ЎзА Ўзбек

17.10.2020 Чоп этиш версияси

Биринчи маротаба ўзбекистонлик олим халқаро илмий кенгашда диссертация ёқлади

Биринчи маротаба ўзбекистонлик олим халқаро илмий кенгашда диссертация ёқлади

Жорий йилнинг 16 октябрь куни Москва пўлат ва қотишмалар институти «МИСиС» (РФ)нинг Миллий тадқиқотчилик технологик университети Олмалиқ филиалида мамлакатимиз илм-фани тарихида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг 2019 йилдаги қарорига мувофиқ ташкиллаштирилган Халқаро илмий кенгашга Техника фанлари доктори (DSc) илмий даражасини бериш бўйича докторлик ҳимояси бўлиб ўтди.

Мазкур халқаро илмий кенгаш аъзолари 2018 йилда Халқаро тоғ-кон Конгресси доирасида таъсис этилган Евроосиё тоғ-кон фанлари академияси ҳамда металлургия иши бўйича дунёнинг 100 та энг етакчи илмий ва тадқиқот марказлари сирасига кирадиган Москва пўлат ва қотишмалар институти (МИСиС) вакиллари бўлмиш В. Мелник, В.Атрушкевич, В.Галкин, М. Рахутин, Л.Кантович сингари 12 нафар дунёга машҳур олимлардир.

Ҳимоя диссертант Н.А. Абдуазизовнинг «Тоғ-кон машиналари» ихтисослиги бўйича «Очиқ кон экскаваторларининг гидравлик тизимларини оптималлаштириш асосида уларнинг самарадорлигини ошириш услубларини ишлаб чиқиш» мавзусида бўлиб ўтди.

Бугунги кунда Москва пўлат ва қотишмалар институти (МИСиС) Миллий тадқиқотчилик технологик университетининг Олмалиқ филиалида «Геотехнология (очиқ, ерости ва қурилиш)», «Тоғ-кон машиналари», «Таълим-тарбия назарияси ва методикаси», «Маркшейдерия» ҳамда «Тоғ-кон ишлаб чиқаришида физик жараёнлар» каби ихтисосликлар бўйича илмий диссертацияларни ҳимоя қилиш имкони мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, Москва пўлат ва қотишмалар институти (МИСиС) Миллий тадқиқотчилик технологик университетининг Олмалиқ филиали Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда республикамиз саноати учун юқори малакали муҳандис-техник кадрларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган.

4 026
ЎзА