ЎзА Ўзбек

01.06.2020 Чоп этиш версияси

Битирув малакавий ишлари талаб даражасидами: бакалавр йўналишидан БМИ тушунчасини олиб ташлаш таклиф этилмоқда

Битирув малакавий ишлари талаб даражасидами: бакалавр йўналишидан БМИ тушунчасини олиб ташлаш таклиф этилмоқда

Олий таълим муассасасида (ОТМ) ўқув жараёнини самарали ташкил этиш, таълим сифатини ошириш учун бакалавр таълим йўналишлари бўйича давлат таълим стандартларини, ўқув дастурларини, ўқув режаларини ва бошқада меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда вақт ўтиши билан ўзининг долзарблигини йўқотган, кутилган натижаларни бермаган ва коррупцион ҳолатларга олиб келиши мумкин бўлган талабларни, ўқув-меъёрларни реал таҳлиллар натижасида олиб ташлаш ёки замонавий талаблар асосида ўзгартириш зарурияти туғилмоқда. Бу талабларнинг бири битирув малакавий иши (БМИ) тушунчасидир.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2010 йил 9 июнь кунги 225 сонли «Олий таълим муассасаларида бакалаврларнинг битирув малакавий ишини бажаришга қўйиладиган талабларни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғида битирув малакавий ишлар бажарилишига қўйилган мақсад ва вазифаларга маълум даражада эришилди. 

Лекин бу масала бўйича ҳолат чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилиниб, натижасига реал баҳо берилса, ОТМ бакалавр таълим йўналишлари битирувчиларининг аксарияти томонидан тайёрланган БМИларида плагиатнинг, грамматик ва стилистик хатоларнинг жуда кўплиги, интернетдан олинган маълумотларнинг тўғридан-тўғри кўчирилиши ёки таржимасини ёзиши, мавзуларнинг такрорланишини кўриш мумкин. 

Шунга қарамай якуний аттестация комиссиялари аъзолари томонидан бу ишларга юқори баҳолар қўйилмоқда. Афсуски БМИлар бажарилишига илмий раҳбарлик қилувчи айрим профессор-ўқитувчилар ҳам бу муаммоларга масъулиятсизлик билан ёндашмоқда. Айрим ҳолларда эса илмий раҳбар томонидан БМИ учун берилган мавзунинг такрорланишини, бир неча йил олдин ишланган тайёр ҳолдаги БМИнинг худди ўзини кўриш мумкин.

Бир сўз билан айтганда аксарият БМИлар бажарилиш жараёни, мазмуни ва ҳимояси бугунги кун талабларига умуман жавоб бермайди. Бу муаммоларни маълум даражада ҳал этиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 7 ноябрдаги "«Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низом»га ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги буйруғи иловасининг 8-бўлимида «Якуний давлат аттестациясини ихтисослик фанлардан якуний давлат аттестацияси синови ёки диплом лойиҳаси ҳимояси ёхуд битирув малакавий иши ҳимояси шаклида ўтказилиши битирувчиларнинг иқтидори, хоҳиши ва таълим хусусиятидан келиб чиққан ҳолда олий таълим муассасаси Кенгаши қарори билан белгиланади» деган хулоса берилган. Лекин барча ОТМлар Кенгашларида бу масала бўйича реал қарор қабул қилинди дейиш жуда қийин. 

Афсуски, ОТМдаги айрим таълим йўналишларига жавобгар бўлган кафедралар ҳолатни тўлиқ таҳлил қила олмаслигидан, замонавий талабларга мос фикрламаслигидан ёки кафедрага тегишли юклама соатларининг камайиб кетишини баҳона қилиб, Кенгашга тасдиқлаш учун берган тавсиялари мазкур ҳолатнинг яхшиланишига ижобий таъсир этмайди.

Бизнинг фикримизча, айтилган муаммоларни ҳал этиш учун ҳолатни реал баҳолаб бакалавр таълим йўналишларига қўйилган талабларда БМИ тушунчасини умуман олиб ташлаб, уни ихтисослик фанлардан якуний давлат синовлари билан алмаштириш ёки БМИ бажаришни фақат тўла аъло баҳоларга ўқиган битирувчиларга рухсат берилиши зарур деб ҳисоблаймиз.

ОТМларда ўқув жараёни онлайн ташкил қилинаётган ҳозирги пандемия шароитида эса мазкур муаммоларнинг ҳал этилишига эътиборни яна ҳам кучайтириш лозим. Ҳеч бир жараён номига ёки сифатсиз ташкил этилмаслиги лозим. Ҳар бир ҳолатга реал баҳо берилиб, аччиқ бўлса ҳам аниқ хулоса қилиш ва энг тўғри йўлни топадиган вақт келди. Шундагина такомиллашиш ва ривожланиш бўлади.

Муҳаммад ВАЛИЕВ,
Мухтор ИБРАГИМОВ,
Олий Мажлис депутатлари

6 616
ЎзА