ЎзА Ўзбек

30.07.2018 19:59 Чоп этиш версияси

Битирувчи ҳарбийлар тантанали кузатилди

Битирувчи ҳарбийлар тантанали кузатилди Қуролли Кучлар академиясида Қўмондонлик штаб факультети тингловчиларининг навбатдаги битирув маросими бўлиб ўтди.

Мудофаа вазирлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, битирувчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда барча бўғиндаги командирларнинг юқори профессионал қобилияти ва малакасини ошириш, уларнинг интеллектуал савиясини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган офицер кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизими яратилгани алоҳида таъкидланди.

8 (1).JPG

Тадбирда 45 нафар битирувчига диплом ва кўкрак нишонлари тантанали топширилди. Таълим жараёнида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ битирувчилар Мудофаа вазирининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

– Икки йил давомида соҳанинг ўзига хос хусусиятларини ўрганган ҳолда қўшинларни бошқариш, оператив ва жанговар тайёргарликка оид тадбирларни режалаштириш, ташкил этиш бўйича тажрибаларимизни оширдик, – дейди Академия битирувчиси И.Миравазов. – Бу жараёнда бизга ҳарбий фанлар сирларини ўргатган устоз офицерлар, профессор-ўқитувчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ота-онам, оиламдагилар бугунги ютуқларимдан хурсанд бўлди. Эндиликда Ватанимиз тинчлигини сақлаш учун янада шижоат билан хизмат қилишга, бор куч ва билимимни амалиётда кўрсатишга ҳаракат қиламан.

4 (1).JPG

Тантанали маросимда масъул лавозимларга тайинланган офицерларга самимий тилаклар билдирилди. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Абдулазиз Мусаев, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
3 261