ЎзА Ўзбек

11.10.2019 Чоп этиш версияси

БИРИНЧИ МАСАЛА: банклар ва банк фаолияти қонунчилик асослари янада такомиллашади

БИРИНЧИ МАСАЛА: банклар ва банк фаолияти қонунчилик асослари янада такомиллашади


Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида сенаторлар мамлакат ҳаётига дахлдор бир қатор муҳим масалаларни кўриб чиқилмоқда. 

Дастлаб сенаторлар “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.

Ҳужжат 12 боб ва 83 та моддадан иборат. Янги Қонунга кўра, банк фаолияти билан шуғулланиш учун банкларнинг устав капитали энг кам миқдори 100 млрд. сўм миқдорида белгиланган. Ҳужжатга мувофиқ банк тузиш учун дастлабки рухсатнома бериш, инвесторлар томонидан Марказий банк розилигисиз банклар акцияларини сотиб олиш тартиби такомиллаштирилмоқда. Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, банк ходимларининг одоб қоидаларига риоя қилишини таъминлаш бўйича чоралар ҳам кўзда тутилган.

Банклар ва банк фаолияти сифатида эътироф этиладиган операциялар мажмуи, молиявий операцияларга қўйиладиган талаблар янги таҳрирда, халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда тўлдирилган. Шунингдек, пул маблағларини омонатларга жалб этиш фаолияти билан шуғулланишга фақат банклар ваколатли эканлиги белгиланиб, банк омонатига ҳам таъриф берилган.

Банклар учун таъқиқланган ёки чекланган амалдаги фаолият йўналишлари халқаро амалиёт ҳамда банк ва унинг мижозлари манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилиб такомиллаштирилган.

Жумладан, банклар фаолиятининг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда мижозларга хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида, банкларнинг ўз мулкини ва қарз олувчилар томонидан гаровга қўйилган мол-мулкни сотиши мумкинлиги ҳам назарда тутилган.

“Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мақсади омонатчилар ҳамда банк хизматларидан бошқа фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда молия муассасаларининг барқарорлиги ва улар ўртасидаги соғлом рақобатни таъминлашдан иборат.

Шу мақсадда Қонун банк фаолиятига рухсат бериш шартлари, Ўзбекистон Республикасида ушбу фаолиятни амалга ошириш, шунингдек банкларни қайта ташкил этиш ва тугатиш борасидаги муносабатларни тартибга солади. Шунингдек, Қонун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг молия муассасаларини пруденциал назорат қилишда қўйиладиган талаблар, қўлланадиган восита ва тартиб-таомиллар борасидаги ваколатларини ҳам аниқ белгилайди.

Қонуннинг Сенат томонидан маъқулланиши банклар ва банк фаолияти қонунчилик асосларининг янада такомиллашувига, молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, банк тизими ва иқтисодиётнинг жадал ривожланишига хизмат қилади.

Сенаторлар қонунни маъқуллади.

1 856
Нурилло Насриев, ЎзА