ЎзА Ўзбек

17.08.2018 20:16 Чоп этиш версияси

Бирдамликка чорловчи ҳамкорлик

Бирдамликка чорловчи ҳамкорлик Аввал хабар берилганидек, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Бу ташриф икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Президент Эмомали Раҳмоннинг мазкур ташрифи тафсилотлари ҳақида Ўзбекистон Миллий матбуот марказида журналистларга батафсил маълумот берилди.

Унда мутахассислар томонидан мазкур ташрифга оид маълумотлар берилиб, турли информацион роликлар, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги расмий учрашувдан жонли эфирлар намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти раҳбари Бахтиёр Мустафоев мазкур учрашувда бир қатор йўналишлар юзасидан имзоланган шартномаларнинг аҳамияти хусусида маълумот берди. Шунингдек, минтақадаги хавфсизлик, чегара, диний экстремизм, терроризм, наркобизнесга қарши курашиш масалалари ва сув манбаларидан умумий фойдаланишга оид мавзуларга тўхталиб ўтди.

Тадбирда мутахассислар томонидан мазкур тарихий ташриф Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиши, томонлар энг мураккаб масалаларни ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида, ҳар икки мамлакатнинг манфаатларини бирдек ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиши билан янада аҳамиятли бўлиши кутилаётгани таъкидланди.

– Ташриф доирасида бўлаётган тадбирларни юқори техник шароитда ёритиш имкониятимиз бор, – дейди “O'zbekiston-24” телеканали мухбири Гулчеҳра Мирзалиева. – Телевидение, радио ва интернет журналистларининг аксарияти ахборотни тўғридан-тўғри узатишмоқда. Журналистларни мазкур жараёнлар янада бирлаштиради, ҳамкорликда ишлашга чорлайди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
4 057