Бирдамлик дунё мамлакатларига коронавирус инқирозининг салбий оқибатиларини енгишга ёрдам беради
У ўз чиқишида халқаро ҳамжамият олдида турган қатор глобал вазифалар, шунингдек Марказий Осиёга оид жараёнларга тўхталиб ўтди.
16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамкорлигида «Пандемиянинг Марказий Осиё мамлакатларига таъсири: дастлабки сабоқлар, корона инқирози ва ўзгариш истиқболлари» мавзуида ташкил этилган икки кунлик халқаро илмий-амалий видеоконференция бошланди.
Форум Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Бельгия, Малайзия, Туркия, Покистон, Озарбайжон ва бошқа давлатларининг етакчи экспертлари, парламентарийлари, илмий-тадқиқот марказлари раҳбарларини бир жойга тўплади.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акромжон Неъматов фавқулодда ҳолатларда кўп томонлама ҳамкорлик ва халқаро ташкилотларнинг роли ҳақидаги маъруза билан чиқиш қилди.
У ўз чиқишида халқаро ҳамжамият олдида турган қатор глобал вазифалар, шунингдек Марказий Осиёга оид жараёнларга тўхталиб ўтди.
Эксперт пандемия шароитида кенг халқаро ҳамкорликни тўхтатиб турган асосий муаммолар қаторида протекцион кайфиятнинг ўсиши, келишмовчиликлар, дунё мамлакатлари ўртасидаги рақобатнинг кучайиб боришини таъкидлади. А.Неъматовнинг фикрича, бундай тенденциялар бу каби чақириқларни ҳал қилиш ва дунё ҳамжамияти барча аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун ташкил этилган халқаро ташкилотлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Шу боис, мунозара қатнашчиларининг эътибори халқаро ташкилотларда конструктив мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва ишончни мустаҳкамлаш зарурлигига қаратилди. Экспертнинг фикрича, бу элементларсиз ягона ёндашувларни қуриш ва инсоният олдида турган чақириқ ва таҳдидларга мувофиқлаштирилган жавоб бериш имконсиздир.
«Глобал муаммолар глобал жавобларни талаб қилади» – деди Неъматов. «Дунё мамлакатлари фақатгина бирдамликни мустаҳкамлаш орқали кўп томонлама алоқаларни ривожлантиргандагина, коронавирус инқирозининг салбий оқибатларини енгиб ўтишлари мумкин».
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон - глобаллашув жараёнларини ривожлантириш ва тенг ҳуқуқли халқаро ҳамкорлик тарафдоридир.
Мамлакатимиз барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлида қулай ташқи шароитлар яратиш мақсадида халқаро алоқаларнинг барча субъектлари билан ўзаро манфаатли муносабатларни сақлаб туради.
Шу боис, минтақа ва бутун дунёдаги ҳамкор мамлакатлар билан сиёсий даражадаги ўзаро ҳамкорлик ва ишончни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг концептуал асосларини шакллантиришнинг ҳал қилувчи омилларига айланди.
Бундай ёндашув самарасида, мамлакатимиз ўзаро муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди, БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида конструктив фаолиятини кенгайтирди, энг муҳими, МО минтақасида туб ўзгаришларга эришди.
Республикамизнинг МО минтақасида тўпланиб қолган муаммоларни манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, изчил мулоқот ва келишувлар асосида тартибга солишга интилиши минтақада дўстлик, ишонч ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янгича муҳитини яратди.
Неъматовнинг сўзларига кўра, минтақадаги ўзаро муносабатларнинг бундай ўзгариши халқаро ҳамжамият томонида эътироф этилиб, қўллаб-қувватланмоқда.
Эксперт мисол тариқасида БМТ нинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази бошлиғи Натали Германнинг сўзларини келтириб ўтди: «Жиддий қийинчиликлар даврида Марказий Осиёда бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва ишни яхши йўлга қўйишлик намунаси ўрганишга ва тақлид қилишга лойиқдир ва у келажакда шу каби ва мураккаб вазиятларда барқарор жавоб қайтариш учун халқаро меъёрий ҳужжатлар билан мустаҳкамланиши керак».
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари чиқиши якунида Ўзбекистоннинг прагматизм, минтақавий якдилликни қўллаб-қувватлаш ва кескин масалаларни тезкор ҳал этишга йўналтирилган фаол ташқи сиёсати мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият саъй-ҳаркатларига қўшган муносиб ҳиссаси эканини қайд этди.
Конференция ўз ишини давом эттирмоқда, ялпи мажлислардан ташқари, секция муҳокамалари ўтказилиши ҳам кўзда тутилган. Уларда иштирокчилар кенг доирадаги масалалар, жумладан корона инқирозини енгиб ўтиш ва унинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш бўйича чораларни мувофиқлаштириш учун халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларига тўхталиб ўтадилар. Конференция якунлари Марказий Осиё ва Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар фаолиятидаги янги ролини англаш учун концептуал асосни шакллантиришга қаратилган.