ЎзА Ўзбек

17.07.2018 18:05 Чоп этиш версияси

Бир неча йиллик сарсонликдан кейин тадбиркор талаби қондирилди

Бир неча йиллик сарсонликдан кейин тадбиркор талаби қондирилди
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида яшовчи Муҳаббат Нусратова ёшлигидан момомерос ҳунарлар – каштачилик, тикувчилик билан шуғулланиб келади. Вақт ўтиб фарзандлар улғайгач, қизлари, набираю келинлари ҳам унинг изидан борди. Яратилаётган қулай имкониятлардан фойдаланиб, қўли гул ҳунарманд фаолиятини оилавий тадбиркорликка айлантирди.

2000 йилда ташкил этилган "Фарҳод МН" оилавий корхонасида тикилган кашталар, ироқи дўппилар, сўзаналар кўплаб танловларда ғолиб бўлди. Ҳунарманд опа фаолиятини кенгайтириб матрас, кўрпа, чойшабларни ҳам тика бошлади. Буюртмалар кўпайиши билан иш ҳажми ва ишчилар сони ҳам ортди. Ҳовлининг торлиги мижозларга ҳам ноқулайлик туғдирарди. Шу боис, Муҳаббат опа махсус жой қидириш ташвишига тушди. 

3.jpg

– 2015 йил туман ҳокимлигига жой сўраб мурожаат қилдим, – дейди Муҳаббат Нусратова. – Туман ҳокими уйга келиб шароитни кўргач, илгари меҳмонхона бўлган ва кейинчалик қаровсиз ётган бинонинг бир қисмини таклиф қилди. У жойда ишлаш учун ҳеч қандай шароит йўқ эди. Бизга ажратилган бинони таъмирладик. 500 метр масофадан электр энергияси тортиб келтирдик, бинога ўтиш учун ариқ устига бетон плита ётқизиб, кўприк қилдик. Шу ерда 2018 йилгача ижара шартномаси асосида фаолиятимизни юритдик. 20 иш ўрни яратилди. Энди ишларимиз ривожлана бошлаганда профилактика инспекторларига уй қилиб берамиз, деб бинодан чиқиб кетишимизни айтишди. Табиийки, мен рози бўлмадим. Ахир, бу ерга озмунча харажат қилдик-ми? Шундан сўнг порталга ёздим. Мутасаддилар мурожаатимни ўрганиб чиқиб, қилган ишларимни кўриб, ўша бинонинг бир қисми сизга, девор билан айлантириб олинг, дейишди. Мен бунга ишондим. Яна харажат қилиб, девор кўтардим. Бу ишлар якунлангач, бироздан сўнг туман ички ишлар бўлими бошлиғи ва бошқалар келиб, бинонинг айнан мен обод қилган қисмини олишини айтишди. Қанча уринмай, фойдаси бўлмади. Иложим йўқ. Мулк давлатники эди. Бинони олишди. Куйиб қолавердим.

Ишдан қўлим совиди. Ҳамма нарсани бузиб, уйга олиб келдик. Ҳафсалам пир бўлган эди. Бошқа бу иш билан шуғулланмайман, ҳаммасини тўхтаман, дердим ўзимга ўзим. Лекин ишчиларим ва оила аъзоларим далда беришди. Ҳовли тўридаги оғилхонани таъмирлаб, ўша ерга ускуналаримизни жойлаштирдик. Буюртмалар кўп эди. Кўп қисмини ишчилар уйига олиб кетиб, тикиб кела бошлади. Иложсиз, ноқулай шароитда – оғилхонада ишни давом эттирдик ва ҳамон шундай ишлаяпмиз.

4.jpg

Албатта, бу орада мурожаат қилмаган жойим қолмади. Вилоят ҳокимигача бордим. Чунки бизга цех учун жой зарур эди. Шундай тўхтаб қололмасдим. Ҳар сафар "Бўлди опа, сизга жой ажратамиз", дейишади. Аммо ҳал бўлмайди. Яқинда, май ойида вилоят ҳокимлиги бошчилигида туманимизда кенгайтирилган сайёр қабул бўлди. Яна умид билан қатнашдим. Вилоят прокурори қабулига кирдим. Дардимни айтдим. Барча ҳужжатларимни тақдим қилдим. Бошида улар ишонишмади. Ишим билан танишгани гуруҳ юборди. Уйимга келиб, қандай шароитда ишлаётганимни, ҳатто ишчиларимнинг меҳнат дафтарчасигача кўришди. Шундан сўнг вилоят прокурори шу ернинг ўзида туманимиз марказига ёндош ҳудудда барпо этилаётган намунали массивдан 3 сотих ер ажратиш тўғрисида масъуллар билан биргаликда қарор чиқариб берди. Ўзимда йўқ хурсанд бўлдим.

У ерда цех учун бино қуриш мақсадида ҳужжатларни тайёрлай бошладим. Оғзим куйгани учун ҳали ҳам ишонмасдим. Айтганимдек, туман кадастр идораси "Ерни танлов асосида олишингиз лозим, бундай тартибда сизга ер ажрата олмаймиз", деб қайтарди. Туман архитектори эса хулоса чиқариб беришдан бош тортди. Қўлимда эса қарор. Ҳайратдан ёқа ушладим. Яна қайта вилоят прокурори ҳузурига бордим. Ниҳоят, қанча гап-сўзлардан кейин зўрға туман мутасаддилари ҳужжатларимга имзо қўйишди. Қурилишни бошлаб юбордик.

Энди кўнглимиз тўқ. Бугунми-эртами цех биносини битирамиз. Ҳарҳолда, у ер шахсий мулкимиз бўлади. Ўзимиз хоҳлагандай эркин фаолият юритамиз. Кейинги пайтларда ҳеч нарсага ишонмай қўйган эдим. Адолат бор экан. Мурожаатимиз ҳал бўлди. Бунинг учун биз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаётган, ишлашимиз учун барча шароиту имкониятларни яратиб бераётган Президентимиздан жуда миннатдормиз.

Дарҳақиқат, бугунги кунда “Фарҳод МН” оилавий корхонасида 12 киши доимий меҳнат қилмоқда. Чеварлар қўлида тикилган 24 турдаги харидоргир маҳсулотлар ички бозорга чиқарилмоқда. Аҳил жамоанинг келгусида мўлжаллаган истиқболли режа ва мақсадлари кўп. Цехнинг янги биноси қуриб битказилгач, фаолият янада кенгайтирилади. Қўшимча иш ўринлари яратилади. Маҳсулот тури кўпаяди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА
5 176