ЎзА Ўзбек

20.08.2018 19:15 Чоп этиш версияси

Бирдамлик ва меҳнатсеварлик барометри

Бирдамлик ва меҳнатсеварлик барометри Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига тайёргарлик кўриш ва Қурбон ҳайити байрамини муносиб нишонлаш мақсадида ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашарида барча ҳамюртларимиз фаол қатнашди.

Азалий қадриятларимизнинг ажралмас бўлаги ҳашарда – халқимизнинг аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги, саховати, юртига садоқати янада яққол намоён бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида жорий йил август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги, 18-19 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари куни, деб эълон қилинди.

Икки кун давомида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида умумхалқ хайрия ҳашари кўтаринки руҳда, уюшқоқлик билан ўтказилди.

9.jpg

Ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари давомида 45 минг гектардан ортиқ майдонлар ободонлаштирилди ва тозаланди, 57 минг тоннадан зиёд чиқиндилар чиқариб ташланди. 48 минг километрдан ортиқ узунликдаги ариқ ва лотоклар тозаланди. 9 мингга яқин қабристонлар, 800 га яқин зиёратгоҳлар ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди. 12 миллиондан ортиқ дарахтлар оқланиб, шакл берилди. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 17 мингга яқин техника воситаси жалб этилди.

13 (1).jpg

"Юрт ободлигига ўз ҳиссангни қўш!” шиори остида ўтказилган ҳашарда ҳамюртларимиз муносиб қатнашди. Жумладан, Экоҳаракат фаоллари ва талабалар 70 дан зиёд маданият ва истироҳат боғида 6 километр ариқларни тозалади, 4 мингдан зиёд дарахтларга шакл берди, 138 тонна чиқиндиларни чиқариб ташлади.

20.jpg

Ҳашар куни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатилди. 16 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. 22 мингга яқин эҳтиёжманд оилалар, жумладан, 14 мингдан ортиқ ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ёрдам кўрсатилди.

10.jpg

Ҳашар куни маҳаллаларда 236 ижтимоий, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа объектлари фойдаланишга топширилди.

Умумхалқ хайрия ҳашарида 16 миллион 440 мингдан ортиқ юртдошларимиз иштирок этди. Тадбирда халқимизнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги, аҳиллиги, меҳнатсеварлиги яна бир карра намоён бўлди.

Назокат Усмонова, ЎзА
4 353