Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.09.2018 11:28 Чоп этиш версияси

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига юксак эҳтиром

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига юксак эҳтиром

Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда халқимизнинг тарихий ютуғи бўлмиш истиқлол шукуҳи барчамизнинг қалбларимизга мунавварлик бахш этмоқда.

c01c675f-7370-5d04-b7f0-38cbbf3812ea.jpg

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз эришган барча ютуқ ва марралар Ислом Каримов номи ва фаолияти билан боғлиқ. Биринчи Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигини қўлга киритишдан тортиб, унинг тараққиёти, жаҳонда ўз ўрни ва сўзига эга давлатга айланиши йўлида юксак фидойилик кўрсатиб меҳнат қилди. Унинг тенгсиз жасорати ва узоқни кўзлаб юритган доно сиёсати туфайли Ўзбекистон тарихан қисқа даврда изчил ривожланиш йўлини босиб ўтди, мамлакатимизни дунё таниди.

21e8c883-b88a-f14e-a593-a951b70ecea1.jpg

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, 2 сентябрь. Бу ерга Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, жамоатчилик вакиллари ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзандини хотирлаш учун йиғилган.

4f4f019b-a1c5-c610-4f61-16286b5ff0e9.jpg

Маҳзун мусиқа садолари остида давлатимиз байроғи ҳилпирайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мажмуага ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Буюк Йўлбошчимиз серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори халқимизнинг ўзининг буюк фарзандига чексиз ҳурмат ва садоқатининг амалий ифодаси бўлди. Қарорга мувофиқ, Биринчи Президентимиз номини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

У киши кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳи Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига айлантирилди, мамлакатимиздаги қатор нуфузли муассасалар, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Тошкент, Самарқанд, Қарши шаҳарларида буюк Йўлбошчимизнинг ҳайкали ўрнатилди.

Буюк давлат ва жамоат арбоби туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов хотирасига атаб мақбара мажмуа бунёд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йил январь ойида Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Ушбу қарорга биноан ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана – 30 январь кунини кенг нишонлаш, 2 сентябрь кунини Хотира куни сифатида ёд этиш белгиланди.

Ёдгорлик пойига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, жамоатчилик номидан ҳам гуллар қўйилди.

Матназар Элмуродов, ЎзА