ЎзА Ўзбек

04.04.2020 Чоп этиш версияси

Бир сайёҳ Ўзбекистонга қанча фойда келтиради

Бир сайёҳ Ўзбекистонга қанча фойда келтиради

Дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга қўйган пандемия жаҳон бўйлаб иқтисодий инқирозни олиб келаётгани билан ҳам барча давлатларда хавотир уйғотмоқда.

Президентимиз кўзга кўринмас бу бало етаклаб келиши кутилган инқирозни ўз вақтида чуқур таҳлил қилиб, инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича зарур чораларни кўргани бу инфекциянинг бошқа кўплаб мамлакатлардагидек оғир келишининг олдини олишда муҳим ўрин тутмоқда. Коронавирус пандемияси бўйича аҳолига мурожаатлари жойларда ортиқча саросимага берилишларнинг олдини олиб, тезда бу офатни енгишга бўлган ишончимизни тобора ошираётир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони жаҳондаги барча миллат ва элат вакиллари таҳликали кунларни бошдан кечираётганида нафақат, иқтисодиёт тармоқларимиз ва тадбиркорлик субьектлари, балки аҳолини ўйлантираётган долзарб масалалар ечимини топишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди. Кенг қамровли бундай чоралар мамлакатимизда бирон хўжалик юритувчи субьект ёки ҳеч кимнинг ҳозирги оғир даврда давлат эътиборидан четда қолмаслигини кенг намоён этди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, жорий йил якунигача ун, ўсимлик ёғи, гўшт, сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари сингари 13 турдаги зарур озиқ-овқат ва 7 турдаги гигиена маҳсулотларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмаслиги белгилангани бунга яққол далилдир. Шунингдек, март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмасдан автоматик равишда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилиши, карантин тугагунча ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқароларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарларини бепул етказиб беришнинг йўлга қўйилаётгани ҳам Ватанимизда эҳтиёжмандларга кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг ёрқин ифодасидир.

Бугун дунё бўйлаб ёйилган пандемия жаҳон миқёсида туризм соҳасига катта зарар келтираётгани сир эмас. Бу инқироз бошқа давлатлар қатори бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаётир. Ҳозирги пайтда Сурхондарё вилоятида 48 меҳмонхона, ўттизга яқин туроператор сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатади. 68 оилавий меҳмон уйи мавжуд.

Пандемия сабабли улар ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган. Ушбу фармон билан шундай оғир вазиятда давлатимиз раҳбари туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектларга тегишли имтиёзлар берди. Улар йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилмоқда. Ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилаётир. Қўлланилаётган бу имтиёзлар туризм соҳасига хизмат кўрсатувчи тадбиркорларни рағбатлантириб, пандемия бартараф этилгач, уларнинг барқарор фаолият юритиши учун кўрилаётган зарур чоралардир.

Айни дамларда эса бугунги вазият барчамиздан кўзга кўринмас балонинг олдини олиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаган ҳолда карантин талабларига қатьий риоя этишни талаб этмоқда. Ишонинг, бу вазифани сабр-тоқат, интизом, босиқлик, масъулият ва аҳиллик билан амалга оширишни ўзимизга кундалик шиор қилиб олсак, албатта, пандемияни жиддий талофатларсиз тезда енгамиз.

Зафар НАМОЗОВ,
Туризмни ривожлантириш
давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти
ҳудудий бошқармаси бошлиғи

19 175
ЎзА