ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Битирув қўнғироқлари онлайн жаранглайди...

Битирув қўнғироқлари онлайн жаранглайди...

Коронавирус пандемияси сабаб ўқувчилар учун дарслар онлайн ўтказилаётган эди. Ниҳоят бу ўқув йили ҳам якунига етди.

Бу йил ўқувчилар орзиқиб кутган “Сўнгги қўнғироқ“ тадбирлари қай тартибда ўтказилади?

Карантин талабларига кўра бу йил мактабларда “Сўнгги қўнғироқ“ тадбирлари ўтказилмаслиги маълум қилинди. Бу битирувчи ўқувчиларнинг кайфиятига салбий таъсир этиши ҳам мумкин. Мактаб билан хайрлашув бир умр инсоннинг хотирасида сақланиб қоладиган тадбир. Аммо вазият шуни тақозо қиляпти.

Ўқувчиларнинг кайфиятини кўтариш ва уларга ёқимли хотиралар тақдим этиш мақсадида “Uzreport TV”, Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорликда “Сўнгги қўнғироқ“ онлайн тадбирини ўтказишни режалаштирган.

“Сўнгги қўнғироқ“ онлайн тадбирида мактаб директорлари, ўқитувчилар ва ота-оналар битирувчиларни байрам билан онлайн тарзда табриклашади. Шунингдек, битирувчиларнинг ўзлари ҳам жонли эфирда ўз дўстлари ва устозларига тилаклар билдириш имконига эга бўлади.

Ижтимоий тармоқлардаги ўз постларида #битирувчи_2020_онлайн хештегидан фойдаланган ҳолда ҳар бир инсон ушбу байрамга қўшилиши мумкин. Ва, албатта, тадбир ниҳоясида сўнгги қўнғироқ жиринглаб, “Хайр, мактабим“ қўшиғи биргаликда куйланади.

“Сўнгги қўнғироқ“ тадбири, айниқса, битирувчи ўқувчилар орзиқиб кутадиган тадбир. Шу боис бу йилги тадбир ҳам эсда қоларли бўлиши учун барча чоралар кўрилади.

Тадбирни 25 май куни соат 08:30 дан “Uzreport TV” ҳамда телеканалнинг Facebook ва You Tubeдаги саҳифалари орқали жонли эфирда томоша қилиш мумкин.

2 867
ЎзА