҳалла фаоли бўлиб ишладим, раислигимга яқинда икки йил тўлади. Шу вақт ичида маҳалланинг барча хонадони, кишисини яқиндан билиш, таниш, уларнинг муаммо ва камчиликларини аниқлаш имкониятига эга бўлдим.

Тўй-тантана, оилавий маросимларни камчиқим қилиш таклифи барчага маъқул, буни маҳаллага келиб маслаҳат соладиган одамлар сони ортаётганидан, 150-200 кишилик тўйлар кўпаяётганидан ҳам билиш мумкин.

Маҳалламизда ичимлик суви, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ишга жойлашиш каби масалаларда муаммолар деярли йўқ. Қарздорликни ундириш масаласида ҳам ҳар куни уйма-уй юриб аҳоли билан ишлаяпмиз. Ҳар ким имкониятига қараб, қўлидан келганча тўлов қилмоқда.

Бироқ бир неча йиллардан бери қурилаётган маҳалла гузари ҳали-ҳамон битмаган. Бу борада бироз қийналмоқдамиз. Яна бир масала маҳалламиздаги Мухбир кўчамиз асфальт қилинмаган, анчайин яроқсиз. Бу масала ҳам ҳал этилиши учун елиб-югуряпмиз.
Маҳалламизда 60 га яқин ишсиз бўлса, шулардан ярмини ишга жойлаштиришга эришдик. Қолганларни ҳам иш билан таъминлаш масаласи доимий эътиборимизда.

Президентимиз ташрифи давомида олдимизга қўйилган барча вазифаларни бажариш учун тиним билмай ҳаракат қилиш ҳам қарз, ҳам фарз деб ўйлайман. Бунда ҳокимият ҳам биз учун асосий ёрдамчи, кўмакдош бўлиши лозим.

ЎзА
11 426