ЎзА Ўзбек

04.07.2018 17:41 Чоп этиш версияси

Бир жамоа, бир мақсад, бир манзил

Бир жамоа, бир мақсад, бир манзил Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Жиззах вилояти кенгаши томонидан Бахмал туманида ташкил этилган лойиҳа шундай номланди.

Партиянинг бош ғояси – барқарор миллий ривожланишни таъминлашни тарғиб қилишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш учун Бахмал тумани танлангани бежиз эмас. Туман юртимиз тарихи, халқимизнинг ўзига хос урф-одат ва анъаналари билан боғлиқ номоддий маданий мерос объектлари, ноёб табиий ёдгорликларга бой ҳудудлардан бири саналади.

Ҳудуднинг бой тарихий ва табиий имкониятларидан ички туризмни ривожлантиришда самарали фойдаланишни тарғиб этувчи ушбу лойиҳа доирасида “Тарихдан садо бергувчи обод гўшалар” акцияси ўтказилди. Унда иштирокчилар тумандаги Новқа ота зиёратгоҳида бўлиб, унинг тарихи ҳақида батафсил маълумот олди. Зиёратгоҳ ҳудуди ободонлаштирилди, дарахтлар оқланди.

Новқа қишлоғида чавандозлар учун эгар ясайдиган қадимий ҳунармандчилик ривожланган. Лойиҳа доирасида юртимизнинг бошқа жойларида учрамайдиган ушбу ноёб ҳунармандлик анъанасини давом эттириш учун “Хизмат-беминнат” ўқув курси очилиши режалаштирилган. Яхши ниятнинг дастлабки қадами сифатида эгарчи уста Маҳмуд Жиянов қишлоқ ёшларидан тўрт нафарини ушбу касбга ўргатиш учун шогирдликка олди.

Тадбир доирасида “Баркамол авлод” болалар маркази, Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда амалий санъат ва ҳунармандлик йўналишидаги ижодий ишлари энг яхши деб топилган болалар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида ўтказилган миллий таомлар тайёрлаш мусобақаси, концерт дастури, миллий ўйинлар, қизиқарли викториналарда кўпчилик катта қизиқиш билан иштирок этди.

Беллашувларда ғолиб чиққанлар ва фаол иштирокчилар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Т.Бекназаров, ЎзА
6 370