ЎзА Ўзбек

02.08.2018 17:11 Чоп этиш версияси

Бир йилда бир олам ўзгариш

Президентимизнинг юртимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашиб, самимий мулоқот қилганига бир йил бўлди.

Мазкур учрашувдан сўнг давлатимиз раҳбарининг адабиёт, маънавият, маърифат, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ижодий ташкилотларнинг “дўстлари клублари” ташкил этилди. Уларга йирик корхона, банк ва компаниялар ҳомий сифатида бириктирилди.

Бир йил – тарих олдида ҳеч қанча муддат. Гўё кўз очиб-юмганчалик фурсатда ўтиб кетди. Лекин ана шу қисқа даврда юқорида саналган соҳаларда амалга оширилган ва бугун ҳам давом этаётган ишлар туфайли кўпчилик зиёлиларнинг ҳаётида янги саҳифа очилди. Йиллар давомида эътибордан четда қолган муаммоларга бирин-кетин ечим топилди. Қалам аҳлининг, маданият ходимларининг, санъат намояндаларининг меҳнати муносиб қадр топа бошлади.

– Учрашувда Президентимиз театрларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ижодий салоҳиятини юксалтириш, соҳа ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш юзасидан муҳим масалаларни ўртага ташлаб, кейинчалик бу вазифаларни тегишли ҳужжатларда қатъий вазифа сифатида белгилаб берди, – дейди Самарқанд вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Б.Шарофов. – Ана шу вазифалар қаторида Самарқанд вилоятидаги театрларда ҳам ходимлар ва томошабинлар учун муносиб шароит яратиш белгиланган эди. Хусусан, бир асрлик тарихга эга Самарқанд вилояти мусиқали драма театри биноси иситиш тизимини янгилаш мақсадида 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилиб, бу иш амалга оширилди. Давлатимиз томонидан берилган имтиёзлар асосида театрнинг 6 нафар ходими Самарқанд шаҳрида эҳтиёжманд оилалар учун қурилган кўп қаватли уйлардан икки ва уч хонали хонадонларга эга бўлди. Йил давомида тўртта янги асар саҳналаштирилиб, томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Энг муҳими, бу саҳна асарларини томоша қилиш учун вилоятимиздаги давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, корхона ва ташкилотлар раҳбар ва ходимларининг оила аъзолари билан театрга келиш анъанаси шаклланди.

Хорижий давлатлардаги театр жамоалари билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро танловларда қатнашиш учун яратилган кенг имкониятлар самарасида вилоят театри жорий йилнинг ўзида Туркия ва Қозоғистонда ижодий сафарда бўлди. Мустақиллик йилларида илк бор амалга оширилган ушбу сафарлар давомида вакилларимиз халқаро танловларда саҳна асарлари билан муваффақиятли иштирок этди.

– Президентимиз билан учрашувдан сўнг самарқандлик журналистлар, оммавий ахборот воситалари вакилларининг жамиятдаги воқеа-ҳодисалар, ислоҳотлар жараёнига муносабати ўзгарди, фаоллиги ошди, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ф.Тошев. – Бу давлатимиз раҳбарининг халқчил ва очиқ сиёсат юритиши, жамиятдаги иллат ва нуқсонларни очиб ташлаш, уларни бартараф этишдаги шижоати ҳамда ана шундай иш услубини журналистлар олдига ҳам қатъий вазифа қилиб қўйиши билан боғлиқ. Учрашувдан кейин вилоятимиздаги газеталар саҳифалари, телевидение ва радиода “Таҳлил, мулоҳаза, мунозара”, “Мулоҳаза учун мавзу”, “Журналист суриштируви”, “Бугуннинг гапи”, “Сўз – муштарийларга!”, “Менинг фикримча...”, “Аччиқ, аммо очиқ гап” каби янги рукнлар остида одамларни қийнаётган муаммолар, уларнинг фикр-мулоҳазалари, ҳаётий кечинмалари ва ечимини кутаётган масалалар аниқ фактлар орқали ёритиладиган бўлди. Туман, шаҳар газеталари интернетда ўз веб-сайтларини ташкил этди, ижтимоий тармоқларда саҳифаларини очди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг “дўстлари клуби” ҳамда “Илҳом” ижод фонди кўмагида таҳририятлар моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Жумладан, вилоятдаги бир қатор туман, шаҳар газеталари замонавий компьютер ва бошқа ахборот воситалари билан таъминланди. Жорий йил бошидан буён 10 нафардан ортиқ самарқандлик фахрий журналистга уюшма томонидан моддий ёрдам кўрсатилди. Шу пайтгача жамоатчилик асосида фаолият кўрсатиб келган Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлимлари ходимларига ойлик маош бериладиган бўлди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими фаолияти ҳамда вилоят ижодкорлари ҳаётида ҳам бир йил давомида кўп ўзгаришлар кузатилди. Уюшма вилоят бўлими масъул котиби Т.Тугаловнинг қайд этишича, Президентимиз қарори асосида бўлимга қўшимча штатлар берилди. “Дўстлар клублари” ёрдамида шоир ва ёзувчиларнинг юбилей ва ижодий кечалари ўтказилди. Самарқандлик 7 нафар ижодкор “Дўрмон ижод уйи”да дам олиб, янги асарлар яратди. Яқинда эса 5 нафар ёшлар уюшманинг “Зомин” семинарида қатнашиб, маҳоратини ошириб келди. Айни пайтда уларнинг асарлари “Биринчи китобим” туркумида давлат томонидан нашр этишга тавсия этилган. Бундан ташқари, уюшма вилоят бўлимининг биносини замон талаблари даражасида таъмирлаш, янги хизмат автомашинаси ажратиш бўйича ҳам чора-тадбирлар белгиланган.

Бирма-бир санайверсак ижодий уюшмалар, ташкилотларнинг бир йиллик фаолиятида бундай ўзгаришлар, янгиликлар жуда кўп. Шу билан бирга, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳам кам эмас. Айниқса, туман ва шаҳарлар газеталарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ёш ва замонавий фикрлайдиган кадрларга бўлган талабини қондириш, ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда истеъдодини рўёбга чиқаришга шароит яратиш, туман марказлари ва қишлоқларда китоб дўконлари, маданият масканлари ташкил этиш энг долзарб масалалардан бўлиб турибди. Бир йил давомида амалга оширилган ишлар салмоғига қараб айтиш мумкинки, яқин йилларда бу муаммоларнинг ижобий ечим топгани ҳақида ҳам ғурурланиб гапирамиз. Айни пайтда олиб борилаётган ишлар кўнгилда ана шундай ишонч уйғотади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
6 093