ЎзА Ўзбек

04.12.2019 Чоп этиш версияси

Бирлашган Араб Амирликлари маданий мерос фестивалида мамлакатимиз миллий павильони ўз ишини бошлади

Бирлашган Араб Амирликлари маданий мерос фестивалида мамлакатимиз миллий павильони ўз ишини бошлади

Абу-Даби Амирлигининг Ал-Васпа ҳудудида Шайх Зайднинг йиллик фестивали бошланди. Тадбир 2020 йилнинг 2 февралига қадар давом этади, деб хабар қилади “Дунё” ахборот агентлиги. 

Фестиваль экспозицияси амирликларнинг ўтмиши ва бугуни ҳақида ҳикоя қилувчи тарихий ёдгорликлар ва рамзий биноларни ўз ичига олади. Фестивалнинг кўлами 2018 йилда янада кенгайди. Эндиликда дунё мамлакатлари ушбу фестиваль доирасида ўз тарихи ва маданиятини намойиш этиш имкониятига эга бўлди. 

Сўнгги икки йилда мамлакатимиз ҳам халқаро тадбирнинг иштирокчиси сифатида унда ўзининг миллий павильонини намойиш қилмоқда. Жорий йилда ҳам мамлакатимиз дунёнинг 26 мамлакати қаторида ушбу йирик фестивалда иштирок этмоқда. 

Ўзбекистон экспозицияси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мамлакатимиз павильонида меҳмонлар учун шинамгина супа, ҳунармандлар дўконлари, ўзбек миллий ошхонаси ташкил этилган. Павильон лойиҳачилари мамлакатимиз стендларини меъморчилигимизнинг миллий услубида безатишган алоҳида аҳамият беришди.

905new.jpg

Кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги намуналари, турли матолар, қуритилган мевалар, санъат намояндаларининг ижодий чиқишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирмоқда.

Халқаро фестиваль қатнашчиларининг тантанали чиқишлари Ўзбекистон павильонидан бошланди. Унга бошчилик қилиш фахрий ҳуқуқи мамлакатимиз вакилларига топширилди. Турли мамлакатлар делегациялари Ўзбекистон байроғини баланд кўтарган вакилларимиз ортидан ажратилган майдон бўйлаб ҳаракатландилар. 

Ўзбекистон миллий павильони фестиваль давомида иштирокчилар учун очиқ бўлиб, ташриф буюрувчилар турли рақс ва мусиқий гуруҳларнинг чиқишлари, мамлакатимиз ҳудудларидан келган халқ усталарининг ижодий ишлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.

Мирсаид НИГМАТОВ, ёғоч ўймакори:

– Шайх Зайд фестивалида илк бор иштирок этяпман. Тадбирга юқори даражада ҳозирлик кўрилган. Ана шундай халқаро фестивалда мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси тақдим этилгани қувонарли ҳол. Фестивалда мамлакатимиз миллий ҳунармандчилик намуналарини намойиш этиш баробарида, бошқа давлатлар халқ-амалий санъати билан танишиш, тажриба алмашиш имконига эга бўлмоқдамиз. 

Таъкидлаш жоиз, бу ерда Ўзбекистонга қизиқиш жуда юқори, меҳмонлар мамлакатимиз, унинг тарихи, урф-одатлари билан яқиндан таниши истагини билдирмоқда. Фестиваль давомида иштирокчилар мамлакатимиз, унинг маданияти, миллий ошхонаси, халқ оғзаки ижоди, халқимизнинг меҳмондўстлиги ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлишига ишонаман. 

Бунёд ЮНУСОВ, риштонлик кулол:

– Бугунги кунда Риштон кулолчилиги буюмлари дунёнинг 244 мамлакатига экспорт қилинади. Фестивалда ҳам айнан Риштон кулолчилиги буюмлари билан иштирок этмоқдаман. Бирлашган Араб Амирликларида ҳам мамлакатимиз маданияти ҳақида билишади. Кўплаб меҳмонлар ҳам ўзбек халқининг бой тарихий-маданий меросидан баҳраманд бўлиш мақсадида айнан Ўзбекистон павильонига келмоқда.

Ясаган буюмларимиз бу ерда харидоргир. Бу ўз ижодимизни янада ривожлантириш, уни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга безавол етказишга ундайди. Ўз ҳаётини кулолчилик санъатига бағишлаган ёшларга катта рағбат бўлиб хизмат қилади.

Насер БАСЛИД, ишбилармон (Абу-Даби):

– Ўзбекистон павильони фестивалдаги энг ёрқин павильонлардан биридир. Бу сизнинг бой ва ўзига хос маданиятингиздан далолатдир. Биз Ўзбекистон экспозициясини мамнуният билан томоша қилдик, халқингизнинг меҳмондўстлигини ҳис этдик, ўзбек халқининг ажойиб урф-одатлари билан танишдик. Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк мутафаккирлар ватани ҳисобланган Ўзбекистон билан аввалдан танишман. Самарқанд, Бухоро, Хива сингари тарихий шаҳарлар ҳақида кўп эшитганман. Эндиликда Ўзбекистонни ўз кўзим билан кўриш иштиёқидаман. 

Жасур ҚОСИМОВ, мисгар (Бухоро):

– Ҳозирги кунда Ўзбекистонда халқ-амалий санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас албатта. Чунки бутун дунёда эътироф этиладиган ва юксак қадрланадиган бой меросга эгамиз. 

Тадбир давомида меҳмонлар ижод намуналаримизга катта қизиқиш билан қарамоқда. Меҳмонлар у ёки бу буюмнинг қандай мақсадда ишлатилиши, қайси ҳунармандчилик мактабга тааллуқли экани, ижодий ёндашувда қандай услублардан фойдаланаётганимиз ҳқида сўрашмоқда. Ўзбек павильонининг ҳамиша гавжум экани сайёҳларнинг мамлакатимизга бўлган эътиборидан дарак. 

photo_2019-12-02_19-35-39.jpg

Дилором МАМАТОВА, ватандош:

– Оиламиз билан Абу-Даби шаҳрида вақтинча истиқомат қилиб, меҳнат фаолиятимизни олиб бормоқдамиз. Фарзандларимиз ҳам шу ерда.

Бугун жонажон Ватанимиз Ўзбекистон муҳитини ҳис этиш, дошқозонларда тайёрланган ошдан тановул қилиш, ўзимизнинг севимли куй-қўшиқларимиздан баҳраманд бўлиш мақсадида бу ерга келдик.

Тадбирда ташкил этилган мамлакатимиз павильонида миллийлик руҳи ҳукмрон. Унда бўлган инсон борки ўзини она юртимиз Ўзбекистонда бўлгандек ҳис этади. Тадбир фарзандларимизда катта таассурот қолдирди, хорижлик меҳмонлар мамлакатимиз, маданиятимизга нечоғлик қизиқиш ва ҳайрат билан қараётганлари уларни қувонтирди. 

Наргиза ШЕРҲОЖИЕВА, каштадўз (Тошкент):

– Каштачилик момоларимиздан мерос ҳунар. Бетакрор ҳунар билан оилавий шуғулланишимиз боиси ҳам шундан. 12 ёшимдан буён бу санъатга меҳр қўйганман. 

Шу кунга қадар иштирок этган барча халқаро кўргазмаларда биринчи ва совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқдамиз. Бу амалий санъатимиз, маданиятимизга берилган юксак баҳодир.

Мазкур фестивалда турли сўзаналар, қўлда тикилган ипак кўрпалар, ипак, адрас, бахмал матолари, улардан тикилган либос ва аксессуарлар билан қатнашмоқдаман.

Ўзбекистон шонли тарихи ва бой меросга эга. Ушбу фестиваль доирасида асрлар оша тамаддунга бешик диёримиз ҳақида дунё яна бир бор маълумотга эга бўлишига ишонаман.

3 655
ЎзА